ЗАНГИОТА: ЎТМИШИ УЛУҒВОР, ЭРТАСИ НУРЛИ
https://t.me/haqiqatonline_24Зангиота Занги отадек пири комил ўтган табаррук маскан. Шу туманга ҳоким этиб тайинланганимда, рости, ҳаяжонландим. Ўзимда зангиоталикларнинг ишончини оқлаш, уларнинг оғирини енгил қилиш, умуман, халқни рози қилиш, масъулиятини чуқур ҳис қилдим. Туман аҳли мени илиқ кутиб олганидан менда ҳам уларга нисбатан меҳр уйғонди, ўзимда бир куч сездим...
Ишни, албатта, туманни ўрганишдан бошладим. Ва мана иккинчи йил ҳудуднинг меҳнаткаш, танти халқи билан биргаликда туманнинг равнақи йўлида меҳнат қиляпман.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 9 октябрь куни Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишиб, пойтахтни камида 7,5 миллион одам яшаши ва ишлаши учун қулай шароитга эга йирик мегаполисга айлантириш зарурлигини таъкидлаб, Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Тошкент туманларини пойтахт билан яхлит агломерация асосида ривожлантириш бўйича топшириқ берди.
Ҳа, туманимиз пойтахтга туташ ҳудудлардан. Бизда агломерация (бирор нарса, масалан, ташкилот, корхона ва шу кабиларни бирлаштириш, қўшиш; кўплаб шаҳар ва аҳоли масканларининг ягона шаҳар сифатида қўшилиб кетиши) асосида ривожлантириш борасида барча шароитлар етарли.
Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги қарори билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тасдиқланиб, бунда “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият”, яъни, бандлик ва юқори даромад топишга эришиш, таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, яшаш шароитини яхшилаш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, давлат органлари ходимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш тамойиллари белгилаб олинган эди. Дастурни амалга ошириш учун тумандаги 3 минг 987 та камбағал оилани бешта йўналиш бўйича ажратиб олдик. Вилоятимиз ҳокими туманимиздаги 425 та камбағал оилани 78 та раҳбарга манзилли бириктириб, ишлаш механизмларини батафсил тушунтириб берди.
Мен ҳам ҳудуддаги 10 та камбағал оилани ўзимга олиб, уларнинг шароити, яшаш тарзи, қизиқишлари, орзу-умидлари билан яқиндан танишдим. Шунда бир нарсага амин бўлдим: жамиятни камбағал ёки эҳтиёжманд оилалардан ҳоли қилишнинг имкони бор. Бунинг учун уларга озгина туртки ва сидқидилдан ёрдам бўлса кифоя. Бунга доимгидек моддий ёрдам кўрсатиш билангина эмас, балки уларни камбағалликдан чиқиб кетишлари учун қўл чўзиш орқали эришиш мумкин. Ўрганган оилаларимдан мисол келтирадиган бўлсам, бир оиланинг уйи жиҳозларидан тортиб кийим-кечакларигача ёниб кул бўлган. Уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатдик. Яна бир оилада 28 ёшли ногирон бор. Уйлари хароб аҳволда. Уларга субсидия асосида уй олиш бўйича йўл-йўриқ кўрсатдик. Шунингдек, оилага 10 та товуқ бердик, қуёш панели ўрнатдик. Бошқа бир оилада ота вафот этган, она бемор қайнонасига қараб ўтирар экан. Фарзандлари билан суҳбатлашганимизда спортга қизиқишларини айтишди. Уларни спорт тўгарагига боришига кўмаклашдик. Хонадон эгалари томорқасига тўқсонбости экинлар экиши учун дуга, плёнка ва бошқа керакли нарсалар олиб бердик. Аёлни касаначиликка жалб этдик. Бугунги кунда у касаначилик билан шуғулланиб, ўзини анча ўнглаб олди.
Тумандаги бошқа камбағал оилаларга бериктирилган раҳбарлар ҳам шу тарзда иш олиб боришлари натижасида йил бошида ҳисобга олинган 4,7 мингта камбағал оилалар сафи тобора камаймоқда. Режага кўра, жорий йил якунига қадар 891 та оила, келгуси йилда эса 1 минг 114 та оила камбағалликдан чиқарилади ҳамда камбағал оила аъзоларидан 500 нафари иш билан таъминланади. Бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд. Масалан, Президентимиз ташриф буюрган “Тeсhnologies of real time” корхонасида ҳозирда 220 иш ўрни яратилган бўлса, келгусида турли йўналишларда яна юзга яқин корхона очилиши натижасида 3 мингта, “Мос пекарь” МЧЖнинг фаолияти кенгайтирилиши ҳисобига яна 400 та ишчи ўрни яратилади.
Кўриниб турибдики, аҳолини иш билан таъминлашда тадбиркорларнинг ўрни катта. Ахир, давлатимиз раҳбари: “Иккита иш ўрни яратган тадбиркорни елкамда кўтариб юраман”, – деб бежиз таъкидламаганлар. Туманимизда жорий йилнинг тўққиз ойида юридик мақомга эга 800 та, якка тартибдаги 972 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.
