ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС ДЕПУТАТИ ХЎЖАЙЛИ ТУМАНИ ФУҚАРОЛАРИ БИЛАН ИЛК УЧРАШУВИНИ ЎТКАЗДИ
uzbekistonmet.uzКаналга аъзо бўлинг! 👉 🌏 t.me/uzmetaxborotxizmati
Кеча, 17 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Исақулов Дадажон Айнақулович Хўжайли туманидаги «Кулоб» сайлов округи қамровида истиқомат қиладиган фуқаролар билан илк учрашувини ўтказди.
![](/file/842443ba4a3d852456b07.jpg)
Хўжайли туманидаги учрашувгача Нукус шаҳридаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлов бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтган эди.
![](/file/600a6aab0e0967e8177a2.jpg)
Жўқорғи Кенгес депутатнинг сайловчилари билан учрашуви Хўжали тумани ҳокимиятининг катта мажлислар залида ўтказилиб, унда Хўжайли тумани ҳокимининг хотин-қизлар иши бўйича муовини Сулухан Дурсунбетова, Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Айсанем Бегимова ва бошқа ижро ҳокимияти мутасадди ходимлари иштирок этишди.
Хўжайли тумани хотин-қизлар қўмитаси раҳбари учрашувни очиқ деб эълон қилгач, биринчи сўз экопартия етакчисига берилди. Айсанем Пўлатовна партия дастури ва жойларда амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида сўзлар экан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида экологик муҳитни соғломлаштириш борасида қандай долзарб вазифалар борлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
![](/file/6e0fc70a7a4a4ee337cc6.jpg)
Сўз навбати депутатга берилгач, Дадажон Айнақулович ўз ваколатлари доирасида Хўжайли тумани аҳлининг оғирини енгил, мушкулини осон қилиш учун қандай ишларни қай тартибда амалга оширишга бел боғлагани билан ўртоқлашди. Депутат, аввало, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиб, кейин йирик лойиҳали ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, депутат ўз фаолияти давомида Хўжайли тумани ҳокимияти билан ҳамкорликда иш юритишини маълум қилди.
Сўнг сўз навбати фуқароларга берилди. Овул оқсоқоллари депутат мавжуд муаммоларни ҳал этишда нималарга аҳамият бериши лозимлиги ҳақида ўз фикрларини баён этишди. Сўзга чиққан педагоглар, уй бекалари, маҳалла фаоллари сайловлардан кейин фуқаролар билан учрашув ташкил этиб, уларнинг муаммосини тинглашга, ўз ваколатлари доирасида иш юритишга тайёр депутатни сайлаганликларидан мамнун эканликларини алоҳида эътироф этишди.
![](/file/883cf6eeee0b0c8992060.jpg)
Хўжайли тумани фуқаролари депутат билан учрашув мазмунли ва тартибли ўтиш учун овулларда мавжуд муаммолар ҳамда жамоавий мурожаатларни ёзма шаклда тақдим этишдилар. Жўқорғи Кенгес депутати ёзма мурожаатномалар мазмуни билан танишиб, билдирилган шикоят, арзнома, таклиф ва мулоҳазаларга тез орада жавоб бериши, ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг хоҳиш-истагини юқори органларга тақдим этиши, шу билан бирга, ўз билим-тажрибасига суяниб мавжуд муаммоларга ечим топишини маълум қилди.
![](/file/b8281875d03bf87471837.jpg)
Шунингдек, учрашувда маҳаллий телевидение мухбирлари, турли ОАВ вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этишди.
![](/file/5b276cbc372170ca33da4.jpg)
Маълумот ўрнида: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Исақулов Дадажон Айнақулович айни пайтда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда. У 38-сонли «Кулоб» сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати этиб сайланган.
«Ўзбекистон МЭТАЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлинг! 👉 🌏 t.me/uzmetaxborotxizmati