Юридик хизмат ходимининг ҳуқуқий эътирози ва таклифи ҳақида
Юридик хизмат ходими тақдим этилган ҳужжат лойиҳаси юзасидан эътироз ва таклифлари бўлмаган тақдирдагина ҳужжатга виза, яъни имзо қўяди. Мана шундай қоидадан ҳаммамиз (юристлар ва рахбарлар)нинг ҳабаримиз бор, тўғрими?
Савол туғилади: юридик хизмат ходими қайси ҳолатларда ҳужжат лойиҳасига эътироз, қайси ҳолатларда таклиф билдириши мумкин?
Амалдаги қонун ҳужжатларида юридик хизмат ходимлари томонидан ҳужжатларга нисбатан эътироз ва таклифлар бериш тартиблари бўйича алоҳида меъёрлар мавжуд эмас. Шунинг учун мазкур ҳолатда биз амалиётдан келиб чиқиб ҳужжат лойиҳаси юзасидан эътироз ва таклиф берилишига оид айрим тавсияларни бериб ўтамиз.
Аввало, юқоридаги эътироз ва таклиф жумлаларининг изоҳи ва мазмунига аниқлик киритиб олсак:
эътироз – арабча сўздан олинган бўлиб, йўлни тўсиб қўйиш, қарши ҳаракат, қаршилик, келишмаслик каби маъноларни билдиради, одатда бирор нарса, таклиф, иш-ҳаракат ва шу кабиларга қарши фикр; қаршилик, норозилик каби мазмунларда қўлланилади (Манба: Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 5-жилди, 67-бет);
таклиф – арабча сўздан олинган бўлиб, буйруқ, топшириқ, вазифа, қийнаш, бурч ва мажбурият каби маъноларни англатади, одатда муҳокама қилиш, амалга ошириш ёки қабул қилиш учун тақдим этилган фикр, масала, маслаҳат каби мазмунларда қўлланилади (Манба: Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 3-жилди, 645-бет).
Юридик хизмат ходими томонидан қайси ҳолатларда эътироз билдирилиши мумкин?
Агар тақдим этилган ҳужжат лойиҳаси амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлса ва мазкур ҳужжатнинг расмийлаштириши ҳамда унинг амалга киритилиши муайян турдаги қонунбузарликни келтириб чиқарса, бу ҳолатда юридик хизмат ходими аниқ ва кескин позициясини, яъни ўз эътирозини билдириши ҳамда ҳужжатни имзоламасдан қайтариши лозим.
Эътироз одатда, ёзма равишда – “эътирознома” деб номланган ҳужжат шаклида берилиши тавсия этилади.
Эътирозномада:
эътирознома берилган жой ва сана;
тақдим этилган ҳужжат лойиҳаси ва уни тақдим этган бўлинма номи;
ҳужжат лойиҳасининг қисқача мазмуни;
ҳужжатнинг эътироз билдирилаётган бандлари ёки жумлалари;
эътироз билдирилаётган бандлар ва жумлалар зид келаётган қонун ҳужжатлари нормалари (қонун ҳужжати номи, моддаси, банди ва хатбошиси);
ҳужжат лойиҳасига виза қўйилмаслигининг сабаблари каби муҳим шартлар кўрсатилиши керак.
Эътирозномалар одатда ноқонуний ҳисобланган ва мазкур ноқонуний ҳолатларни бартараф этишнинг иложи бўлмайдиган ҳужжат лойиҳаларига нисбатан, аниқ позиция сифатида берилади.
Масалан, ходимни ноқонуний равишда бошқа ишга ўтказиш тўғрисида буйруқ лойиҳаси келди: бунда ходим қуйироқ бўлган лавозимга ўтиб ишлашга норози, буйруқ лойиҳасига ходимнинг розилиги илова қилинмаган. Қонунчилик эса бундай ҳолатларда ходимнинг розилиги билангина бошқа ишга ўтказиш мумкинлигини назарда тутади. Демак, ушбу тақдим этилган буйруқдаги ноқонуний бандни тўғрилаб бўлмайди ва айнан шунинг учун аниқ позиция сифатида эътироз билдирилиши ҳамда ҳужжат лойиҳаси имзоланмасдан қайтарилиши тўғри бўлади.
Юридик хизмат ходими томонидан қайси ҳолатларда таклиф берилиши мумкин?
Ҳужжат лойиҳаси юзасидан таклиф берилишида ҳам, ҳужжат виза қўйилмасдан қайтарилади, бироқ таклиф берилган ҳужжатда аниқланган камчилик бартараф этилиб, юридик муносабат билдирилиши учун юридик хизмат ходимига такроран тақдим этилиши мумкин.
Масалан, корхонадаги муайян ишни ташкил этиш тўғрисида раҳбариятнинг қарори тайёрланди ва ҳужжат лойиҳа сифатида юридик хизматга тақдим этилди. Ҳужжат лойиҳасининг умумий мазмуни ва ҳулосаси тўғри, қонун ҳужжатлари талабларига жавоб беради, бироқ лойиҳада айрим хатоликлар мавжуд:
– айрим вазифалар нотўғри тақсимланган (масалан, бош бухгалтерга ходимларга оид буйруқни расмийлаштириш вазифаси, кредит бўлими бошлиғига қарздорликни ундириш бўйича судга даъво ариза тайёрлаш вазифаси юклатилган, аслида ташкилотда кадрлар бўйича инспектор ва юридик хизмат мавжуд);
– ҳужжатда назарда тутилган айрим корхоналарнинг ташқилий-ҳуқуқий шакли хато равишда кўрсатилган (масалан, “Агробанк банк муассасаси”, аслида эса “Акциядорлик тижорат Агробанк” бўлиши керак).
Бундай ҳолатларда, тақдим этилган ҳужжатни ноқонуний ҳужжатга чиқариб қўйиш унчалик ҳам тўғри бўлмайди, чунки аксарият ҳолатларда бундай хатоликлар ҳужжатни ташкилотнинг тажрибасиз ва ҳужжатлар тузиш бўйича етарли малакага эга бўлмаган ходимларининг уқувсизлиги сабабли келиб чиқади. Аслида ушбу ҳужжатдан кўзланган мақсад ва ундан кутилган натижа қонунчилик талабларига мос келади.
Айнан бу каби ҳолатларда юридик хизмат ходими тақдим этилган ҳужжат лойиҳаси юзасидан юридик таклиф бериши, таклифда эса ҳужжат лойиҳасидаги хатоликларни қонун ҳужжатлари ва тегишли ички-меъёрий ҳужжатлар билан асослаши, хато деб ҳисобланган жумлалар ёки бандлар аслида қандай бўлишини кўрсатиши ҳамда ушбу хатоликларни бартараф этиш юзасидан зарур таклифларни бериши лозим бўлади.
Таклиф одатда, ёзма равишда – “таклиф” ёки “юридик таклиф” деб номланган ҳужжатлар шаклида тузилиши тавсия этилади.
Таклифда:
таклиф тайёрланган жой ва сана;
тақдим этилган ҳужжат лойиҳаси ва уни тақдим этган бўлинма номи;
ҳужжат лойиҳасининг қисқача мазмуни;
ҳужжатнинг хатолик мавжуд бўлган бандлари ёки жумлалари;
таклиф билдирилаётган бандлар ва жумлаларнинг хатолигини асословчи қонун ҳужжатлари нормалари (қонун ҳужжати номи, моддаси, банди ва хатбошиси);
хато деб ҳисобланган жумлалар ёки бандлар аслида қандай ҳисобланиши;
аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар кўрсатилиши керак.
Эътироз ва таклифлар алоҳида ҳужжат шаклида берилиши шартми?
Эътироз ва таклифлар юрист томонидан алоҳида ҳужжат сифатида тайёрланиши ёхуд ҳужжат лойиҳасига қонун ҳужжатлари ёки локал ҳужжатлардан муайян асосларни келтириб ўз ёзма фикрини устхат сифатида қайд этиши, сўнгра имзо қўйиш йўли билан ҳам билдирилиши мумкин.
Масалан, корхона эхтиёжи учун товар-моддий қимматликларни сотиб олиш учун танлов савдолари ўтказиш шарт бўлган ҳолатларда танлов (тендер) ўтказиш пакетлари таркибида жиддий қонунбузарликлар мавжуд бўлса, комиссия аъзоси бўлган юрист ўз эътирозини танлов комиссияси йиғилиш баённомасига устхат сифатида ёзиб, имзо қўйган ҳолда маълум қилади.
Юридик эътироз ва таклифлар оғзаки равишда билдирилиши мумкинми?
Юқоридаги ўринларда таъкидлаганимиздек, қонунчилигимизда юридик жиҳатдан эътироз ва таклифлар беришнинг, шу жумладан уларнинг шакллари бўйича аниқ бир тартиб белгиланмаган.Ўз навбатида, юридик хизмат ходими ташаббуси асосида ички локал ҳужжат асосида эътироз ёки таклиф беришнинг муқобил усуллари, масалан, оғзаки равишда муносабат билдириш тартиби белгилаб олиниши мумкин.
Тақдим этилган ҳужжат лойиҳасига оғзаки равишда эътироз ёки таклиф берилганда, ҳужжат лойиҳасидаги муаммоли бандлар асосан, оғзаки музокара йўли билан ҳал этилади, бунда юрист ўз фикрини оғзаки равишда баён этади. Ҳужжатдаги ноқонуний ҳолатлар ҳамда хатоликлар юрист томонидан раҳбарга ёки ҳужжат лойиҳасига масъул бўлган ходимга асослаб кўрсатиб берилиб, оқибати тушунтирилади, ўз навбатида:
– таклиф берилган ҳужжатдаги хато ва камчилик бартараф этилиб қайтадан тақдим этилади;
– эътироз билдирилган ҳужжат лойиҳаси эса ноқонуний ҳолатлар мавжудлиги сабабли тўхтатилади.
Эътироз ва таклифлар беришнинг мазкур икки шакли ҳам самарали ҳисобланади:
оғзаки равишда йўл тутилганида, мавжуд жараён тезкорлик ва ўзаро тушуниш асосида, қисқа муддат ичида ҳал этилиши мумкин;
ёзма равишда олиб борилган амалиёт қўшимча – эътирознома ёки таклиф деб номланган ҳужжатларни тайёрлаш муносабати билан бир мунча вақтни олади, бироқ юристнинг пухта иш фаолиятини ҳамда унинг аниқ юридик позициясини таъминлайди.
Саидали МУХТОРАЛИЕВ (@yuristkadr)