ЖАСОРАТИ МАНГУЛИККА ДАХЛДОРЛАР
Айни вақтда Бўстонлиқ туманида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг 4 нафари умргузаронлик қилмоқда.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушининг 77 йиллиги муносабати билан уруш ва фронт орти меҳнаткашларини вилоят сектор раҳбарлари, туман ҳокими, мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокида йўқлашди.
Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган нанайлик Абдураҳим ота Зиятов, қоранқуллик Мирҳолиқ ота Исманов, чимбойлиқлик Хаймамат ота Гадаев ҳамда хумсонлик Мирсалик ота Эргашовлар хонадонида бўлишди.
Туман ҳокими Президентимизнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ҳамда пул мукофотлари, қимматбаҳо совғаларини топширди.
Шундан сўнг Ж.Ахмедов фахрийларимизнинг жанг майдонида кўрсатган жасорат ва қаҳрамонликлари ҳеч қачон унутилмаслигини таъкидлади.
Шунингдек, фахрийлар хонадони туман маданият бўлими бадиий жамоаларининг чиқишлари билан шодиёнага тўлди.
Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати