Юртимиздаги 65 дан зиёд оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда гепатитнинг “В” ва “С” турларини аниқлаш учун бепул скрининг ташкил этилди
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди:
Бутунжаҳон гепатит альянсининг 2021 йилдаги маълумотларига кўра, гепатит B ва C вируси сабабли ҳар йили 1.5 миллионга яқин одам вафот этади. Бу эса ОИВ/ОИТС ва безгакдан кўпроқ деганидир.
Юртимизда ушбу хавфли касалликни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 16 майда тегишли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда вирусли гепатитларнинг “В” ва “С” турларини эрта аниқлаш учун республиканинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда юртимиздаги 65 дан зиёд оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ушбу касалликни аниқлаш учун бепул скрининг ташкил этилди.
Жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар 696 147 нафар аҳоли гепатит В турига ва 696 045 нафар аҳоли гепатит С турига скрининг текширувидан ўтказилди, улардан 22 307 нафарида гепатит В ва 22 157 нафарида гепатит С турлари аниқланди.
Гепатит С га қарши дори воситалари хариди учун Давлат бюджетидан 47 млрд. сўм ажратилиши режалаштирилган.
Миср Араб Республикаси билан ўтказилган музокаралар натижасида 800 минг қадоқ Даклотасвир ва Софосбувир дори воситаларини беғараз ёрдам сифатида юбориш учун келишувга эришилди.
Ҳозирги кунда 60 000 қадоқ Даклатасвир ва 7 000 қадоқ Софосбувир дори воситалари гепатит С тури аниқланган беморларга бепул тарқатилмокда. Ушбу дори воситаларини барча вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикасининг марказий юқумли касалликлар шифохоналарида тарқатилмоқда.
Миср Араб Республикаси томонидан беғараз ёрдам сифатида дорилар олиниши туфайли 35,25 млрд. сўм тежаб қолинади. Ушбу тежаб қолинган маблағлар скрининг текшируви учун йўналтирилади ва скрининг сони йилига 1 млн.га етказилиши режалаштирилган. Бу каби тизимли ишлар давом эттирилмоқда.