ЖАҲОН БАНКИ ЭКСПЕРТИ САМВМИДА

ЖАҲОН БАНКИ ЭКСПЕРТИ САМВМИДА


Айни кунда мамлакатимизда Жаҳон Банки экспертлари меҳмон бўлиб турибди. Жорий йилнинг 22 ноябрида бошланган мазкур миссия қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича Банк молиявий кўмаги билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш, мамлакат иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришлар, ресурслардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш билан биргаликда, янги стартап лойиҳалар учун имконият ва ғояларни биргаликда жорий этишни мақсад қилган. Жаҳон Банкининг қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича Бош иқтисодчиси, лойиҳа раҳбари Теклу Тесфае бошчилигидаги миссия бугун Самарқанд Ветеринария медицинаси институтига ташриф буюрди ва институт ректори, профессор Худайназар Юнусов ва бошқа мутасаддилар, шунингдек, профессор - ўқитувчилар билан мулоқотда бўлди. Ҳорижлик мутахассисга Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ҳамроҳлик қилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, Жаҳон банки Ўзбекистон билан иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини ислоҳ қилиш жараёнида яқин ва самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Мазкур ташриф давомида халқаро эксперт мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, жумладан водий вилоятлари ва Қашқадарё воҳасида олиб борилаётган ишлар, лойиҳа доирасида ташкил этилган фермер ҳўжаликлари фаолияти билан яқиндан танишган ва юртимиздаги макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишни ижобий баҳолаган. Эксперт Жаҳон Банкининг Ветеринария соҳаси бўйича илмий тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари ўртасида келгуси - 2022 йилдан амалиётга жорий этилиши кутилаётган янги лойиҳаси хусусида гапириб берди. Лойиҳа мақсади ва йўналишлари ҳақида тўҳталиб,  қиймати 50. млн. долларни ташкил этадиган бу иш ОТМлари учун жуда самарали бўлишини таъкидлади.

Мазкур лойиҳа давлат илмий-тадқиқот институтлари (ИТИ) ва олий таълим муассасаларига (ОТМ) халқаро даражадаги тадқиқотларни олиб боришга кўмак беради. Шунингдек, уларнинг иш натижаларини тижоратлаштиришга имкон яратади. ИТИ ва ОТМ илмий ходимлари илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишланмалари, жумладан, халқаро тадқиқотчилар ва хусусий сектор иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштирадиган грантлар дастурларидир. 

Шунингдек, учрашув давомида таълим маскани мутасаддилари томонидан СамВМИ қошидаги ўқув тажриба хўжалиги таркибида қорамолчиликка ихтисослашган фермер ҳўжалигини ташкил этиш ва иккинчи лойиҳа - эмбрион кўчириб ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди. Ҳисоб китобларга кўра, мазкур лойиҳалар учун умумий қийматда 14 млрд.сўм талаб этилади. 

Мулоқот давомида асли мутахассислиги иқтисодчи бўлган Теклу Тесфае иқтисод йўналиши бўйича СамВМИ Талабалари учун онлайн маъруза дарсларини ўтишга тайёр эканини ва шунингдек, институтда ташкил этиладиган халқаро конференцияларда иштирок этишга таклиф билдирилса, ҳурсанд бўлишини таъкидлаб ўтди. 

Миссия мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.

СамВМИ Ахборот хизмати

Report Page