“ЗАМИН” ФОНДИ ВАКИЛЛАРИ – БУХОРОДА

Ўзбекистонда барқарор ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга ҳисса қўшиш мақсадида тузилган “Замин” фонди ўз фаолиятини тобора кенгайтириб бормоқда. Мамлакат Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева раислик қилиб келаётган бу фонд экология, соғлиқни сақлаш, инновацион технологиялар ва жамоатчилик ҳуқуқи соҳасида бир қатор тадбирларни амалга оширди.

Айниқса, эшитиш қобилиятида нуқсони бўлган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиб, уларни жамиятнинг фаол сафига қайтариш мазкур фонднинг асосий вазифаларидан бири сифатида кўзга ташланмоқда. Ўтган йили ана шундай болалардан республика бўйича 36 нафарида эшитиш қобилиятини вужудга келтириш мақсадида мураккаб жарроҳлик операциялари ўтказилиши учун жамғарма ҳомийлик кўрсатди. Уларнинг аксарияти, аниқроғи, 33 нафари кохлер имплант воситаси – эшитиш имкониятини берувчи электрон қурилма билан таъминланди. Хорижда ишлаб чиқарилган ва қиммат турадиган шундай қурилма билан бу йил яна 30 нафар бола таъминланиши фонднинг режасига киритилган.


Кеча “Замин” фонди вакиллари Бухорога ташриф буюриб, ўз фаолиятлари доирасида вилоят Болалар кўп тармоқли касалхонасида ва Бухоро шаҳридаги 123-сон эшитиш қобилияти чекланган болалар мактаб-интернатида бўлдилар. Касалхонада янги очилган онко-гематология бўлими фаолияти билан танишдилар. Мактаб-интернат ўқувчилари билан мулоқотда бўлдилар. Фонд вакилларига вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ғафур Саидов ҳамроҳлик қилди ҳамда танишув жараёнида келгусида улар билан биргаликда амалга ошириладиган хайрия-даволаш ишлари ҳақида келишиб олинди.
Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати.