ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА БАРЧА МАСЪУЛ

ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА БАРЧА МАСЪУЛ


Фарғона ва Марғилон шаҳарларида ИИВ ҳамда Фарғона вилояти ИИБнинг масъул ходимлари, прокуратура ва бошқа тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирокида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган муҳокама йиғилишлари ўтказилди.

Тадбирларда пробация ҳисобида турувчи шахслар, жиноят содир қилишга мойиллар рўйхатига киритилган фуқаролар, вояга етмаганлар, шунингдек, ҳар икки шаҳардаги жиноят ва ҳуқуқбузарлик кўрсаткичи ошиб кетган маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда жиноятчиликнинг олдини олишда энг самарали усул профилактика эканилиги алоҳида таъкидланиб, бу борада маҳаллалар кесимида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида содир этилган жиноятлар таҳлил қилиниб, ошиб кетган жиноят турлари ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, бугун жамиятимизда кўп учраётган фирибгарлик жинояти ҳақида сўз юритилиб, бу турдаги жиноятларнинг содир бўлишига кўп ҳолларда фуқароларнинг ўзи сабабчи бўлаётгани қайд этилди. Айрим фуқаролар соддалик ва ишонувчанлик қилиб, устамон шахсларга ўз маблағи ва мол-мулкини топшириб қўяётгани, бу эса фирибгарларга қўл келаётгани куюнчаклик билан таъкидланди. Алданиб қолмаслик учун ҳар қандай ишни, олди-сотди масалаларини фақат қонун йўли билан амалга ошириш кераклиги тушунтирилди.

Тадбирда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни манзилли ташкиллаштириш, уларнинг содир этилиш сабаблари ва имкон бераётган шарт-шароитларини аниқлаш, бартараф этиш бўйича профилактик ишлар самарадорлигини янада жонлантириш лозимлиги айтиб ўтилди. Лоқайдликка берилмаслик, қўни-қўшнилар ва маҳалла-кўй орасида юз бераётган воқеаларга бефарқ қараб турмаслик зарур, дея таъкидланди.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар вилоятнинг бошқа шаҳар-туманларида ҳам давом этмоқда.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Postda” мухбири.

Фарғона вилояти.


Report Page