“Юрагимда уруш изи бор”

“Юрагимда уруш изи бор”

Ғалабанинг 75 йиллиги
Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

1941-1945 йилларда Тошкент вилоятидан жами 121.969 нафар киши фронтга кетди. Уларнинг 22.617 нафари жангларда ҳалок бўлди. 19.367 нафар мард ўғлонлар бедарак йўқолди. Булар – уйидаги сўнгги сиқим ғалласини фронтга берган болажон ўзбек аёлларининг оқ ювиб оқ тараган фарзанди, иболи келинларнинг суюкли беги, қўли бир умр ўроғу кетмон тутиб, далада ўтган чапани ўзбекнинг белига қувват бўлувчи алп қоматли ўғиллари – насл давомчилари эди.

Урушнинг аёвсиз қийинчиликларига қарамасдан, фронт ортида бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилган вилоят деҳқонлари, боғбону, чўпонлари етиштирган миллион-миллион тонналаб гўшт, ғалла, пахта, қуритилган мевалар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари, иссиқ кийим-кечаклар, қўнжли этиклар пешма-пеш фронтга жўнатилди. Хонадонлари эркаксиз ҳувуллаб қолган қишлоқлардаги пахта ва ғалла майдонларида ўзбек аёллари Ватанга садоқат ва матонат билан меҳнат қилдилар. Тунлари буғдой ўриб, кундузи пахта далаларида кетмон чопишди.

Бугун Тошкент туманидаги “Калас” маҳалласида истиқомат қилувчи Зуҳриддин ота Исломов ҳам ана шундай оғир кунларнинг бирида, ортида ота-онаси ва меҳрибон яқинларини қолдириб, 19 ёшида урушга отланди. У 1-Украина фронтидаги ҳаво десанти қўшинларининг ўзбек дивизияси сафида жангга кирди. У каби минглаб ўзбек баҳодирлари Украина, Белоруссия, Москва, Сталинград, Кавказ, Қрим, Курск, Днепрь, Марказий ва Жанубий-шарқий Европа тупроқларини немис-фашист босқинчиларидан тозалашда чинакам жасорат кўрсатишди.

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

–Украина тупроғидаги аёвсиз жангларнинг бирида оёғимдан оғир яраландим,-дея хотирлайди 98 ёшли Зуҳриддин ота. – Ҳаммаёқ чанг тўзон, қора тутун ичида қолганди. Ёнингдаги сафдошингни сенга қайрилишга ҳам имкони йўқ. Чорасиз аҳволда эдим. Оёғим тамоман осилиб қолганди. Бир амаллаб снаряд тушиб ўйиб юборган чуқурликка эмаклаб етиб олдим. Жароҳатимдан тинимсиз қон оқарди. Ёнимни пайпасладим ҳеч вақо йўқ. Кийим халтамдан овқат ейдиган қошиғимни тополдим халос. Устимдаги куйлагимни йиртиб, оёғимга боғлаб, уни маҳкамроқ сиқиш учун қошиқ билан бурай бошладим. Бир амаллаб қонни тўхтатдим. Кейин ҳушимни йўқотдим. Шу жойда бир кеча-кундуз қолиб кетдим. Кейинги куни санитарлар қидириб топишди. Госпиталда даволаниб, яна жангга қайтдим. 1944 йили кўкрагимдан яраландим. Ўша жароҳат туфайли кўкрак қафасимда ўқ парчаси (осколка) қолиб кетди У бугунгача қалбимда яшамоқда. Юрагимда уруш изи бор! Ҳар замонда қаттиқ оғриқ беради.

Бугунги тинч-хотиржам ҳаётимиз Аллоҳнинг бизга берган катта неъмати. Юртимиз обод, болаларимиз шоду хуррам вояга етишмоқда. Дастурхонларимизнинг тўкинлигини айтмайсизми. Муҳтожлик, юпунлик нима эканлигини биз кўрдик. Уруш қийинчиликларини бошимиздан ўтказдик. Ундай кунлар бошқа келмасин!

Халқимизнинг фаровон яшаши, мамлакатимиз ободлиги йўлида эртаю кеч тинимсиз меҳнат қилаётган муҳтарам Президентимиз ҳаққига доимо дуодамиз! Турмушимиздаги кейинги уч йиллик ўзгаришларни қаранг. Аҳоли хонадонлари электр таъминоти, газ, ичимлик суви билан муттасил таъминланди. Туманимиз маҳаллалари, кўчалари йилдан йилга обод бўлаётир. Айниқса, биздек иккинчи жаҳон уруши фахрийларига ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ҳурмату эътибордан доимо бахтиёрмиз. Бир бўз йигитнинг эл учун хизмати бундан ортиқ бўлмас. У кишининг ташаббуслари билан моддий таъминотимиз учун ажратилаётган маблағлар биз нуронийларни чексиз қувонтирмоқда. Юртбошимизнинг миллаттимиз тараққиёти, мамлакатимиз юксалиши, ёшларимизнинг илм-маърифатли бўлиб улғайиши йўлидаги ғайрати ва ҳимматидан куч оляпмиз. Буюк алломаларимизнинг маънавий меросига кўрсатаётган ҳурмату эъзози кўнглимизга ажиб бир хотиржамлик бағишлайди!

Бугун Тошкент вилоятида Зуҳриддин отадек уруш оловлари ичидан соғ-омон қайтган, ҳаёти ёшларга ибрат мактаби бўлувчи 86 нафар фахрийлар фарзанду набиралари ардоғида, роҳат-фароғатда, хотиржамликда, шукроналикда истиқомат қилишмоқда. Хизмат тақозоси билан уларнинг кўпчилигини зиёрат қилдик. Машъум кунлар ҳақидаги ибратли хотиралари, сермазмун суҳбатларини тингладик. Ҳар бир хонадондан чиққанимизда нуронийларимизнинг эзгу дуолари бизга ҳамроҳ бўлди.

Фото: Ҳасан Пайдо/Халқ сўзи

Ҳар сафар, биз учун ғанимат ва ифтихор бўлган чеҳраси нурли, дониш нуронийлар билан хайрлашарканмиз, улар юзидаги мамнунлик, қалбидаги хотиржамликни кўриб, академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг қуйидаги сатрлари қуйилиб келаверди:

 

Йигитлар халқларнинг мақтови-кўрки,

Наслнинг жавҳари, давлат таянчи,

Юртнинг ободлиги, тўйлар сабаби,

Элнинг гуркираши, файзи қувончи…

 

Йигит омон бўлса, хавфу хатар йўқ,

Қалқон бор: қалъа бут, қўрғон саломат,

Қизлар кулгусида авжу даромад,

Чоллар уйқусида жаннат, фароғат.

 

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

Ҳасан ПАЙДОЕВ(суратлар)

"Халқ сўзи"


Report Page