ЖОМБОЙДАН ЖОЙ ОЛГАН АВЛИЁ

ЖОМБОЙДАН ЖОЙ ОЛГАН АВЛИЁ


Самарқанд заминида не-не буюк алломалар, мутафаккирлар, фозилу шоирлар хоки қўним топган. Уларнинг мақбаралари, қадамжолари бугунги кунда файзли зиёратгоҳларга айлангани барчамизга яхши маълум.

Бундай муқаддас қадамжоларни нафақат Самарқанд шаҳрида, балки вилоятнинг барча туманларида учратиш мумкин. Ана шундай тарихий обидалардан бири Жомбой туманидаги Шайх Худойдоди валий мақбараларидир.

Тумандаги Ғазира қишлоғида мамлакатимиздаги энг катта қабристонлардан бири жойлашган. Ана шу қабристон, унга туташ мақбара ва масжид – барчаси буюк ватандошимиз, мутасаввиф, Яссавия тариқатининг атоқли вакили, шоир Шайх Худойдоди Валий номи билан аталади.

Шайх Худойдоди Валий мажмуаси туманнинг энг файзли гўшаларидан бирига айланган. 2011 йилда эса ҳазрат таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан дарвоза ва бинолар, маънавият маркази барпо этилган. Хонақоҳ ўрнида гумбазли баланд мақбара қурилган. Дарвозахона кенгайтирилган, кўча томонда ғиштин девор қурилган.

Мажмуа дарвозахонасидан бошланган рангин йўлак турфа гулларга, ям-яшил майсаларга бурканган ҳовли саҳни оралаб, мақбара томон олиб боради. Бир томони қишлоқ қабристонига туташган мақбарада эса, Шайх Худойдоди Валий ҳазратлари ва ул зотнинг яқинлари дафн қилинган.

 Манбаларга кўра, ул зотнинг оталари Хоразм фарзанди, оналари Бухорода туғилган. Ўзлари эса ҳозирги Навоий вилояти ҳудудида – Карманада таваллуд топганлар. Илм талабида, Яссавия тариқатини ёйиш мақсадида юртимизнинг турли ҳудудларини кезиб чиққанлар ва Самарқанд тупроғида мангу қўним топганлар.

Шайх Олим Азизоннинг «Ламаҳот мин нафаҳотул қудс», Абу Тоҳирхожанинг «Самария», Муҳаммад Шариф ал-Ҳусайнийнинг «Ҳужжат уз-зокирин», Роқим Самарқандийнинг «Тарихи касира», Мавлоно Саиднинг «Маноқиби Худойдоди Вали» каби нодир манбаларда бу ҳақиқатнинг тасдиғи бор. 

Шайх Худойдоди Валий, Ҳазрати Азизон номлари билан шуҳрат қозонган бу улуғ зот – Шайх Худойберди ибн Ортиқ шайх 1461 йилда туғилганлар. Тақдир тақозоси билан ота-оналаридан эрта ажралиб, етимликда улғайганлар. Кейин Самарқандга келиб, Улуғбек, Жавзония, Бухородаги Мулла Муҳаммад мадрасаларида таълим олганлар. Ҳиротга бориб, Ҳазрати Шайх Жалолиддин Азизондан сабоқ оладилар. Айтишларича, устозлари “Сизни менга Худо етказди, энди исмингиз ҳам Худойдод бўлсин” деб шу ном билан атаган эканлар.

Абдурауф Фитрат «Яссавий мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар» мақоласида Худойдоди Валини Сулаймон Боқирғоний, Иқоний, Машраб, Қул Шароф, каби тасаввуф шоирлари рўйхатига бежиз киритмаган. Чунки бу зот валий, пири комил ва ҳассос шоир ҳам бўлганлар. У кишининг эски ўзбек тилида битган дилбар ғазаллари мумтоз адабиётимиз хазинасидан ўрин олган.

Менга бу танда жон, сенсиз керакмас.

Ҳаёти жовидон, сенсиз керакмас!

На қилсун ошиқинг ишқингдин ўзга,

Нечаким бўлса жон, сенсиз керакмас!

Шайх Худойдоди Вали - Яссавия тариқатининг ўн биринчи ҳалқаси ҳисобланадилар. Бу зот турли манбаларда, ўз издошлари, муҳиблари томонидан тариқат султони, ҳақиқат бурҳони, орифлар қутби, улуғлар қавси, обидлар қаймоғи, комиллар пешвоси, шариат ва ҳақиқат жамловчиси сифатлари билан улуғланади. Ҳазрати Азизон эллик нафар комил муршидларни тарбия этганлар.

Тарихий манбаларга кўра, Бобур Мирзо, Шайбонийхон, Жонибек Султон, Убайдуллахон сингари ҳукмдорлар Шайх Худойдоди Валийни ўзларига пир билиб, маслаҳатларига амал қилганлар. Нақшбадния ва Кубровия тариқатининг ўша даврдаги етакчилари Махдуми Аъзам Даҳбедий ва Махдум Хоразмий билан дўстона муносабатда бўлганлар.

Ривоят қилишларича, Нақшбандия тариқати намояндаси Маҳдуми Аъзам Даҳбедий ҳазратлари кексайиб қолган чоғларида Тошкент тарафларга ўтаётганида от-араваси, туяларини шу масканда – Шайх Худойдоди Валининг уйларида тўхтаб, дам олар эканлар. Бирлари тўқсонда, бирлари эса қирқ ёшларда бўлган иккала мутасаввиф илм-у урфон, имон-эътиқод мавзусида тонггача суҳбат қуришар, Ҳазрати Азизон Маҳдуми Аъзамни кунчиқар маҳали кузатиб қўяр эканлар.

Ҳазрати Азизоннинг кароматлари ҳақида ҳам жуда кўп ривоятлар бизгача етиб келган. Ул зотнинг муридларидан бири Ҳазрати Ошубий бир кун устоз билан шу мавзуда суҳбатлаша туриб:

-Устозингиз Шайх Жамолиддин кўп кароматлар содир бўлган экан, нега сиздан бирор каромат кўринмайди, - деб сўраб қоладилар.

-Сен ўз уйингдан ҳаром луқма еб, олдимга келасану, яна мендан каромат талаб қиласанми? – дейдилар Ҳазрати Азизон босиқлик билан.

Шогирдлари шу заҳоти бошини эгиб, устоз ҳузуридан чиқиб кетади. Маълум бўлишича, бир куни аввал шогирд ўз хотинидан нон пишириб беришни сўраган экан. Шу аснода уйда ўтин тугаган экан. Аёл нима қилишни билмай, қўшни ҳовлисида турган бир боғ тиканни сўроқсиз олиб келиб, тандирга қалаган, нон пишириб дастурхонга қўйган экан.

Эртаси куни бу ҳақиқатнинг тагига етган шогирд, ўз айбини ювиш учун ўғли билан битта қўчқорни етаклаб, шайх ҳузурларига келади. Кечаги одобсизлиги учун узр сўраб тавба қилади ва туҳфасини топширмоқчи бўлади. Шунда ул зот табассум билан:

-Каромат қилсак, туҳфа, қилмасак, маломат экан-да, - деган эканлар.

Ул зот турли манбаларда ўта мулойим, камтарин, хокисор, фақиртабиат инсон сифатида тавсиф этилганлар. Шайх Худойдоди валийнинг бой маънавий мероси ҳам асрлар оша инсониятни эзгуликка, покликка, бағрикенглик ва дўстликка ундаб келмоқда. 


Report Page