ЗАВОЛСИЗ ИШҚ

ЗАВОЛСИЗ ИШҚ


 Ёймачи кўклам рамазон ойи арафасида қут-баракотли қору ёмғирлари билан шитоб кириб келди. Улуғ айёмлар арафасида маъруф одамлар бир-бирларини йўқлаш, ҳол-аҳвол сўрашиш, ғамхўрлик кўрсатишга мойил бўладилар. Миллий удумларимиз ҳам доим одамгарчиликни ёдга солади. Шак ёмғирлари ушбу инсоний туйғуларни янада кучайтиради. Эшигимда шоир Маҳмуд Тоирнинг гулдураган товуши эшитилди.

 – Дийдор ғанимат, деб келавердим, Иброҳим ака, айбга буюрманг, безовта қилиб вақтингизни олган бўлсам. 

 – Келаверинг, келаверинг, Маҳ­муджон, қадамларингизга ҳасанот! – дея эски дўстлар қучоқ очиб кўришамиз. Шоирнинг хандон-ҳушон чеҳрасидан хона нурга тўлгандай бўлади.

 – Паркент тепаларига бу йил кўклам аямай кўксини тутди, – дейди Маҳмуд фотиҳа ўқилгач, кўтаринки оҳангда. – Одамлар наздида осмондан худди қут-­эз­гулик ёғилаётгандай. Эрталаб ишга отланиб, ҳовлига тушсам, юзимга тоғ томондан бир илоҳий эпкин урилди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, тилимни шу заҳоти бир шеър чучита бошлади. Шу кайфиятда ҳузурингизга келдим. Бугун ижозат берсангиз, шеър ўқий­диган кунга ўхшайди.

 Маҳмуд қўйнидан қора му­қо­вали дафтарини олиб столга қўйди. Дафтар кўп тутилгани, эгасига садоқат билан хизмат қилаётгани муқовасидан кўриниб турарди. Шеър ўқиш шоир Маҳмуд Тоирга сув-ҳаво каби эҳтиёжга айланган. Илгарилари шеър ўқигиси келса, «Дўрмон»га – гоҳ устоз Саид Аҳмад даргоҳига, гоҳ донишманд Абдулла Орипов боғчасига, гоҳ «Ҳувайдо»даги Эркин Воҳидов ҳов­лисига, гоҳ бар уриб, Муҳаммад Юсуф ҳузурига йўл оларди. Шеър ўқийдиган чоғлари унинг чинакам масаррат онлари эди. Устози кабирлар уни чеҳракушой қарши олишар, ўзини, шеърларини алқашар, янги ғоялар бери­шарди. Маҳмуд бундай шеърхон давралардан қўйни-қўнжи тўлиб, илҳомланиб қайтарди. Ўша дамларни эслаб сўрадим: 

 – Устозларга шеърингизни қандай ўқирдингиз? 

 У дабдурустдан бундай саволни кутмаган экан шекилли, бироз ўйланиб қолди. Сезганман: у доим шундай кутилмаган ҳолат­ларга дуч келиб қолса, кўпинча дарҳол сукутга чўмади, сўнг, албатта, жилмаяди. Бу сафар ҳам табассум қилиб деди:

 – Албатта, эшитиларли қилиб ўқий­ман. Мени ҳаяжон босади, бил­май­ман, бу шеър ўқишда бўла­диган одатий ҳаяжонми ё устозлар салобатиданми?

 Шоир яна ўйланиб қолди, ке­йин: «Бир воқеани айтиб берайми? Вақтингизни олмаяпманми?» –деди.

 – Айтинг, айтинг.

 – 2016 йилнинг апрелида Эркин ака Воҳидовни кўргани уйларига бордим. Яқинда даволанишдан чиққан, ўзларини бироз олдириб, синиқиб турган эканлар. Маъюс жилмайиб, кутиб олдилар. Бироз ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин, «Маҳмуджон, икки оғиз шеър ўқинг», дедилар. Шеър ўқиш ва эшитишни соғинганларини сездим... «Қандай бўларкин?» – дедим вазиятга қараб. «Ўқинг, ўқинг», дедилар. Мен қўшиқ қилиб айтиладиган саккиз қатор шеъримни ўқидим тасалли маъносида. Эркин ака кўзларини ҳорғин юмиб ётдилар, бошлари баланд қўйилган катта ёстиққа чуқур ботган, мажолсиз эдилар. Кейин кўзларини очдилар, чеҳраларига чиройли табассум ёйилди. «Яшанг, – дедилар, – овозингиз менга дармон бўлди». Эркин акани охирги кўришим шу бўлди.

 Маҳмуд Тоир эл-юртнинг дав­ра­лари, анжуманларида кўп шеър айтади, худди овозини соз­лаб олмоқчидай ўз шеърларини ўқишдан олдин Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон шеър­ларини қироат билан залга тақдим этади. Унинг товуш торлари доим таранг ҳолатда, андак елпиндидан жўшади. Охирги йиллар аёли Гулчеҳрахон вафот этиб, Маҳ­муднинг овози пича андуҳ тортди. Лекин шоир ҳамон ҳозиржавоб, овозидаги бироз шикасталик ҳатто ёшига ярашгандай.

