“ЗАРБДОР ТАЖРИБАСИ ” – ТУМАНИМИЗДА
Туманимизда “Зарбдор тажрибаси” асосида “Амир Темур” (аввалги “Ойбек”) маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Ойбек” кўчасини 24/7 режимида фаолият юритувчи, замонавий хизматлар масканига айлантириш белгиланган.
Мазкур ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, аҳолига қулай савдо ва хизмат кўрсатиш имкониятларини яратиш мақсадида кўчма савдо дўконлари аукцион орқали сотувга чиқарилди. Аукцион жараёнида ғолиб бўлган тадбиркорлар эндиликда кўчада ягона услубда ташкил этиладиган, тартибли ва шинам савдо масканларини барпо этиш имкониятига эга бўлди.
Шу муносабат билан туман ҳокими Эркин Рустамов раҳбарлигида аукцион ғолиблари билан учрашув ўтказилиб, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, кўчма савдо дўконларини белгиланган жойларга ўрнатиш тартиби, инфратузилма талаблари, хавфсизлик ва санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш, тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатда ўз фаолиятини йўлга қўйиши каби масалалар юзасидан аниқ кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Туман ҳокими тадбиркорликни ривожлантиришда маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, аҳолига яратиладиган қулай шароитлар ҳамда кўчанинг эстетик қиёфасини яхшилаш муҳимлигини таъкидлади.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.