“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари Пекин шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманда иштирок этмоқда

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари Пекин шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманда иштирок этмоқда

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари жорий йилнинг 15–22 май кунлари Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё мамлакатлари билан мулоқотга бағишланган биринчи анжуманда иштирок этмоқдалар. Асосий мавзу — “Осиё цивилизацияси ва келажаги умумий ҳамжамият барпо этиш”. Ушбу мавзу юзасидан муҳокамалар бир вақтнинг ўзида олтита алоҳида форумларда бўлиб ўтади.

Дастур доирасида ХХР ва турли мамлакатлардан ташриф буюрган 30 мингга яқин меҳмонлар иштирокида Осиё маданияти карнавали, Осиё цивилизацияси ҳафталиги ҳамда гастрономик фестиваль ўтказилади. 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов мазкур халқаро анжуманнинг очилиш маросимида табрик сўзи билан ҳамда Осиё цивилизацияларининг маданий хилма-хиллиги, ўзаро мулоқотни йўлга қўйишда ёшларнинг ўрни мавзуларига бағишланган форумда маъруза билан иштирок этади.

Шунингдек, тадбирлар доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Хитой Халқ Республикаси Ижтимоий фанлар академиясининг Глобал стратегия миллий институти, шунингдек Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти билан икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши режалаштирилган. 

Бугун, 14 май куни эса Пекин шаҳрида анжуман арафасида ХХР Раиси Си Цзиньпин ва унинг рафиқаси Пэн Лиюань номидан қабул ташкил этилди. Унда ХХР етакчиси Ўзбекистон делегациясини дўстона кутиб олди. 

Норасмий тадбир давомида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Озарбайжон Фанлар академияси президенти Акиф Агахмехти ўғли Ализода, Қирғизистон Республикаси Фанлар академияси президенти Мурат Жуматаев, Токио университети профессори Оки Ясуши ва бошқалар билан фикр алмашди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати