ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг мамлакатимизга ташрифи ўз якунига етди

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг мамлакатимизга ташрифи ўз якунига етди


Туберкулёзнинг олдини олиш ва уни тўлиқ даволаш мумкинлигига қарамасдан, бу хасталик ер юзида ҳар йили 1,6 миллион нафар одамнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш такшилотининг маълумотларига кўра, дунёда учрайдиган кўп турдаги дориларга ёки рифампицинга чидамли туберкулёз ҳолатларининг 24 фоизи ҳамда кенг турдаги дориларга чидамли бўлган туберкулёзнинг 47 фоизи Шарқий Европа ва Марказий Осиёга тўғри келмоқда.

Шу сабабдан ушбу минтақаларда ва умуман сайёрамизда силни йўқ қилиш жаҳон тиббиёт ҳамжамияти олдида турга асосий вазифалардан ҳисобланади. Бунинг учун мамлакатларда ички молиялаштириш ҳажмини кўпайтириш, стратегик ҳамкорлик ва мулоқот орқали туберкулёзни йўқ қилишга қаратилган минтақавий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш талаб этилади.  

Пойтахтимизда "БМТнинг сил касаллиги бўйича Олий даражадаги учрашуви бўйича мажбуриятларни бажариш: Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари иштирокидаги минтақавий мулоқот" мавзусида бўлиб ўтган халқаро анжуман ана шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге, ЖССТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Ашина Халакдина, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Польша, Молдова, Руминия, Тожикистон, Туркманистон, Украина каби давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари, шунингдек "STOP TB Ҳамкорлик" ташкилоти, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича глобал жамғарма, Жаҳон банки ҳамда Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирок этди.

Мазкур анжуманни ўтказиш учун айнан Ўзбекистон танлангани бежиз эмас, албатта.

Боиси, сўнгги пайтларда мамлакатимиз сил касаллигини олдини олиш, диагностика қилиш ва даволашда сезиларли натижаларга эришиб, туберкулёзни бартараф этиш борасида қатъий сиёсий иродани намоён этмоқда.

Иштирокчилар юртимизнинг мазкур йўналишдаги ютуқларини эътироф этиб, сил касаллигига қарши курашиш самарадорилигини ошириш учун амалга ошириш лозим бўлган чора-тадбирларни муҳокама қилди.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилиб, унда журналистларни қизиқтирган барча саволларга экспертлар томонидан батафсил жавоб берилди.

Шунингдек, анжуман доирасида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Ўзбекистоннинг гепатит В га қарши курашиш бўйича минтақавий мақсадли кўрсаткичларга эришганини тасдиқловчи сертификатни тантанали равишда топширди.

Таъкидлаш лозимки, Европа ва Марказий Осиё минтақаларида ушбу мақсадли кўрсаткичларга саноқли давлатларгина, аниқроғи, Беларусь, Грузия, Италия, Қирғизистон, Нидерландия, Молдова, Туркманистон ва Буюк Британия эришган.

Тадбир якунлангандан сўнг Ханс Клюге Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ҳамроҳлигида Учтепа туман тиббиёт бирлашмаси марказий кўп тармоқли поликлиникасига ташриф буюриб, мазкур муассаса мисолида миллий тиббиётимизнинг бирламчи бўғинида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар билан танишди.

Маълумки, юртимизда мақсадли скрининг ва манзилли патронаж амалиёти илк бор жорий қилинди. Соҳага давлат тиббий суғуртаси ва рақамлаштириш механизмлари кенг татбиқ этилмоқда. Бирламчи тизимда “электрон поликлиника” дастури асосида ортиқча қоғозбозликка чек қўйиляпти.

Қолаверса, бирламчи тиббий-санитария ёрдам муассасаларида кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати белгиланди. Аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш ва уларни профилактика қилиш мақсадида юртимиз бўйлаб тиббий хатлов ўтказилиб, фуқаролар саломатлик кўрсаткичлари бўйича тўрт гуруҳга ажратиб олинди.

Ханс Клюге юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган бундай ислоҳотларни юқори баҳолаб, фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатишда янги ёндашув ва моделларни жорий қилиш, хизматлар сифатини янада ошириш бўйича ЖССТнинг тегишли тавсияларини берди.

Ташриф чоғида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган талаба ёшлар билан ҳам учрашиб, улар билан дилдан суҳбатлашди.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда ўтказилган ушбу глобал аҳамиятга эга анжуман бош мақсад — 2050 га қадар туберкулёзни тўлиқ йўқ қўлиш йўлида манфаатдор томонларнинг саъй-ҳаркатларини бирлаштириш, бу стратегик вазифани амалга ошириш учун янги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

Report Page