ЗАИФ ҲАДИСГА АМАЛ ҚИЛИШ ҲУКМИ

ЗАИФ ҲАДИСГА АМАЛ ҚИЛИШ ҲУКМИ

Fitrat.uz

Имом Нававий ўзларининг “Ал-Азкор” китобида “Муҳаддис, фақиҳ ва улардан бошқа уламолар: “Фазоилул аъмол, тарғиб ва тарҳиб масаласида заиф ҳадисга агар у мавзуъ бўлмаса амал қилиш жоиз ва мустаҳабдир. Аммо ҳалол ва ҳаром, бай, никоҳ, талоқ ва шу каби ишларда заиф ҳадисга амал қилинмайди” дейишган”.

Заиф ҳадисларнинг нима эканини тўғри тушуниб олишимиз учун, аввало, саҳиҳ ҳадиснинг илмий таърифини билишимиз лозим бўлади.

Саҳиҳ ҳадис адолат ва забт шартларига эга бўлган ровийларнинг узлуксиз санад билан, шозз ва иллатдан узоқ ривоят қилган ҳадисларидир.

Заиф ҳадис саҳиҳ ёки ҳасан ҳадиснинг шартларидан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлмаган ҳадисдир.

Жумҳур уламолар саҳиҳ ҳадиснинг шарти бешта эканига иттифоқ қилишган.

 1 Санаднинг муттасиллиги.

 2 Ровийнинг адолати собит бўлиши.

 3 Ровий забтининг собит бўлиши.

 4 Санад ва матннинг шоззликдан ҳоли бўлиши.

 5 Санад ва матннинг путур етказувчи иллатдан холи бўлиши.

Булардан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлмаса, ҳадис заиф ҳисобланади. Заиф деб ҳукм қилинишига кўпроқ ровийнинг шахсияти, ҳадис санадидаги нуқсони сабаб бўлади.

Ҳадиснинг заиф ёки заиф эмаслигини аниқ билиш зарур. Бунинг учун ровийнинг сиқалиги (ишонарлилиги) борасида муҳаддислар орасидаги ихтилофларни билиш лозим. Чунки ровий ва ҳадис ҳақида берилаётган ҳукмлар олимларнинг шахсий ижтиҳодига боғлиқ. Кимдирнинг эътиборида заиф бўлган ровий, бошқа бир олимга кўра сиқа бўлади. Бир олим заиф ҳисоблаган ҳадис бошқа олимга кўра саҳиҳ ёки ҳасан бўлиши мумкин. Заиф ҳадисга амал қилиш борасида олимлар орасида ҳар даврда турлича фикрлар баён қилинган. Ушбу фикрларни уч гуруҳга умумлаштириш мумкин:

 1 Ҳеч қандай масалада заиф ҳадисга амал қилиш мумкин эмас, хоҳ ҳалол-ҳаромга, хоҳ амалларнинг фазилатига оид мавзуларда бўлсин, заиф ҳадисга амал қилинмайди.

Бу фикрни Яҳё ибн Майн, Абу Шома Абдураҳмон ибн Исмоил, Абу Бакр ибн ал-Арабий, Ибн Ҳазм каби олимлар айтишган.

 1 Аҳком масалаларида эмас, балки амалларнинг фазилатига оид масалаларда заиф ҳадисларга амал қилиш жоиздир.

Бу фикрга ижмо (олимларнинг иттифоқи) қилинган. Ибн Салоҳ тарғиб ва тарҳиб (ёмонликлардан қайтариш) мавзуларида заиф ҳадис ривоят қилишни жоиз дейди. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ амалларнинг фазилатига оид масалаларда амал қилинадиган заиф ҳадисга учта шарт қўяди:

1) Ҳадис жуда ҳам заиф бўлмаслиги;

2) Ислом дини тамойилларидан бирига уйғун бўлиши;

3) Амал қилинаётган заиф ҳадиснинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга оид эканлиги хусусида эҳтиёт бўлиш ва ҳадиснинг субутига қатъий ишонмаслик шарт, чунки заиф ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга оид бўлмаслиги ҳам мумкин.

Замонамизнинг кўзга кўринган уламоларидан Юсуф Қарзовий юқоридаги уч шартни етарли ҳисобламай, уларга яна икки шартни илова қилади:

1) Ақл, дин ва тил жиҳатидан қабул қилиб бўлмайдиган муболағалардан ҳамда қўрқитишлардан холи бўлиши.

2) Ўзидан кучлироқ бошқа бир шаръий далилга зид келмаслиги лозим.

III. Баъзи шартлар билан аҳком масалаларида ҳам заиф ҳадислардан фойдаланиш мумкин, деган фикр ҳам бор.

Report Page