Тадбиркорликни ривожлантириш
ҳисобига эса иккинчи ва учинчи чоракда маҳаллий бюджет тушуми 1,5 баробар ортиғи билан бажарилди.
Юртбошимизнинг ҳар доим маррани баланд олинг, деган гапларини ўзимга шиор қилиб олганман. Унга амал қилиб, хорижий инвестициялар жалб қилиш режасини ўтган йилга нисбатан уч баробарга ошириб, 120 миллион АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 20 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирганмиз.
2024 йилнинг апрель ойида хизмат сафари билан Хитойга бориб, Зангиотага учта лойиҳа доирасида 21,4 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилиш бўйича келишувга эришдик. Энди туманимизда Хитой билан “SINO-OZBEK LOGISTIC” МЧЖ ХК томонидан “Файз” маҳалласида 5,4 миллион АҚШ долларига логистика маркази, “Zangiota issiqxona” қўшма корхонаси томонидан “Боғзор” маҳалласида 11 миллион АҚШ долларига замонавий иссиқхона, музлаткич ва логистика маркази, “Flagship Group” хусусий корхонаси томонидан “Рамадон” маҳалласида 6 миллион долларга логистика маркази ташкил этилади. Бу корхоналарда 300 га яқин янги иш ўринлари яратилади.
Бундан ташқари, ҳудудий инвестиция дастури доирасида ишга тушириладиган лойиҳалар бўйича жорий йилда қиймати 113,2 миллион АҚШ долларилик 25 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 1 минг 655 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Дастурдаги қиймати 10 миллион АҚШ доллари, иш ўринлари 150 тадан кўп бўлган тўққизта йирик лойиҳага сектор раҳбарлари, қиймати 5 миллион АҚШ долларигача бўлган 16 та ўрта ва кичик лойиҳаларга ҳоким ўринбосарлари шахсан масъул қилиб белгиланган.
Ўтган тўққиз ойда қиймати 14,3 миллион АҚШ долларилик 13 та лойиҳа ишга туширилиб, 445 та янги иш ўринлари яратилди. Инвестиция дастурлари доирасида жорий йил якунига қадар 98,9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 12 та, 2025 йилда эса 99,5 миллион АҚШ долларилик 15 та лойиҳа ишга туширилади.
Етиштирилган маҳсулотнинг ўзимиздан ортганини четга экспорт қилиш ҳам долзарб масалалардан. Жорий йилда 122 та экспортёр корхоналар ҳисобига туманда 78,8 млн. АҚШ долларилик экспортни амалга ошириш белгиланган. Мазкур кўрсаткични келгуси йилларда янада ошириб боришни режалаштирганмиз.
Юрт иқтисодиётини юксалтириш, аҳоли дастурхонини тўкин-сочин қилишда деҳқончиликнинг тутган ўрни катта. Шу боисдан ҳам азал-азалдан мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманимиз мўл-кўл қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилиши билан ажралиб туради. Ҳудудда ҳар йили 8 минг тонна дон, 40 минг тонна картошка, 118,5 минг тонна сабзавот, 95,4 минг тонна озуқа экинлари, 8,5 минг тонна мева, 3 минг тонна узум етиштирилмоқда Яқинда Президентимизнинг Тошкент вилоятига қилган ташрифи давомида ташкил этилган мулоқотда пискентликларнинг томорқасидан йилига беш мартагача ҳосил олаётганликлари эътироф этилган эди. Бизда ҳам шундай. Томорқачиликнинг ҳадисини олиб, йилига 4-5 маротаба ҳосил йиғиштираётган туманимиз аҳолиси билан ҳам фахрланаман.
Туман аҳолисининг эллик фоиздан ортиғини келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшлар ташкил этади. Уларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишлари учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Хусусан, “Ёшлар дафтари”га киритилган 1 минг 260 нафар ёшнинг барига амалий ёрдам кўрсатилди.
Мактабларда ўқувчиларимиз ҳеч бир камчиликсиз таълим олишлари учун бор имкониятларни ишга соляпмиз. Жумладан, дарс ва тўгарак машғулотлари янада сифатли ўтилиши учун 6 та мактабга янги замонавий компьютер жамланмалари олиб берилди. 7 та мактаб мусиқа асбоблари, 10 та мактаб бадиий адабиётлар, 30 та мактаб спорт инвентарлари билан таъминланди. Тошкент вилояти ҳокими ташаббуси билан ташкил қилинган акция доирасида ота-оналар томонидан мактабларга 20 мингдан зиёд китоб олиб берилди. Шу ҳаракатларимиз боис бу йил олий таълим билан қамров 40 фоизга етди. Келгуси йилда мазкур кўрсаткични янада ошириш ҳаракатидамиз.
