ЖОЗИБАЛИ ЎЛИМ ШАРТНОМАСИ

ЖОЗИБАЛИ ЎЛИМ ШАРТНОМАСИ

Носиржон ЖЎРАЕВ

Оноре де Бальзак. “Муҳаббат тилсими (Сағри тери тилсими)”. “Extremum Press” нашриёти. 2010 йил.


“Тила тилагингни!” дегувчи чексиз ҳожатбарор персонажлар барча дунё халқлари оғзаки ва ёзма ижодида, хусусан, эртак ва ривоятларда истаганча топилади, уларнинг қиёфаси, шакл-шамойили ҳам турфа. Масалан, русларда тешик тоғорадан қутқариб кўшк-саройлар ваъда қиладиган тилла балиқ бўлса, арманларда тукдор сумбати ва якка кўзи билан ўта важоҳатли кўринадиган, бироқ ўзи кутилмаганда раҳмдил дев, араб халқларида кўзадан тутунлар билан вошиллаб чиқиб келувчи жин бўлса, бизда гоҳ турна ё лайлак, гоҳ чол ё кампир қиёфасидаги мўйсафидлар, учратиб қолганда бош бармоғини маҳкам ушлаб олиш кераклиги таъкидланадиган Ҳизр сиймосида келади бу талқинлар. Ушбу жодуларнинг халқ онгига жуда чуқур сингишининг боиси эса, одам зоти яралибдики, ҳамиша ўшанақа сеҳр-макрга ишқибоз эканидан, қандайдир ажиб мўъжиза содир бўлиб тез ва осон бойиш, кучли ва қудратли бўлиш истаги юрагида ловиллаб туришидан бўлса керак...

Аммо қизиғи шундаки, жодулар қай йўсинда, қай ҳолатда ва қачон одам боласига рўпара бўлмасин, албатта, бир шарти бўлади, тўлаш оғир бўлган товони бўлади, ўшани бажарган одамга ё толе кулади, ё заҳмат ёпишади.

Бальзак эса оддий бир парча ҳайвон терисини ана шундай сеҳр воситасига айлантириб, бутун бошли роман яратган сеҳргар адибдир. 

Физик жиҳатдан ўйлаб кўрса, иссиқда ёйилиб-юмшаб, совуқда тортишиб-тиришиб қолиш ҳолати ҳар қандай табиий терига хос хусусият. Бироқ ҳар тилак айтганда терининг қисқариб бориши ва инсон умри ҳам ўша терига мос равишда поёнлаб боришини ўзаро боғлаб фалсафа яратиш Бальзакни ёзувчи сифатида чўққига чиқарди.

Ғайритабиий чолнинг алмисоқдан қолган эмас, айнан шу алмисоқники бўлган эски дўконидан, лаш-лушлар ичидан ҳаётдан сиқилиб юрган бир шарқшунос йигитга таклиф этилган парча матоҳ – сағри тери бу дунёнинг рамзи-тимсоли эди. 

Бу асарни айни талабаликда – семестрларда имтиҳон топшириш пайтлари келганда ҳам, яхши кўрган қизимиз бизга ортиқча ноз-истиғно қилмай унаб қўя қолишини кутганимизда, хонадошлар йиғилиб битта буханкага мисқоллаб пул тўплаган кезларимизда – яъни ҳаётимизга сеҳрлар, мўъжизалар жуда зарур бўлиб турган бир чоғда ўқиганим учун, анави шарқшунос йигит ҳам ўзимизга ўхшаб юпунгина, рангпаргина, тушкунгина бўлгани учун, менга қизиқарли воқеалар йиғиндисидек, тахминан биздаги “Сариқ девни миниб” асаридек таассурот қолдирганди.

 Бироқ ёшим улғайган сари, бошимдан иссиқ-совуқ ўтгани сари, бу дунё ҳеч нарсасини шунчаки, эвазига бирон ўлпон талаб қилмасдан бермаслигини англаганим сайин Бальзакнинг, “Сағри тери”нинг тагдор фалсафасини тушуна бошладим.

Менинг шарқшунос Рафаэлдан нима камим бор? Қирққа киргунимча ҳаёт менга чексиз мукофотлар берди – уларнинг саноғи йўқ, Яратган эгам ёрлақаб не мартабаю не оромкурсиларга эришдим, тақдир сийлаб не орзуларим амалга ошди, илҳом кўнглимга бақамти келиб нелардир ёздим... Бироқ олаётган ҳар бир нафасим нимадир бой беришлар, йўқотишлар, ўрни тўлмас аччиқ тўловлар эвазига бўлаётганини тушунмайманми?! Ҳеч қачон чўкмайдиган тоғлардек кўринган ота-онам нураб бораётгани, ёшлигим ташлаб кетгани, қалбимдаги армонлар кузги боғлар хазонидек устма-уст тушгани, беғубор йилларда топган дўстларим манфаатлар бўронида камайиб ноёб бўлгани, азиз устозларимнинг бирма-бир ташлаб кетишгани – булар сағри теримнинг қанчалик тез қисқариб бораётганига исбот эмасми?

Бальзак даҳо эди, шу боис ҳам у фақат инсонгагина хос бўлган фикр ва шукр тушунчаларини бир парча тери устида жамлади, тилаклар ва имконлар, орзулар ва армонлар баҳсини бир бўлак матоҳ мисолида кўрсатди. Бечора йигит орзу қилишдан, тилак айтишдан ҳам қўрқиш мумкинлигини менинг, сиз ва бутун башариятнинг олдида яққол намойиш қилди.

Шукр, бизда таълимот бошқа, эътиқод бошқа. Бизда сағри терилар эмас, дуолар бор, ўзини шарт дарёга ташлаб ўлиб кетаверишдан аввал ота-онани, фарзандларни ўйлаш бор, бу катта неъмат. Бироқ Бальзак жамият оғриғини ўз вақтида англаб, ўз вақтида унинг юзига кўзгу тутди. Эътибор беринг, у билан теппа-тенг туғилган Пушкин (1799 йил) ҳам шу ишни қилди – эртак йўсинида бўлсин, “Олтин балиқ” билан фожиани кўрсатди. Улар – даҳолар инсониятнинг Ҳақ олдида ожиз эканлигини англатувчи хослардир.

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ

📖 Тафаккур журнали (2024)


Report Page