 – Маҳмуд, кўп шеър ёзаёт­ганингиз ўзингизга сезилмайдими? – деб сўрадим. – Мавзулар, тизимлар, оҳанг-ритмлар, шакллар такрорланиб қолгандай туюлмайдими?

 У яна сукутга ботди. Сами­мий чеҳрасига тағин табассум шуъла солди.

– Қаранг, Иброҳим ака, – деди чиройи очилиб, – бугун эрталаб тушимга кирган эканми, кутил­маганда бир-икки сатр тилимда айлана бошлади. То кўчага чиққунимча, у тўрт қатор росмана шеърга айланди. Мен нима қилай? Бу неъмат... ўзи келади... Мен шунда наъматак орасида ўтирган булбулнинг ҳолини тушунаман. Баъзи дўстларимни, хусусан, Сирожиддин Саййид, Муҳаммад Юсуф­ларни ҳам биламан: доим шун­дай ҳолатда бўлган. Шеър қан­дай бўлмасин, алоҳида ҳолат, кўк­дан, ердан, юракнинг қаъридан пайдо бўлади. Яна бир қанча иккиликлар, тўртликлар, янги шеърлар ёздим. Улар, албатта, олдин­ги шеър­­ларимнинг давоми... Қай бир тарзда давом эттиради. Ҳозир айрим ёшлар янгича шакллар топиб, мавзуларни янгилаб ёзишяпти. Зеро, нима деманг, ҳар бир одам ҳам янгилик, ҳам эскилик айни бир пайтнинг ўзида... 

 Маҳмуд андак шеър фалсафаси томонга ўтаркан, буюк Махтумқулининг:

 «Туманга бурканиб тоғлар бош эгар,

 Еллар қўзғалолмай ерда суд­ралар», – 

деган шеърининг гўзал манзараси кўз ўнгимда гавдаланди. Бу фавқулодда образларни беихтиёр айни чоғда Маҳмуд замондошим ўқиётган иккиликлар ва тўртлик­лар ёнида тасаввур қилдим. 

 «Бир арпага арзимас бу жаҳон хаёлимга, 

 Билмам, олам не кўйда 

мен ҳайрон ўз ҳолимга», – деган Махтумқули билан Маҳмуднинг мана ҳозир ўқиётган:

 «Нафсим надоматин ҳар кун оҳи бор, 

 Ва лекин бу оҳнинг тубсиз чоҳи бор», – 

деган шеъри ўртасида қандайдир қариндошлик борлигини сезаман. Ва бизнинг Маҳмуд шоир ҳам чакки эмас асло, деб қаноат туяман. Шоирлар ҳақиқатни айтишга туғилганларда, дейман инкишоф юзасидан.

 Ҳа, Маҳмуд Тоир – қуюлиб келгувчи тизимлар шоири. Тизимли тизма шоир. Катта шалола, кичик шалола, уларнинг зарралари янг­лиғ шеърлар. У ҳеч қачон умум қабул қилинган ахлоқ-маърифий ақидалардан четлаб кетмайди. Доим шу умуммиллий ақоид ичида. Шеърий, ҳаётий мезонлар ичида. Аммо шеърларини, боя ўзи айт­моқчи, илҳом парвозлари ичида ёзади. Янги замона уни ўзгартира олдими? Вақт сочлари­нинг бир пайтлардаги қўнғироқларини аёвсиз юлиб кетди. Балки қадамларининг шиддати сал пасайгандир. Журъатлари сал сусайгандир. Аммо бир нарса равшан: унда шеър зав­қи, қофия шавқи ҳамон таранг! 

 Паркентнинг шукуҳли тепалик­лари узра ёнбошлаганда, шоир­нинг қалбидан ҳамон маърифий шеър қуюлиб отилиб чиқади. Тепалар тагида азал ёғдули булоқлар милдирайди. Маҳмуд Тоир ёши етмишдан ошганда шеърни худди Ҳабибий, Собир Абдулла,Чус­тий, Уйғун, Чар­хий домлалардек «ваъдайи ишқ» деб билади. Тизмалари худди Баҳоуддин нақшларидек одамий­лик муҳаббатининг шарора­ларини сочади. Етмиш ёш­нинг чўқ­қиларидан ошганда, қаранг, «Бо­ла­лик баҳорини соғиндим жуда», деб ҳаприқади унинг юраги. Ва орқасига қарай-қарай, энтиксада, аслида келажак баҳорларини кўзлаётгани билиниб туради.
У ҳамиша ҳаракатда; ҳара­катда эса ҳаётнинг поёнсиз муждаси бор. Шу мужда нафс, надомат, тубсиз чоҳ билан чексиз шоир оҳини боғлаяпти. Бу оғир фалсафий тушунчалар шеърдан ҳавас учун жой оляптими? Йў-ўқ, улар одам умрининг мазмунини ифодалаяпти ва уни юрагимизга, шууримизга олиб киряпти.

Иброҳим ҒАФУРОВ

Ўзбекистон Қаҳрамони

«Жадид» газетаси 2024 йил 22 март 13-сон



Report Page