ЖОНТОҒА

ЖОНТОҒА



Ғалабанинг – 75 йиллиги

Қудратулла етти йиллик мактабдан сўнг шофёрлик курсини ҳам аъло баҳоларда тугатиб, севган касби билан шуғуллана бошлади. 1938 йил кириб келди. 19 яшар йигитни армия сафига чақирдилар. Уруш бошланиб, уч йиллик ҳарбий хизмат чўзилиб кетди. У жуда хушфеъл йигит бўлганидан, армияда ҳам кўпгина ёру дўстлар орттириб, қуролдош ўртоқлари ва командирларининг ҳурмат-эътиборини қозонди. Ҳар қандай ҳарбий масалани дадил ва тўғри ҳал қиладиган, фаҳму идроки тез Қудратуллани автоматлаштирилган взвод командирининг ўринбосари қилиб тайинлашди. Қудратулла илоҳий қудрат соҳиби эди. Ўқ бўронлари ёғилиб турган бир пайтда, олдинги сафда борар, взводни ҳужумга бошлар, душман додини бериб, ҳаммани ҳайратга солар эди.


Довюрак ўзбек йигитининг хизматлари муносиб тақдирланди. Унинг кўксини жанговор Шуҳрат, Қизил Юлдуз орденлари ва қатор медаллар безади. 1944 йил ноябрида бошидан ярадор бўлган Қудратулла туғилиб ўсган азиз шаҳри Каттақўрғонга қайтди ва яна шофёрлик қила бошлади. Маълум муддат савдо базасининг экспедитори бўлиб ишлади. Сўнг Самарқанд электр тармоқлари Каттақўрғон участкаси автотранспорт хизмати бошлиғи вазифасини бажарди ва транспорт хизматини яхшилашдаги катта хизматлари учун фахрий ёрлиқлар билан мукофотланди.

Уни  Каттақўрғонда кўпчилик исми, фамилияси билан эмас, балки Жонтоға деб атар эди. Бунинг сабаблари бор. Ширинсўз Қудратулла одамларни жуда севар, ҳурмат қилар, таниш-нотаниш барча ўзидан каттани - Қори Муҳаммад-Расул, Худойберди, Мулла Нажимдек фозил қарияларни ҳам, шаҳар боғини яшнатаётган кекса боғбонни ҳам, бозорга сабзи пиёз олиб келган бобо деҳқонни ҳам «Жонтоға» деб атар ва ҳаммани ўзига ром қилар эди. Аста-секин таниш-билишлари унинг ўзини ҳам Жонтоға деб атайдиган бўлишди ва таклифномаларда «Жонтоға, тўйимизга рафиқангиз билан лутфан марҳамат қилишингизни сўраймиз» деб ёзадиган бўлдилар.

1990 йил, қарийб 40 йиллик изланишдан сўнг, учинчи жанговор «Шуҳрат» ордени ўз эгасини қидириб, унинг уйига келди. Орденни эса Қудратулла эмас, унинг қизи Дилбар Жалилова қабул қилиб олди. Зеро, орден соҳиби икки йил олдин дунёдан ўтган эди-да, ахир!

Мана, орадан йиллар ўтди. Яқин-яқинларгача орамизда, давраларда, уйимиз тўрида иззат-икромда бўлган уруш фахрийлари ҳам сийраклашишди. Эли, юрти учун кўксини қалқон қилиб жанг қилган довюрак Қудратулла ва Қудратуллага ўхшаганлар бугун жуда камчилик. Жонтоға ҳаёт бўлганида, бу йил унинг 100 йиллик тўйини биргаликда нишонлаган булармидик?! Орамизда Қудратулла ака бўлмаса-да, унинг пок руҳи ҳамиша тирик, биз уни доимо эслаймиз ва субҳу шом дуода ёд этамиз. Фашизм устидан қозонилган-ғалабада, халқимизни унинг асоратидан озод қилишда Қаҳрамон унвонига тенг-уч жанговор Шуҳрат ордени соҳиби Қудратулла Жалиловнинг ҳам муносиб ҳиссаси борда, ахир!

Абдуазиз ҲОШИМОВ.


Report Page