Бундан ташқари, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун турли тўгараклар, спорт мусобақалари, фан олимпиадалари ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш борасида “Бодомзор”, “Қаҳрамон” маҳаллаларида 2,5 километр узунликда, “Қурилиш” маҳалласида 1 километр масофада пиёдалар йўлаги барпо этилди. Бунда асосий иш маҳалла аҳолиси томонидан ҳашар йўли орқали қилинганини таъкидлаш жоиз. Худди шу тизим бўйича “Наврўз” маҳалласида 400 метр пиёдалар йўлаги барпо этиш учун маблағ ажратилди. “Бодомзор”, “Қаҳрамон”, “Тариқтешар” ва “Қуёшли” маҳаллалари кўчаларини ёритиш учун чироқлар ўрнатилди.
Мол-мулк ва ер солиғининг 10 фоизини маҳалланинг ўзида қолдиришга имконият яратилган. Маҳалла фаоллари ушбу маблағларни биринчи навбатта кўча ёритиш, пиёдалар йўлаги ва ирригация тизимига ишлатишни таклиф қилмоқда.
Маҳалла инфратузилмасини яхшилашда ташаббусли бюджет дастури яхши самара бермоқда. Жорий йилнинг биринчи мавсумида 15 та, иккинчи мавсумда 9 та лойиҳа ғолиб бўлди.
Қурилиш борасида ҳам 2025-2027 йиллар учун катта маррани белгилаб олганмиз. Туман марказидаги Амир Темур ва Ойбек номли маҳаллаларда ҳам катта қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
ЭНГ МУҲИМИ – БАНДЛИК
Тумандаги 35 та маҳалла бугунги кунда ишсизликдан ҳоли ҳудуддир. 2025 йил биринчи ярим йиллик якунига қадар қолган 38 та маҳаллани ҳам ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирамиз.
Олдинги иш фаолиятим мисолида айтсам, 2007-2008 йилларда Чирчиқ шаҳрида меҳнат бўлимида шўъба мудири бўлиб ишлаган давримда имтиёзли кредит ҳам, субсидиялар ҳам йўқ эди, одамлар иш сўраб келса, иш жойи тополмай уялиб қолган вақтлар ҳам бўлган. Ҳозир ҳамма имконият ва шароит бор. Барча муаммонинг ечими маҳалланинг ўзида. Бугун уларда молиявий ресурслар етарли. Биз фақат “маҳалла еттилиги” билан ишимизни тўғри ва тизимли ташкил қилишимиз керак.
Бугунги кунда иш билан таъминлашимиз зарур бўлган 5 минг 410 нафар фуқаро мавжуд бўлиб, уларнинг 1 минг 620 нафари хатловда аниқланган, 3 минг 790 нафарини меҳнат бозорига илк бор кириб келган олийгоҳ, техникум, касб-ҳунар мактаби ва мактаб битирувчилари ташкил этади.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишидаги 31 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 2 минг 135 нафар, хизмат кўрсатиш соҳасидаги 93 та лойиҳа ортидан 1 минг 855 нафар, қишлоқ хўжалигидаги 12 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига камида 500 нафар фуқаро бандлиги таъминланади.
Бундан ташқари, келгусида “Сайхунобод”, “Зарбдор”, “Ғиждувон” ҳамда “Уйчи” тажрибалари асосида 2 минг 980 та янги иш ўринлари яратилади.
Шунингдек, бугунга қадар оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 361 та лойиҳага 4,4 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиб, 455 та янги иш ўринлари яратилди.
Тумандаги маҳаллаларда эса умумий қиймати 143 миллиард сўмлик 2 минг 158 та микролойиҳа ташкил этилиб, 4 минг 531 та иш ўрни яратилди.
Юқоридаги рақамлар қилинган ишларнинг салмоғини кўрсатиб турибди. Бироқ ҳали ўзга юртда меҳнат қилаётган фуқароларимиз ҳам кам эмас. Бугунги кунда тумандан узоқ муддатга чет давлатга чиқиб, ишлаб, ўқиётган 8 мингдан зиёд фуқароларимиздан имкон қадар тез-тез хабар олинмоқда. Минг доллардан кам даромад топаётганларни ортга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Уларни касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш, тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда тил ва касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Бунинг учун туманда тил, касб-ҳунарга ўргатиш, касбий кўникма (дуал таълим) марказлари ташкил этилган.
Келтирган маълумотларим дарёдан томчи, холос. Сатрларга сиғмаган маълумотлар қанча. Туманимиз билан яқиндан танишиш истагида бўлганларга эшигимиз ҳамиша очиқ. Дарвоқе, Занги ота зиёратгоҳига келадиганлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўзга давлатлардан зиёратга келаётганларнинг нафақат туманимиз, балки жаннатмакон Ўзбекистонимизга бўлган қизиқишлари чексиз. Зиёратчилар учун 16 та ресторан, 11 та меҳмонхона ва 9 та 90 ўринли меҳмон уйлари хизмат кўрсатмоқда.
Жорий йил туризмни ривожлантириш бўйича 3 та 20,2 миллиард сўмлик лойиҳа ишга тушди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилини изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиб, саноат, қурилиш ва бошқа барча соҳаларда амалга ошираётган ишларимиз юртимизнинг қудратини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, одамларнинг ўз ҳаётларидан мамнун бўлиб яшашларига хизмат қилиши шубҳасиз.
Эркин РУСТАМОВ,
Зангиота тумани ҳокими