ЖАҲОНГАШТА “НАСТАРИН”

ЖАҲОНГАШТА “НАСТАРИН”

Ёшлар кундалиги


 

БАҲОР ЭДИ ЎШАНДА

 

1989 йил, баҳор. Ўзбекистон телевидениесида Лариса Иноземцева муҳаррирлиги ва Аваз Боқиев режиссёрлигида 55 дақиқалик “Юлдуз Усмонова куйлайди” мусиқий дастури эфирга узатилади. У вақтлари ҳали исмига монанд юлдузликка эришиб улгурмаган, эл оғзига отарчи бўлиб тушган марғилонлик қорамағиз, жингалак соч қиз учун бу катта имконият эди.

Дастур бошланди, биринчи таронадаёқ томошабинлар экранга сеҳрланиб қолди. Гўё оқ-қора тасвирли ойнаи жаҳондан ял-ял ёниб товланаётган настаринлар чиқиб келаётгандай, атрофни муаттар ифори тутгандай бўлди. Қўнғироқдай овоз юракларга сел каби оқиб кирарди:

 Боғимда настарин бор,

Гуллайди ҳар илк баҳор...

 

Майда-майда-майда,

Настарин гули майда.

 

Ўша кундан Юлдузнинг юлдузлик онлари бошланди, халқ янги истеъдодни кашф қилди. Дастурдаги барча тарона бир ён, “Настарин” бир ён бўлди.

 

ТОШСОЙДАН ТОШКЕНТГАЧА...

 

Барча зўр шеърлар ҳам қўшиққа айланмайди. Худди шундай, барча қўшиқ ҳам шеър бўлавермайди. Ўлмас тароналар яралиши учун ҳар бир сўз, ҳар бир жумла маъно билан тўйинган, ўзгача оҳангга эга бўлиши керак.

“Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Барот Исроилнинг шеърларини ўқиганмисиз? Унинг сатрларида Қурама тоғларидан тошдан-тошга урилганча мавжланиб оқаёт-ган ирмоқлар, булбулларнинг шўхчан хонишлари қулоққа чалингандай, кенг адирларининг илиқ баҳорий насимлари юзга урилгандай, кўклам че-чакларининг ифори таралгандай бўлаверади.

Барот Исроил 1938 йилнинг 15 мартида Чотқол тоғ тизмалари ён бағридаги мўъжазгина Тошсой қишлоғида дунёга келган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини (ҳозирги ТДПУ) тамомлаган. Бугунга қадар унинг 4 томлик сайланма асарлари чоп этилган, қарийб икки юздан ортиқ шеърлари машҳур ҳофизлар томонидан куйга солинган. Бу шеърлар билан куйланган ўнлаб қўшиқлар “олтин фонд”дан ўрин олган.

Дастлабки иш фаолиятини илк шеърлари босилган “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетасида бошлади ва кўп ўтмай устозларнинг назарига тушди. 1970 йилда шоирни Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ўша вақтда Ўзбекистон телерадио қўмитаси бош муҳаррири Ўлмас Умарбеков телерадио бадиий кенгашига таклиф этади.

Буни қарангки, тақдир тақозоси билан манаман деган халқ артистларининг қўшиқлари телевидение ёки радиода янграши Оҳангароннинг энг олис Тошсой қишлоғидан пойтахтга келган ёш Барот Исроилнинг биргина имзосига боғлиқ бўлиб қолади.

 

СИРЕН ЭМАС, НАСТАРИН!

 

Барот Исроил телерадио бадиий кенгашида ўттиз йилдан зиёд фаолият юритди ва бу йиллар шоирнинг ҳақиқий сермаҳсул ижод даври бўлди, дейиш мумкин. У қўшиқ бўлиб басталанаётган шеърларни таҳрир қилар экан, ҳар бир сўзнинг маъносига, унинг туб моҳиятига алоҳида эътибор қаратарди.

