“ЖИГАРИМНИНГ ЖИГАРИ МЕНГА ЯНГИ ҲАЁТ БЕРДИ...” Шифокорларимиз мураккаб жигар трансплантацияси амалиётини муваффақиятли ўтказди
ССВ Матбуот хизмати
Жигар инсон танасидаги қон ишлаб чиқарувчи, уни тозаловчи энг муҳим органлардан бири. Шу боис ҳам, ушбу тана аъзоси билан боғлиқ жигар циррози, яъни жигарнинг емирилиши хасталиги дунё тиббиётида оғриқли муаммолардан бири сифатида кўрилади.
Энг ёмони, бу хасталик Ўзбекистонинг минтақавий патологияси, ҳудудимизда кўп учрайдиган касалликлар турига киради. Ушбу хасталикнинг энг мақбул даво чораси эса аъзо кўчириб ўтказиш, жигар трансплантацияси ҳисобланади.
Аммо жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиётининг энг мураккаб турларидан биридир. У тиббиёти тараққий этган давлатларда ҳам оғир, узоқ муддатли жараён бўлганлиги учун ҳам ноёб ва қиммат операциялардан ҳисобланади. Илгари юртимизда жигар циррозидан жабр чекувчи беморлар катта маблағ сарфлаб, хорижда даволаниб қайтишарди. Ё бўлмаса, консерватив даволаниш усулларидан фойдаланиларди.
Мамлакатимизда 2017 йилдан кўпгина ривожланган мамлакатлар қатори бемор танасига аъзо кўчириб ўтказиш, хусусан, жигар трансплантациясини амалга оширишга рухсат берилди. Бу эса, албатта, ушбу касалликдан азоб чекаётган беморларда тузалиб кетишга қайта умид уйғотди. 2018 йилда эса мамлакатимизда ушбу мураккаб жарроҳлик амалиёти илк марта муваффақиятли бажарилди.
Ўтган қисқа муддат давомида юртимизда 400 дан ортиқ буйрак, 10 га яқин жигар трансплантацияси муваффақиятли бажарилди. Ушбу кўрсаткич ҳам жарроҳлик амалиётининг нақадар мураккаб эканлигини билдиради. Яқинда бир гуруҳ ўзбекистонлик мутахассислар Россия Федерациясидаги академик В.И. Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт илмий-тадқиқот марказида жигар трансплантациясини ўтказиш бўйича малака ошириб қайтишди.
— Мамлакатимизда трансплантация амалиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида бир гуруҳ ҳамкасбларимиз билан бирга Россияда малака ошириб қайтдик, — дейди тиббиёт фанлари доктори Мақсуджон НИШОНОВ. — У ерда орттирган тажрибамиз келгусида буйрак, жигар трансплантацияларини ўтказиш амалиётини бажаришимизда қўл келади. Шунингдек, босқичма-босқич бундай мураккаб жарроҳлик амалиётларини нафақат пойтахтимиздаги ихтисосслаштирилган тиббиёт марказлари, балки ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам амалга оширишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Юқоридаги амалий тажриба ушбу мақсад йўлидаги муҳим қадамлардан бири, десак адашмаган бўламиз. Айни пайтда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда мамлакатимиздаги жарроҳлик амалиётларида қатнашиш мақсадида академик В.И. Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт илмий-тадқиқот марказининг бир гуруҳ мутахассислари юртимизда бўлиб турибди. Улар билан биргаликда бир қатор жарроҳлик амалиётларини ўтказишни мақсад қилганмиз.

Бугун Ўзбекистон ва Россия шифокорлари иштирокида жигар трансплантация операциясининг биринчиси муваффақиятли ўтказилди. Опрециядан чиққан Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Шодлик” маҳалласида истиқомат қилувчи, кўп йиллардан бери жигар циррози касаллигидан жабр кўрган Элмурод Зокировнинг аҳволи яхши. Жарроҳлик амалиёти олдидан Элмурод ака ўзининг ҳис-ҳаяжонлари ва фикрларини ССВ Матбуот хизмати билан ўртоқлашган эди.
— Узоқ йиллардан жигар хасталигидан азият чекиб келаётган эдим. Албатта, жигар трансплантацияси оғир жарроҳлик амалиёти бўлгани сабабли озгина қўрқув, ҳаёжон йўқ эмас, — дейди Элмурод ака. — Аммо шифокорларнинг тавсиялари, тушунтириши, руҳан далдаси ушбу ҳаяжонни енгишимга куч бағишламоқда. Бу каби операцияни ўтказишга аввал имкониятимиз етмаган эди. Сабаби, бундай мураккаб амалиётлар фақат хорижда катта маблағ эвазига қилинишини айтишган. Минг шукр, ўзимизнинг дўхтирларга ҳам шундай имконият яратиб берилаётгани биз каби беморларнинг мушкулини осон бўлишига сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда жарроҳлик амалиётини бажарувчи ва мени операцияга тайёрлаган марказ шифокорларига чексиз миннатдорлик билдираман. Мен учун ҳаётини таҳликага қўйиб, донор бўлаётган жон жигарим, Дилмурод акамдан бир умр қарздорман. Насиб қилса, жигаримнинг жигари менга янги ҳаёт беради. Шундай шароитлар яратиб бергани учун давлатимиз раҳбарига катта раҳмат айтаман.
Маълумот учун, эртага Фарғона вилояти Бағдод туманида яшовчи Ҳабибулла Мақсудовда ҳам худди шундай жигар трансплантация операцияси ўтказиши режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
▶️@ssvuz
▶️@ssvmatbuotkotibi