ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ ЎТГАН 7 ОЙИ ДАВОМИДА 3592 НАФАР ХОТИН-ҚИЗ ҲИМОЯ ОРДЕРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАНДИ

ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ ЎТГАН 7 ОЙИ ДАВОМИДА 3592 НАФАР ХОТИН-ҚИЗ ҲИМОЯ ОРДЕРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАНДИ


Азиз муштарийлар!

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ-561-сон Қонунининг “Асосий тушунчалар” деб номланган 3-моддасида ҳимоя ордерига шундай таъриф берилган:

“ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат”.

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур Қонун ижросини таъминлашга қаратилган 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3-сонли Қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, келтириб ўтилган қуйидаги ҳолатлар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади:

  • тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;
  • жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;
  • тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
  • давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.

Ҳимоя ордери 1 ой муддатга берилади. Шу муддат ичида низони ҳал этиш имкони бўлмаса ёки ўша ҳолат яна давом этадиган бўлса, мурожаатга асосан яна 1 ой муддатга узайтирилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида мамлакат бўйича жами 3 592 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари расмийлаштириб берилган. Бу рақамлар ҳудудлар кесимида қуйидагича манзара касб этади:

Кўриниб турибдики, энг кўп ҳимоя ордери берилган ҳолат Тошкент шаҳри (808 та), Қашқадарё (403 та) ва Тошкент (355 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Энг кам кўрсаткичлар эса, Сирдарё (110 та), Жиззах (116 та) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (119 та) қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳимоя ордери билан қуйидаги чекловлар ўрнатилади:

-тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;

-тарафлар ўртасида алоқани тақиқлаш (иш ва таълим муассасаларида билвосита алоқага йўл қўйилади);

-тарафларнинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш;

-зўравон шахс зиммасига мажбуриятлар юклаш (жабрланувчини даволаш, моддий ва маънавий зарарни қоплаш);

-зўравон шахснинг қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини чеклаш ёки тақиқлаш (хизмат қуролидан ташқари).

Шуни алоҳида эътироф этиш лозим, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларга нисбатан турли кўринишлардаги зўравонлик ва тазйиқларга қарши кураш бўйича қатор мутасадди идора ва ташкилотлар, нодавлат муаассалар ҳамкорлигида уюшқоқлик билан фаол саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Уларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.




Report Page