ЗАМОНАМИЗНИНГ ЯНГИ УСУЛ МАКТАБИ

ЗАМОНАМИЗНИНГ ЯНГИ УСУЛ МАКТАБИ


Халқни юксак илм-маърифатли қилиш учун курашган жадид­лар ўз мақсадларининг бир қисмини театр санъати воситасида амалга оширишга бел боғлаган эдилар. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган мактаб ҳам ўқувчилар онгига маърифат зиёсини саҳнавий томоша услуби ёрдамида сингдириб, шу асосда бир қатор муваффақиятларга эришиб келаётгани жадид боболаримиз нақадар тўғри йўл танлаганини кўрсатади. 
Пойтахтимиздаги 19-умумтаʼ­лим мак­табидаги қизғин жараён, ўқув­чиларнинг шавқию иштиёқи бу ерда профессионал ижодкорлик муҳити яратилганидан дарак беради. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида бунёд этилган мазкур мактабда бугун икки мингга яқин ўқувчи билим олади. Дарслар икки навбатда ташкил этилган, тўгарак­лар фаолияти аъло даражада йўлга қўйилган. Ўқитувчи ва ўқувчилар орасидаги самимий муносабатлар ҳавас қилса арзигулик. 
– Ўқувчиларимизнинг тўқсон саккиз фоизи ўзбек миллатига мансуб болалардан иборат, – дей­ди ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Малика Шомирзаева. – Биласиз, рус тилида таълим бериладиган мактабда бола ўзини ўзбек мактаби ўқувчиларига қараганда бироз эркинроқ тутади. Тил ҳам одамга феъл-атворни юқтирар экан шекилли, русча гаплашадиган болаларда миллий менталитетдан бироз узоқлашиш кузатилади. Биз бунинг олдини олиш учун ўз қадриятларимиз ва маънавиятимизни ривож­лантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ўқувчи ёшлардан ўзбек тили­даги бадиий адабиётларни кўпроқ ўқишларини талаб қиляпмиз. Китоб­хонлик тадбирларининг деярли барчаси она тилида ўтказилади. Қизларимизни ҳаётга миллий қадриятларимиз асосида тайёрлаш фаолияти билан шуғулланадиган «Қизларжон» номли клубимиз бор. Бир сўз билан айтсам, таълимни русча, тарбияни ўзбекча ташкил этганмиз.
Устоз айтганича бор. Мактабга кираверишнинг ўзидаёқ буни ҳис этасиз. Атлас-адраслар «шаршара»си остида миллий буюмларнинг мўъжаз кўргазмасига кўзи тушган киши­нинг руҳиятига қадриятларимиз нафаси урилиши тайин. Устоз­лар жамоаси ўз мақсадлари йўлида тўғри усулни танлашган. Улар мактабда «Парвоз» номли болалар театри жамоасини ташкил этиб, ҳар чоракда бир спектакль саҳналаштиришади. Жумладан, бирин­чи чоракда таниқли ўзбек шоири Султон Жўра қаламига мансуб «Ти­ниш белгиларининг мажлиси» асари қўйилган бўлса, иккинчи чорак якуни арафасида машҳур рус ёзувчиси Иван Криловнинг «Фил – ҳоким» масали томошаси бўлиб ўтди. Яқинда эса республика «Турон» театр танлови­нинг туман босқичида «Парвоз»нинг ҳаваскор ўқувчи-актёрлари таниқли ёзувчи Ўлмас Умарбековнинг «Қиё­­мат қарз» асари асосидаги спектакль билан ҳакамлар ва томошабинлар эътирофига сазовор бўлиб, биринчи ўрин­ни эгаллашди.
Ушбу ўқув даргоҳига Райҳона Кулунчакова раҳбар этиб тайинлангандан сўнг мактабдаги ижодий муҳит янада қизғин тус олди. Директор мана шу мактабда ушалмаган орзулари рўёбга чиққанини айтади.
– Ёшлигимда режиссёр бўлишни жуда-жуда истаганман. Лекин тақдир тақозоси билан ўқитувчилик соҳаси­ни танладим. Орзум армонга айлан­мади, чунки иқтидорим ва иштиёқимни ўқувчиларимга юқтирдим. Улар­нинг кўпчилиги ижодкор бўлиб етишди. Ўйлаб-ўйлаб мактабнинг ўз ҳаваскорлик театрини тузишга қарор қилдик. Унинг шунчаки тўгарак сифатида қолишини хоҳламадик. Мактабимиз нафақат ижодий томонлама, балки ўқитиш сифати бўйича ҳам туманда етакчи ўринларда. Олий ўқув юртларига кириш бўйича ҳам олдинги сафдамиз. Ўтган йили ўн нафар ўқувчим давлат гранти асосида ўқишга кирди. Шоҳрух Мирсалимов Лондонда, яна тўрт нафари Италияда ўқимоқда. Болаларимиз Хитой, Корея давлатларининг олий ўқув юртларида ҳам таҳсил олишяпти. Шу йили битирадиган ўқувчиларнинг йигирма беш фоизи ҳозирданоқ талабаликни қўлга киритиб турибди.
Директор ўзи раҳбарлик қилаётган мактабнинг ютуқлари ҳақида фахр билан гапирар экан, маросимлар залида ўтказилаётган нав­батдаги тадбирни томоша қилишга таклиф этди. «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида давом этаётган форумнинг мактаб босқичини Республика Маънавият ва маърифат марказининг Шайхонтоҳур тумани бўлими раҳбари Нилуфар Алибоева билан биргаликда томоша қилдик.
– Бу мактабда маънавиятга оид тадбирлар маромига етказиб ўтказилади, – дейди Н.Алибоева. – Туманимизда рус тилига ихтисос­лашган тўртта таълим маскани бўлса, анъаналаримиз, миллий қад­риятларимиз, маданияти­мизга энг эътиборлиси шу мактаб деб айта оламан. Ўқувчиларининг дунё­қараши кенг, иқтидорли болалар кўп. Ўзлари сценарийлар ёзади, ўзлари саҳналаштиради. Тадбирларга халқимиз­нинг севимли санъаткорларини ҳам чақиришади. Маш­ҳур фильмларнинг тақдимотларини ҳам шу мактаб бошлаб беради. Энг аҳамиятлиси – болалар умуман бўш қолмайди. Албатта, бун­дай тадбирларга тайёргарлик уларда изланишга, ўрганишга иштиёқни ривожлантиради.
Ҳа, мактабда тадбирлар шунчаки хўжакўрсинга ўтказилмайди. Ҳар бир намойиш ўқувчиларга ўзининг ижобий таъсирини, албатта, кўрсатади. Биргина мисол: таниқли режиссёр Ҳилол Насимовнинг «Ҳаёт» фильми тақдимотидан кейин юракларида Ватан мудофаа­си йўлида хизмат қилиш ҳисси уйғонган икки ўқувчи эгнига ҳарбий либос кийди.
Умуман олганда, мактабда ҳозир­даноқ ижтимоий ҳаётда ўз йўли­ни топган ўқувчилар кўп. Директор бошлаб берган тадбирда ўзбек тилида бийрон тилда гапираётган жинга­лак сочли, қорачадан келган қиз диққатимни тортди. Мен уни ажнабий деб ўйладим. Сабина Иброҳимова ота томондан араб миллатига мансуб бўлишига қарамай, ҳужжатларда миллатини ўзбек дея ёздирганини фахр билан сўзлади. Байналмилал оилада катта бўлгани ҳам, рус мактабида ўқиётгани ҳам унинг Ўзбекистонга бўлган эҳтиромига заррача соя солмаган. 
– Отам испаниялик араб, она томондан бобом – қозоқ. Лекин уйи­мизда ҳаммамиз ўзбекча гап­лашамиз, – дейди Сабина. – Мен ўзбек, рус ва инглиз тилларини яхши биламан, француз тилини ҳам ўрганмоқчиман. Мактабимизда ўтадиган ҳамма тадбирларда фаол қатнашаман. Тўрт йилдан буён хусусий реклама агентлигида иш­лаяп­ман. Мактабни тамомлаб, дипломат ёки ҳуқуқшунос бўлмоқчиман, ва албатта, ўзим туғилган, улғайган юртим – Ўзбекистонда ўқишни истайман.
Сабина моделлик фаолиятидаги қийинчиликлар ҳақида гапириб, яқинда ўтган либослар намойишида йигирма килолик келинкўйлакни кийиш тўғри келганини айтади. Унинг ўз ҳаётига оид ҳикояси ва келажак ҳақидаги орзуларига қулоқ тутарканман, инсон тарбиясида оила билан бир қаторда мактабнинг ҳам жуда катта ўрни борлигини яна бир марта чуқур ҳис қилдим. Сабаби, ўқувчиларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбият этиб, билим олишни давом эттиришга ундай оладиган ўқув мас­кани ҳақиқатан ҳам «дунё иморатларининг энг гўзалидир».
Ўн йилча олдин Ҳиндистоннинг Янги Деҳли шаҳридаги метро йўли ўтган кўприк остида таълим олаёт­ган болаларни кўргандим. Ўз халқи­нинг фидойиси бўлган Ражеш Шарма кўприк тагидан тасодифан ўтаркан, йигит-қизларнинг бекорчи ўйинлар билан машғуллигидан ҳайрон қолади. Баъзиларининг ота-оналаридан болаларингизни ўқишга берсангиз бўлмайдими, деб сўраганида, улар мактаблар узоқ­лигини, йўл харажатига эса ортиқча пуллари йўқлигини айтишади. Айнан ўшалардек қийинчилик­лар кўрган Ражеш ана шу қашшоқ оилаларнинг болаларига кўприк остида ўқиш-ёзишни текинга ўргата бошлайди. Ҳозир унинг шарофати билан йилига беш юзга яқин ҳиндистонлик бола савод чиқармоқда.
Ижтимоий тармоқларда баъзи мак­таб­ларнинг таъмирталаблиги ўқи­тиш сифатининг пасайишига сабаб бўл­моқда, деган мазмундаги айрим салбий фикрларга ҳам кўзимиз тушади. Ваҳоланки, болани билим олиш­га қизиқтиришда ўқув жиҳозлари ёки замонавий бинолар эмас, устоз меҳри ва фидойилиги кўпроқ аҳамиятга эга. Севимли фан бўлмайди, севимли ўқитувчи бўлади, деган фикрнинг исботини шу кунларда юз билан юзлашай деб турган 19-мактаб фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Биноси эски бўлса ҳам, ичидаги муҳит мутлақо замонавий, таълим тизими ҳам Янги Ўзбекистон тамойиллари билан уйғун. Бу ижодкор­лар мактаби ҳали кўплаб истеъдодли ва билимли ёшларни тарбиялашига, худди жадид боболаримиз каби халқни маърифатли қилишга муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз.

Муҳайё ПИРНАФАСОВА

«Жадид» газетаси 2024 йил 19 апрель 17-сон



Report Page