ЮРТ ЭТАГИН ҒАЛЛАГА ТЎЛДИРАЁТГА АЁЛ Ёхуд дала бўйлаб кетаётган ким?

ЮРТ ЭТАГИН ҒАЛЛАГА ТЎЛДИРАЁТГА АЁЛ Ёхуд дала бўйлаб кетаётган ким?

     Гўзал ОХУНОВА

У гарчи қиз бола бўлса-да, хром этиклар кийиб, ғайрат билан далага тушганда ҳатто менман деган эркаклар ҳам орқада қолиб кетарди. Дастлабки иш фоаолиятини 150 гектар ерга кузатувчилик қилишдан бошлаганда атиги 20 ёшли ўспирин эди. Ҳашаротларга қарши курашиш, пахтани абробация қилиш, занг тушган, қурт тушган экинларни тозалаш бўйича муваффақиятли ишларни олиб борган бу қиз ёшлик чоғлариёқ қишлоқ хўжалиги масъулларининг эътиборига тушди. 1998 йилда 82 гектар ерга бригадир этиб тайинланди. Ота катта меҳнат жиловини қўлига олишдан ҳадиксираётган қизига қараб, “Одам қилганни одам қилади. Эплайсан”, деб, елкасига қаттиқ қоқиб қўйди. У эплади. Чунки абжир эди. Ушлаганини узадиган эди. Отанинг қўли билан елкасига тушган масъулиятни кўтара оладиган эди. Ўша кундан буён пахта даласига кириб кетганича ҳали ҳам чиққани йўқ.

“Арабмозор лоласи” фермер хўжалиги раҳбари Фотимахон Юлдашевани бугун тошлоқликлар жуда эъзозлайди. Ҳали ҳам унинг узангисига оёқ қўядиган бирорта мард топилгани йўқ. Ҳамиша фаол ва маррага биринчи етиб келадиган илғор миришкор фермерлардан. У 360 нафар ходимларга бошчилик қилган вақтларидаёқ ҳурмат топган инсон. Тошлоқ туманининг энг чекка - чегара ҳудудига олиб борадиган “Бесаранг” қишлоғи томон очилган мана шу йўллар унинг саъй-ҳаракати билан бўлганинин маҳалла аҳли эсдан чиқармаган. Бригадирлик вақтида 58 нафар қишлоқдошларига берган чек(ер)ларда аллақачон шинам ва файзли уйлар қад ростлаб, бахтли оилалар ҳаёт кечираётгани Фотимахон опани қувонтиради.

“Олис йўл отни синар, оғир йўл мардни синар”, деганларидек, у 2005 йил колхоз тугатилгандан сўнг ҳам ер илмини ўзлаштиришда давом этди. Тендерда қатнашиб, 21 гектар ерни ютиб олди. Гарчи ернинг шўрланиш даражаси юқорилигига қарамай, унумдорлигини оширишга кўзи етди. Бу йўлда ёз-куз билмади. Ернинг шўрини ювиш учун қиши билан тупроқ юзига сув уриб чиқди. Ва мақсадига етди.

Кенгликлар, қир-у адирлар инсонни ижодкорга айлантириши мумкинлигига Фотимахон опа билан суҳбат чоғида иқрор бўлдик. Ҳали йўниб улугурилмаган халқ иборалари, ўсма қўйилмаган бокира сўзлар, маталлар-у мақолларни ўрнида қўллаган қишлоқ аёлининг фикрларидан завқландик:

-        “Севги шундай навбаҳорки,

У тикандин гул қилур.

Тошга жону тил бағишлаб,

Зоғни ҳам булбул қилур”, деганда Эркин Воҳидов меҳр-муҳаббат

мўжизасини зўр ҳаяжон билан ифодалаган, - дейди Фотимахон опа. -   Ерни севсангиз, у сизга бағрини очади. Унинг бағри хазиналарга – мўл ҳосилларга тўла, баракалар билан лиммо-лим. Терса тугамайдиган пахталарни, бошоқларнинг олтинини шу ер беради менга.

