ЖОНДОР ТУМАН ҲОКИМИ САНЪАТИЛЛО ҲИКМАТОВНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

ЖОНДОР ТУМАН ҲОКИМИ САНЪАТИЛЛО ҲИКМАТОВНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ


Азиз тумандошлар!

Бетакрор диёримизга янги – 2023 йил кириб келмоқда.

Сиз, муҳтарам отахон ва онахонлар, меҳрибон опа-сингилларимиз, навқирон ёшларимиз ҳамда бутун Жондор халқини янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман.

Поёнига етаётган 2022 йилда юртимиз ҳаётида яхши кунлар, улкан ютуқ ва марралар кўп бўлди.

Ўтаётган йилни деҳқон ва фермерларимиз, ишчи ва қурувчилар, ўқитувчи ва шифокорлар, ҳарбийларимиз, олимлар, ижодкор зиёлилар – барча касб эгалари ўз соҳалари бўйича ёруғ юз билан якунладилар.

Бир сўз билан айтганда, ўтиб бораётган йилдан рози бўлиб, ҳар қанча шукрона айтсак арзийди.

Қадрли Жондорликлар!

Биз кириб келаётган 2023 йилда дастурий вазифаларни амалга оширишда барчамизнинг, аввало, раҳбар ва етакчиларнинг бир жону бир тан бўлиб, астойдил меҳнат қилишлари зарур.

Туманимизни барча соҳаларда илғорлар сафида бўлиши асосий вазифамиз бўлиб қолади.

Ушбу мақсадни амалга оширишда авваламбор, туманимизнинг меҳнатсевар ва олийжаноб халқи ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлаб, кўзланган марралар сари собитқадамлик билан ҳаракат қилиши даркор.

Ҳурматли тумандошлар!

Мана шу қувончли дамларда барчангизни Янги йил байрами билан самимий муборакбод этаман.

Юртимиздаги ҳар бир оилага тинчлик-хотиржамлик, бахт ва омад ҳамда фаровонлик тилайман.

Янги – 2023 йилнинг қадами жонажон Ватанимизга қутлуғ ва баракали келсин!

Янги йил барчамизга муборак бўлсин!




Report Page