ЗАНГИОТА ЗИЁРАТГОҲИНИНГ МАФИЯСИ ЁХУД ШАЙТОНЛАР ГУРУҲИ.

ЗАНГИОТА ЗИЁРАТГОҲИНИНГ МАФИЯСИ ЁХУД ШАЙТОНЛАР ГУРУҲИ.

@fayzboguz


Вақф хайрия фондида ишловчи ходимлардан бири бизга ўз исмини ошкор этмаслик шарти билан мурожаат йўллади.

Биз ходимнинг иддаоларни ўзгартирмаган ҳолда жамоатчиликка эълон қилишга қарор қилдик

*********************************************************

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси “Вақф” хайрия жамғармаси раҳбариятининг топшириғига биноан  вилоят бўйича бир нечта зиёратгоҳларда кузатув ва назорат ишларини амалга оширдик. Танқидий ва таҳлилий мақолалар бердик. Бир ой давомида Зангиота зиёратгоҳида бизлар учун ажратилган совуқ хонада кузатув ишларини олиб бордик. Зангиота зиёратгоҳида ташкил қилинган мажмуа раҳбари олдин МХХ хизматида ишлаган, диний таълимотнинг кўчасидан ўтмаган Мансур Ўролов директор бўлиб, унинг ишлари зимдан кузатилди. Уларга сездирмаган ҳолда ярим соат, бир соат ҳужраларга кириб, одамларга Қуръон ўқиб бериб неча пул тушиши ва бу пуллар қаерга кетишини аниқладик. Ҳатто бизларга ажратилган ҳужрада туриб кузатиб, зиёратчиларга хизмат қилиб текширдик. Бизларни пул ишлаш учун келган деган гап-сўзларни қилишди. Аммо биз сабр билан кузатдик, текширдик. Турли туҳматларни ҳам бошимиздан кечирдик. Аммо раҳбарият топшириғи билан шаффофликни таъминлаш учун ҳаракатни тўхтатмадик. Дўстларимиз бу жойда ишлашимизга қарши бўлишиб: "Улар сизга туҳмат уюштиради. Сизларни қопқонга тушуриш мақсадида турли ҳийлалар қилиш учун у ерга ишга юборишаябди, огоҳ бўлинг, қашқирлар маконига борманг", деб Ҳусайн розияллоҳу анҳуга айтгандек маслаҳатларини бир неча марта айтишди. Аммо яхшилик, адолатдан ва раҳбариятдан умид қилиб уларнинг гапига қулоқ солмадик.

Энди натижага эътибор қаратинг, мажмуанинг ярмини унинг директори Ўролов Мансур ва вилоят бош вакили Турматов Хайрулло тақсимлаб олишган бўлиб, бир ойда бешта ҳужра, Зангиота мақбараси ва Анбар она қабрида ўтирган шайхлар зиёратгоҳга тушадиган маблағнинг ярмини чўнтакка уришар экан. Бир ойда камида уч юз миллион сўмни, ёз фаслида бундан ҳам кўпроқ маблағни ўмаришар экан. Ўйлаб кўринг, бир йилда камида уч миллиард сўм пул талон-тарож қилинар экан. Бу ҳали ҳаммаси эмас, масжидда сўйиладиган эҳсон гўшт ва бошқа нарсалардан овқат қилиб, мажмуа ошхонасида сотилишига нима дейсиз? Ёғоч сўриларга олинадиган пуллар ҳам бўлинади. Иккита катта машиналар тураргоҳига кириб чиқаётган машиналардан олинадиган пуллар ҳисобсиз. Ҳар бир зиёратчи тураргоҳ олдига қўйилган эҳсон қутисига пул ташламасдан, қоровулларнинг қўлига бериб кетади. Якшанба кунлари мингга яқин машина кириб чиқишини ҳисобга олсангиз, қанча пул тушишини ҳисоб-китоб қилаверинг. Бу ҳам майли, шунча маблағларга қарамасдан қоравуллар кечқурун эҳсон қутиларидан пул ўғирлаб, яна мажмуа раҳбари ва унинг ҳисобчисига топширар экан. Бу эса очиқ ўғрилик эмасми? Шундай зиёратгоҳда очиқдан очиқ ўғрилик қилишларига нима дейсиз? Улар туширилган видеолар бор. Зиёратгоҳ ҳудудида жойлашган суратга олувчи, фотографлардан ойига уч ярим миллион пул олишлари-чи! Уларни инсофга чақирсангиз, "Қўлингиздан келганини қилинглар, хоҳлаганингизни қилинг, ким бизга қарши чиқса, кунини кўрсатамиз", дейишади. Тўғри, ибодатдан узоқ, Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқмайдиган бу манқуртлар ҳар қандай туҳматдан, керак бўлса, сизни ўлдириб юборишдан ҳам қўрқмай таҳдид қиладилар. Бу жуда катта уюшган жиноий гуруҳ, коррупцияга айланиб кетган ташкилотни ҳеч ким ҳеч нарса қилолмаслигини очиқ айтишмоқда. Уларнинг бу ишларини кўриб МФЙ раислари ҳам ғинг дейишдан ожизлар. Чунки уларнинг ишонган тоғлари, суянган ўғрилик пулларига шериклари бор. Уларнинг разил ишларини кўриб, дарди ичида бўлган халқ ҳам қўрқади.

