ЗАМОНАВИЙ ОИЛА ҚАНДАЙ БЎЛМОҒИ ЛОЗИМ

ЗАМОНАВИЙ ОИЛА ҚАНДАЙ БЎЛМОҒИ ЛОЗИМ


Маълумки, оиладаги муҳит жамият ҳаётининг кўзгуси ҳисобланади ва кучли, барқарор ҳамда фаровон давлат қуришда муҳим ўрин тутади. Инсоният оилада вужудга келади ва оилада инсон бўлиб шаклланади. Оилалар ҳамиша замон билан ҳамнафас ривожланиб боради. Шу туфайли ЗАМОНАВИЙ ОИЛА тушунчаси ҳамиша ҳар бир замонга мос ҳолда ривожлани келинган. Бугунги кунда ҳам замонавий оила тушунчаси ўз долзарблигини тушурган эмас. Аммо замонавийликка турли одамлар турлича ёндошадилар. Бу ҳам ҳаётий зарурият. Аммо бир нарсани унутмаслик керакки, ўзбек оиласи қайси замонда бўлса ҳам замонавий бўлиш билан бирга ўзбеклик қадриятини сақлаб қолган бўлиши лозим.

* * *

Қадриятларимизни сақлаб қоладиган замонавий оилани шакллантириш ўз-ўзидан содир бўлмайди. Бунинг учун биринчи галда оилани мустаҳкамлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш лозим бўлади. Бунга эришиш учун эса, ҳар бир оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, жамиятда энг зарур бўлган, қадриятларимизни улуғлайдиган оилавий анъаналарни нафақат сақлаб қолиш, балки буни такомиллаштириш ҳам лозим бўлади. Бу бўйича мамлакатимиз миқёсида ва унинг барча ҳудудларида ўзларининг алоҳида хусусиятларидан келиб чиқиб, тегишли “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва уни тарғибот қилиш масалаларига устувор вазифа сифатида қарашни тақозо қилади.

* * *

Бугунги кунда мамлакатимизда замонавий оилаларни ташкил қилиш масаласи ҳам кун тартибига киритилган масалалардан биридир. Замонавий оила дегани фақат бугунги руҳият билан яшаш эмас, балки қадриятларни сақлаган ҳолда, замон талабидан келиб чиқиб, уни янада кучайтириб такомиллаштиришга қаратилган дунёқараш ва одатларни шакллантириш тушунилади. Кўп ҳолларда замонавий оила ва ушбу оила фарзандлари “Биз замонавий одамлармиз”, деб қадриятларимизга амал қилмасдан глобал оммавий маданиятга эргашиб, уни ҳаётига жорий қилиб, ўша руҳитят билан яшашни тушунишни хоҳлашади. Зинҳор бу йўлдан қайтиш керак.

* * *

Қисқача қилиб атганда, замонавийликка шаклан аҳамият бериб бошлади. Хусусан, қизларимиз шаклан, калта кўйлак кийиб, ўзбошимчалик билан биз эркинмиз, деб ҳаракатланиб юрадиганлар, йигитлар эса, кўчаларда сигарета чекиб, майишат учун ичкиликбозлик билан шуғулланиб юрадиган одатларни касб қилиб олмоқда. Бироқ замонавий оила бўлиш учун асосий эътиборни ҳозиргидек фақат шаклга эмас, балки мазмунга қаратиб баҳолашни тақозо қилади.

* * *

Замонавий оилада болалар эркин бўлади, аммо эркинлик бу ўзбошимчаллик эмас. Буни тўғри ва чуқур англаш лозим бўлади. Инсоннинг маънавий етуклиги, билимдон, қадриятларимизга таянган ҳолда замонавий муаммоларни замонавий фан, техника ва технология ютуқлари билан ҳал қиладиган бўлиши ҳақиқий замонавий шахс ҳисобланади.

* * *

Демак, замонавий оила замонавий одамлардан ташкил топиши, замонавий одамлар эса, қадриятларимизни қадрлайдиган, ҳозирги замон фани, техникаси ва технологиясини яхши ўзлаштирган кишилар бўлишлигини тақозо қилади. Ана шундай инсонлар айнан мукаммал инсон капиталига қўйилган талабларига жавоб берадиганлар бўлади. Чунки бундай капиталнинг самарадорлиги юқори бўлади.

* * *

Мукаммал инсон капиталига эга мамлакат жадаллик билан ривожланадиган, рақобатбардош мамлакат сифатида дунё томонидан тан олинадиган салоҳиятга эга бўлади. Шу туфайли инсон капиталаининг такомиллашувига ҳам катта аҳамият бериш лозим. Бунинг ҳам пайдевори оилада қўйилиб бошланади. Шу туфайли бугунги кунда ўзининг кеелажагини ўйлаган мамлакат ва миллат оилаларнинг такомиллашувига катта аҳамият бериш лозим бўлмоқда.

* * *

 Бироқ, замонавий оила ниқоби остида айрим нуқсонлар ҳам пайдо бўлмоқда. Хусусан, қариндошлар ва вояга етмаганлар ўртасида тузилаётган никоҳлар, қуда-андачиликда асосан молу-дунни биринчи мезон қилиб олишлари оқибатида ёш оилаланинг ажрашишларига, аёллар ўртасида жиноятчилик сонининг ортиб боришига ҳам сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатлар албатта оилаларнинг беқарорлигига сабаб бўлади. Бундай оилаларда улғайган болалар замонавий талабларга жавоб берадиган болалар бўла олмайди.

* * *

Яна бир муҳим жиҳат, вояга етмаган шахсларнинг безорилик ва тартиббузарликлари каби ҳолатлар ҳануз учраб турганлиги ҳам оилалардаги носоғлом муҳит билан боғлиқ бўлмоқда. Демак, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш ва келажакда бу каби салбий ҳодисаларни бартараф қилиш учун, оилалар билан ишлаш тизимида янгича йўналишдаги ва самара берадиган механизмларни жорий этиш талаб қилинади.

* * *

Юқоридагилардан хулоса қилиб, замонавий оиланинг таърифини ишлаб чиқиш мумкин бўлади. Замонавий оила деганда, оилада барча инновацион жиҳоз ва техникалардан фойдаланиши натижасида, жисмоний меҳнатларни енгиллаштириб, тежалган асосий вақтни илм-фанга йўналтириб, замон билан ҳамнафас, қадриятларимизни сақлаган ҳолда, мазмунан бой илғор инновацион ғоялар соҳиблари бўлган оилалар тушунилади. Ушбу таъриф замонавий оиланинг шакли ва мазмунини ўзида қамраб олган тушунча ҳисобланади.

* * *

 

Мамаюнус Пардаев – СамИСИ профессори, и.ф.д.

Озода Пардаева – ТДИУ Самарқанд флиали кафедра мудири, PhD.


Report Page