Шоир ўзбек тилини ғоят севар, унинг бор имкониятларидан фойдаланишга уринарди. Ўша вақтларда ўз тилини унутиб, тобора русийзабонлашиб бораётган жамият унинг ғашини келтирарди. Ўз ижоди билан уларга қарши чиқишга интиларди. Айни шу вақтда жамоатчилик фаоллари томонидан ўзбек тилини давлат тили сифатида татбиқ этиш ҳаракатлари авж нуқтасига етган, шоир ҳам бу борада фаоллар қаторида эди. У шундай таҳликали бир даврда ҳам Миртемир домла тавсияси билан ўз асарларига Барот Исроил дея, биз ҳанузгача воз кеча олмаётган “-ов”, “-ев” ларсиз имзо чекарди.

Кунларнинг бирида у Навоийни ўқиркан, “настарин” сўзига дуч келади. Бундай чиройли, майин талаффуз қилинадиган сўзнинг асл маъносига қизиқади. Изланишлар натижасида настарин русчада “сирен” деб аталадиган гул номи эканлиги маълум бўлади. Шоирда бу сўзни барчага танитиш, оммалаштириш истаги туғилади ва буни тили, миллати олдидаги муқаддас бурч деб билади. Аввалига мақола ё ҳикоя ёзмоқчи бўлади. аммо улар шеър таъсирчанлигига етолмаслигини ўйлаб илҳомни кута бошлайди. Шу тариқа бир муддат ўтиб “Настарин” шеъри Ватанга, тилга муҳаббат билан қоғозга кўчади.

 

ЮЛДУЗ ИЗЛАГАН ШЕЪР

 

Халқ йўлидаги “Қоқинаман” қўшиғи билан танилиб келаётган Юлдуз Усмонова шу йўналишда яна бир шеър излаб, Барот Исроил олдига келади. Шоир тақдим этган юздан ортиқ шеърдан бирортаси кўнглига ўтирмайди. Шунда шоир ён чўнтагидан қатланган қоғоздаги эрта тонгда ёзилган “Настарин”ни унга тутқазади. Юлдуз сатрларни ўқиркан, беихтиёр оҳангга солиб, куйлай бошлайди. Ниҳоят, ўқиб бўлгач, “Топдим, Барот ака, топдим. Мана шу мен излаган шеър”, дейди у ҳаяжон билан.

Шоир олдидан қанот боғлаб чиққан хонанда қўшиқ мусиқасини ҳам ўзи басталади, бошқага ишонмади. Бу қўшиқ хонанда учун чинакам хазина калити бўла олди. Уни она юртига ва жаҳонга танитди.

 

ҚИРОЛИЧАНИ ЙИҒЛАТГАН ҚЎШИҚ

 

Чиндан “Настарин”ни нафақат туркий халқлар севиб тинглади, балки, хонанда бу қўшиқни 1999 йилда Амстердамда қиролича Беатрис иштирокидаги фашизмдан қутулган кун муносабати билан ташкил қилинган йирик тантанада ижро этди.

Ютубдаги тасвирларни кўриб ларзага тушади киши: Европа, соҳил бўйидаги улкан кема, қироллик оиласи, дунё юлдузлари йиғилган саҳна. Финалда эса бошида зар дўппи, эгнида зарчопон билан ўзбекнинг юлдуз қизи, ўша вақтларда ўз юртида тақиқда бўлган Юлдуз Усмонова чиқади. У “Настарин”ни ижро қиларкан, нақаротда барча йиғилганлар “Майда-майда-майда” дея жўр бўлар, қўлда қадаҳ завқ билан рақс тушишарди. Ҳатто қироличанинг ёнидагилар унинг кўзёшларини қадаҳ кўтариш баҳонасида артиб қўйганини айтиб беришади.

 

Бугун бу қўшиқ яралганига чорак асрдан ошди. Ўша вақтларда навқирон ёшдаги шоир бугун мўйсафидга, ўша қорамағиз қиз эса Ўзбекистон халқ артисти, Осиё примадоннасига айланди. Улар бугунгача жуда кўп ва хўп ижод қилишди, аммо “Настарин” ҳар иккаласи учун ҳам шоҳ асар бўлиб тарихда қолди. Бунинг сабаби эса бу қўшиқ ботинида аввало ўзликка, тилга, халққа муҳаббат юксак бўлганидир. Яна недир бор. Аммо унинг нималигини изоҳлаб бера олмайман. Яхшиси, ўзингиз бир эшитинг “Настарин”ни.

Сиз ҳам ҳис қилдингизми?

 

Бахтиёр Қурбон


Report Page