Юртдошларимиз конституциявий ислоҳотлар жараёнини диққат билан кузатиб, фаол муносабат билдирмоқдалар

Юртдошларимиз конституциявий ислоҳотлар жараёнини диққат билан кузатиб, фаол муносабат билдирмоқдалар

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати


Жойларда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокмасига бағишланган мулоқотлар давоам этмоқда. 

Хусусан, ҳудди шундай учрашувлар бугун Чирчиқ шаҳрида ўтказилди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия аъзоси, Олий Мажлис Сенати аъзоси М.Кадирханова, “Чирчиқ” сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат М.Ходжаева, шаҳар фаоллари, сиёсий партия вакиллари иштирок этди.

Чирчиқ шаҳар ҳокими Д.Хидоятов томонидан олиб борилган йиғилишда таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда.

Уларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра, “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилган.


Шунингдек, ўзгартишлар сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқаролик жамияти институтларининг мақомини ва экологик муҳофаза каби масалаларни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш билан боғлиқ.

Шу билан бирга, қонун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жумладан, парламент ваколатларини кенгайтириш, Президентлик институтини такомиллаштириш, жойлардаги вакиллик ва ижро ҳокимияти органларини ажратиш, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жиҳатдан ривожлантиришнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳам ўз ичига олган.

Конституциявий комиссия аъзоси М.Кадирханова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 24 июнида мазкур Конституциявий қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш тўғрисида қарори қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтди.


Мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси 

учун “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталарида ҳамда “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформасида эълон қилинмоқда.


Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформаси, 1341 қисқа рақами орқали ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Тошкент шаҳри, Бунёдкор шоҳ кўчаси, 1-уй манзили бўйича юбориш ёки бевосита келган ҳолда тақдим этиш мумкин.


Ўтказилган умумхалқ муҳокамаси натижаси умумлаштирилиб, қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилади. Унинг натижаларига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади.


Ушбу йиғилиш давомида чирчиқликлар қатор таклифларини билдиришди, шунингдек меҳнат жамоаларда, маҳаллаларда Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан кенг муҳокамаларни олиб бориш, янги таклифларни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Report Page