Мен имом хатиблар ичида энг ҳурмат қиладиганим Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулло Турматов эди. Энг имони мустаҳкам, ҳақиқатни гапирадиган, президентнинг топшириғини бажарадиган инсон деб билардим. Аммо у инсон ҳам жиноятчиларга қўшилиб, фитна қилишларидан ҳайратда ёқамни ушладим. Наҳотки имон даъво қилувчи, ҳалолликка чақирувчи бу инсон ҳам нафс қулига айланиб қолибди. Ташқи кўриниши бошқа, риёкор ва мунофиқ деб билдим. Чунки бизларга қарши очиқ Ўролов Мансурга фатво берибди.

Бечора муҳтожлар, беморлар бир-икки миллион пул оламан деб идорама-идора қоғозларини кўтариб ялиниб, ёлвориб юришибди. Унга борса, бунга, бунга борса унга юбориб, овара-ю сарсон бўлиб юрганлар сон мингта. Бу ўғрилар у муҳтожларнинг ҳаққини туя қилиб еб, бойлик устига бойлик тўплашмоқда. Бундай жиноий гуруҳни таг-томири билан суғуриб ташлашга ДДХ, ИИБ ва прокуратура эътибор қаратмаса, президентнинг сўзлари ва фармонлари ҳавода қолиб кетаверади.

Буларни суяб, жиноятга йўл очиб бераётган юқорида кимлар бор? Улар наҳотки очиқ ўғриланаётган пуллардан олиб, ҳаром пуллар билан бола-чақа боқадилар.

Энг дахшати, Ўролов Мансурни бир неча ой жонини жабборга бериб ишлаган, ҳақ учун курашган Тошкент вилояти “Вақф” жамғармаси раҳбари Дадабаев Абдуқаҳҳорни "Ишдан бўшайсан, бўшамасанг кунингни кўрсатамиз. Ўрнингга Ўролов Мансур бўлади", деб бир ҳафта мобайнида ариза ёзишга мажбурлашмоқда. Агар бўшамаса, йўлда машинаси аварияга учраши, бола-чақасининг тақдирини ўйлашини айтишиб, таҳдид қилишмоқда. Ваҳоланки, у ёш йигит жонини жабборга бериб раҳбариятнинг топшириқларни бажарди. Раҳбарият топшириғини бажаргани, президентнинг фармон ва қарорларини амалга ошириб, шаффофликни таъминлаш учун олаётган мукофоти - таҳдид ва туҳмат. Ким менинг сўзимга ишонмаса, келиб текширсин, ўргансин, кузатсин. "Президентингдан ҳам қўрқмайман", деган қутурган манқуртларга озгина сиёсат қилиб кўринг, эшитадиганингизни эшитасиз.

Ҳали бу ҳаммаси эмас. Ҳали очилмаган қанча жиноятлари бор. Зиёратгоҳга тушган гўштларни номига кимларгадир тарқатади. Аммо биз энг муҳтож, ғариблар ва беморларга гўштлар тарқатдик. Эҳсонларга ўшалар ҳақли десак, бошимиз балоларга қолди. Шу боисдан президент томонидан бежизга "Вақф" тузилмагани, бу каби ўғриларини пойини қирқиб, Аллоҳдан қўрқадиганларга имкон беришини англадим. Аммо бу тулкилар шунчалик кўзбўямачи бўлганларки, ўз суянган тоғларига керак бўлса йиғлаб, ўзларини оқлайдилар. 

Хўш, шу аҳволни кўриб, иймонли одамлар улар билан ишлай оладими? Улар Аллоҳдан заррача бўлсада қўрқадиганларга йўл берадиларми? Мана, мен иккинчи марта ҳақиқатнинг қурбонига айланиш арафасидаман. Аввал масжид пулларини бўлиб оладиганларга қарши Аллоҳдан қўрқинглар деганим учун устимдан нима туҳматлар қилишмади. Пичоқ суякка бориб қадалди. Энди бошимизга яна қандай туҳмат ва таҳдидлар ёғилади, Аллоҳ билади. Ҳасбияллоҳу, неъмал мавло ва неъмал вакил. Биз раҳбарият топшириғини бажардик ва маломат тошлари остида қолдик.

t.me/fayzboguz

Report Page