«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати демократия ва фуқаролик жамияти соҳасидаги халқаро ташкилот - «CIVICUS» глобал альянсига қабул қилинди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати демократия ва фуқаролик жамияти соҳасидаги халқаро ташкилот - «CIVICUS» глобал альянсига қабул қилинди


«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати дунё мамлакатларида демократия даражаси ва фуқаролик жамияти ривожи мониторинги билан шуғулланувчи «CIVICUS» глобал альянс аъзолигига қабул қилинди. Эътиборлиси, «Юксалиш» ҳаракати Ўзбекистон номидан ушбу халқаро ташкилотга қўшилган илк жамоат ташкилоти бўлди.


Маълумот учун, «CIVICUS» глобал альянс ҳисобланиб, 1993 йилда ташкил этилган. Бош офиси Йоханнесбург шаҳрида (Жанубий Африка) жойлашган. Бугунги кунда ташкилотнинг 175 мамлакатдан 4000 дан зиёд аъзолари мавжуд. Мазкур халқаро ташкилотга жамоат фондлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа шу каби ташкилотлар аъзо ҳисобланади.


«CIVICUS» ўз фаолиятини у ёки бу сиёсий партиялар ёки ҳаракатлардан мустақил равишда юритиб, доимий равишда дунёдаги фуқаролик жамияти ривожи бўйича дастурий маълумотларни тақдим этиб боради. Шунингдек, турли даражадаги минтақавий ва халқаро учрашувлар, махсус лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш орқали соҳа ривожига ёрдамлашади.


«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари, бизнес ҳамжамияти ва академик доира вакилларини турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали бирлаштириб келмоқда.


Жумладан, Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларга турли молиявий ва институтционал кўмак кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, давлат дастурларида назарда тутилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши юзасидан жойларда жамоатчилик мониторинги тадбирларини ҳам ўтказади.  


Ҳаракат иш фаолияти давомида аниқлаган камчиликлар, соҳалар ривожига қаратилган таклифлар ва таҳлилий ахборотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мунтазам киритиб боради.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати

Report Page