Эсимда... 2006 йил эди. Ҳамма еримга пахта эккандим. Чопиқдан чиқариб, арғамчидек қилиб қўйганимизда ёмғир, жала қуйворса бўладими!? Заканларгача тўлиб, ғўзаларим лойқанинг ичида қолиб кетди. Роса хуноб бўлиб турганимда туман прокурори келиб, (исми Жаҳонгир Пўлатов) нафсониятимга тегадиган гаплар билан жуда қаттиқ муомала қилди. Жахлим чиқиб кетди. “Прокурор бўлсанг ўзингга. Мен фермерман. Тўлдирсам оламан, тўлдирмасам, тўлайман деб ер олганман. Нима дейсан? Сув босди дегани ҳосил бўлмайди деганимас. Сен билан кузда гаплашамиз. Ҳозир чиқ еримдан”, деб қувиб солганман. Кейин ёз ичи даладан келмадим. Росса дори солдим. Чанқаши билан эгат оғзидан сувларни қўйдим. Чунки мен лойқа тагида қолган ғўзаларни тирилтириб, ҳосил олиш прокурорнинг эмас, ҳақиқий фермернинг иши эканлигини ўша одамга исботлаш учун охиригача курашдим. Ер мени уялтирмади. “S 6524” номли пахта шунақа ёйилиб-ёйилиб очилдики, беш юз нафардан ортиқ одамлар териб чарчашди. Барака кириб, терса тугамайдиган хирмон бўлди ўзиям. Ўшандан буён еримга қаттиқ меҳр қўйганман.

Қаранг, сентябрда сочган буғдойларим белини тутиб бўлди. Тошлоқда биринчи бўлиб ўзим экдим. Насиб қилса, июннинг бошида юртимиз этагини ғаллага тўлдирамиз.

Бугунги кунда “Арабмозор лоласи” фермер хўжалиги 31 гектардан иборат. Айни пайтда Фотима опанинг турмуш ўртоғи Акбарали Ҳасанов сув бошида экинларнинг чанқоғини қондириш билан машғул. Икки ўғли, келинлари ҳам баҳор келиши билан даладан бери келишмайди. Апрелнинг биринчи ўн кунлигида экиладиган пахтага ерни тайёрлаш ишлари авжида. Опанинг айтишича, кичик келини Одинахон билан ўғли Акмалжон бир-бирини пахта теримида кўриб, ёқтириб қолиб турмуш қуришган экан. Қизиғ-а, дала меҳнаткаш оиланинг тақдирига, бахт-у қувончига айланса... Меҳнатда учрашган диллар узилмас ва муқаддас ришта бўлиб боғланса...

 Қаҳрамонимиз хонадонидаги иссиқхоналарни кўриб, тўғриси, ердан хазина топаётган опага қойил қоласиз. Элас-элас овози қулоққа чалинаётган ўнлаб қорамоллар эса далаларга ўғит етиштириб бериш мақсадида боқиляпти. Ипак қуртининг озуқаси учун қаторлаб экиб ташланган тут кўчатларига сув кириб, барг ёйишга ҳозирлик кўраётгандек кўкаринқираб турибди. Ёз саратонида далалар четига салқин ташлайдиган толларга қучоғимиз етмасаям керак.

Фотима опанинг шийпони ҳам ўзгача файзли экан. Аллақачон гуллаб улгурган мевали дарахтларнинг дала бошидан “нафис чайқалиб туриши” тобора қаддини кўтариб бораётган буғдойзорга илҳом бағишлаб тургандек таассурот қолдиради. Бу ерда ҳамма нарса жонли. Кулранг тупроқдан тортиб, юзларимизни чимчилаётган даланинг ўйноқи шамолигача.

Қаранг, ҳўўў ҳайбатли дала бўйлаб бир аёл бормоқда. Тоғ-у тошлар ботган оёқларида этик, меҳнатда қотган дағал қўлларида ҳалоллик, ёзнинг саратони, қишнинг қорлари қўнган рўмолларида меҳнатсеварлик... фидойилик... яхшилик... Уни шамоллар, дарахтлар, ёмғирлар олқишлаб бормоқда... Танидингизми? У қишлоқ аёли! У ўзбек аёли!



Report Page