ЖУМА КУНИНИНГ ФАЗЛИ
HADIS va HAYOT﷽
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Эй, иймон келтирганлар! Қачон Жума куни намозга нидо қилинса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк этинглар. Агар билсангиз, ана шундоқ қилмоғингиз сиз учун яхшидир», деган. (Жума: 9)
Шарҳ: Ушбу ояти карима Жума намозининг фарзлигини баён қилувчи оятдир. Бунга Ислом умматидан ҳеч ким хилоф қилмайдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси Жума кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда у жаннатга киритилди. Унда у жаннатдан чиқарилди. Қиёмат куни ҳам фақатгина Жума куни қоим бўлур», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Абу Довуд қуйидагиларни зиёда қилган: «Унда унинг тавбаси қабул қилинди. Унда у вафот қилди. Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно», дейилган.
«Жума» сўзи, арабча сўз бўлиб жамлаш маъносини англатади. Чунки бу кунда мусулмонлар жамланиб, Жума намозини ўқийдилар. Аллоҳ таоло мусулмонлар учун айнан шу кунни ихтиёр қилганига бир неча сабаблар бор экан.
«Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси Жума кунидир».
Зотан, қуёш чиқмаса кундуз ҳам бўлмайди. Аммо бу оддий ҳақиқатни айтиш маънони таъкидлаш учундир. Энди, нима учун қуёш чиққан кунинг энг яхшиси Жума куни эканини ҳадиси шарифдаги баён қилинган нарсалар ёғдусида ўрганиб чиқайлик:
1. «Унда Одам халқ қилинди».
Инсониятнинг асли ҳисобланмиш, Одам алайҳиссаломни Аллоҳ таоло Жума куни яратган. Бу эса ушбу кун қанчалик фазилатли кун эканини билдиради.
Ушбу ҳодисани тез-тез эслаб туриш учун, Жума куни ҳафтанинг байрам кунига айлантирилган.
2. «Унда у жаннатга киритилган».
Аллоҳ Одам отани жаннатга киритган кун ҳам Жума куни. Демак, Одам алайҳиссалом жаннатдан ташқарида яратилганлар. У кишининг улуғлаб жаннатга киритилган кунларини, зурриётлари байрам қилишлари керак. Шунинг учун Жума куни, ҳафтанинг байрам куни қилингандир.
3. «Унда у жаннатдан чиқарилди».
Яъни, Жума кунида Одам алайҳиссалом жаннатдан чиқарилди. Бошқа бир ривоятда, ерга туширилди, дейилган.
Бу ҳам улуғ неъмат. Чунки Одам алайҳиссалом жаннатда гуноҳ қилиб ҳар қандай иқобга дучор бўлиш даражасига етган эди. Аллоҳ таоло эса у кишини мағфират қилиб, ерга Ўз халифаси қилиб туширди. Бу ҳам улкан неъматдир. Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг зурриётлари бу кунни ҳафтанинг байрам куни қилишлари лозимдир.
4. «Қиёмат куни ҳам фақатгина Жума куни қоим бўлур».
Ана ўшанда мўмин бандалар асосий мақсадларига эришадилар. Роббилари жамолига мушарраф бўлиб, жаннати неъматга дохил бўлурлар. Ана шундоқ буюк хурсандлик бўладиган бир кунни, бу дунёда ҳафтанинг байрам куни қилиб олиш жуда ҳам зарур.
5. «Унда унинг тавбаси қабул қилинди».
Яъни, Жума кунида Одам алайҳиссаломнинг тавбаси қабул қилинди. Тавбанинг қабул бўлиши улкан бахтдир. Тавба қабул қилинмаса, бадбахтлик бўлур эди. Иқобга қолинур эди. Шунинг учун ҳам, Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари бу кунни ҳафталик байрам куни, қилиб олишлари маъқулдир.
6. «Унда у вафот қилди».
Яъни, Жума кунида Одам алайҳиссалом вафот этдилар.
Имом ал-Ҳоким келтирган ривоятда:
«Ўлим мўминларнинг туҳфасидир», дейилган.
Чунки ўлим ила мўминлар бу дунё ташвишларидан қутулиб, охират неъматларига эришадилар. Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг болалари бу кунни ҳафталик байрам куни қилишлари керак.
7. «Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно».
Жума куни қиёмат қоим бўлиши ҳақида юқорида гапириб ўтдик.
Кейинги жумладан эса қиёмат Жума куни тонг отгандан то қуёш чиққунча бўлган муддатда қоим бўлишини билиб оламиз. Шунинг учун ҳар Жума куни ўша вақтни ҳамма жониворлар қиёмат қоим бўлиб қолармикан, деган қўрқинч ила ўтказар эканлар. Фақат одамлар ва жинлар ғафлат босиб, бу нарсани ҳис қилмас эканлар.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз (дунёда) охиргиларимиз, қиёмат куни олдингилармиз. Фақат уларга биздан олдин китоб берилган, холос. У бизга улардан кейин берилган. Сўнгра, ушбу кун (Жума), Аллоҳ уларга (ибодатини) фарз қилган кундир. Бас, улар унинг ҳақида ихтилоф қилдилар. Сўнгра Аллоҳ унга бизни ҳидоят қилди. Одамлар унда Бизга эргашувчидирлар. Яҳудийлар эртага, насоролар индингга», дедилар». Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Имом Муслимнинг ривоятида: «Биз (дунёда) охиргилар, қиёмат кунида олдингилармиз. Биз жаннатга биринчи кирувчилармиз», дейилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари устида туриб: «Ёки қавмлар жумаларни тарк қилишдан тўхтарлар. Ёки Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босур ва сўнгра ғофиллардан бўлурлар», дедилар». Муслим, Насаий ва Аҳмад ривоят қилган.
Абу Жаъд аз-Зомрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким писанд қилмай уч жумани тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига муҳр босгай», дедилар». Сунан эгалари ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир Жумани заруратсиз тарк этса, ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган китобга мунофиқ, деб ёзилур», дедилар». Шофеъий ривоят қилган.
Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятларида: «Ким бир Жумани узрсиз тарк қилса, бир динор садақа қилсин. Агар топмаса, ярим динор», дедилар».
Шарҳ: Ушбу икки ривоятда, узрсиз бир Жума намозини тарк қилиш қанчалик катта гуноҳ эканлиги алоҳида таъкид билан баён қилинмоқда.
Бир одамнинг номи, ҳеч ўчирилмайдиган ва алмаштирилмайдиган китобга мунофиқ, деб ёзиб қўйилиши унинг абадий мунофиқ бўлиб қолиши ҳақидаги хабардир. Узрсиз Жума намозини тарк қилган одам, бу гуноҳни ювиш учун топса бир, топмаса ярим динор садақа қилиши ҳам бу гуноҳ қанчалар оғир гуноҳ эканлигини кўрсатиб турибди. Аввало, оғир гуноҳларгагина садақа ила каффорот берилади. Қолаверса динор, тилло пул бўлиб, ўша вақтда катта маблағ ҳисобланган.
Манба: https://islom.uz/maqola/186