ЮРИСТ МАСЛАҲАТИ: БЕМОРНИНГ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚЛАРИ БОР?

ЮРИСТ МАСЛАҲАТИ: БЕМОРНИНГ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚЛАРИ БОР?


 

– Яқинда тобим қочиб, 10 кун шифохонада даволандим. Шунда беморнинг ҳам қонуний ҳақ-ҳуқуқларга эга экани ҳақида эшитиб қолдим. Суриштирсам, мен каби кўпчилик бу ҳақида билмас экан. Агар имкони бўлса, шулар тўғрисида батафсил маълумот берсангиз.

 

– Ҳақиқатан ҳам, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг “Беморнинг ҳуқуқлари” деб номланган 24-моддасида бу тўғрисида батафсил баён этилган. Унга кўра, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ва тиббий ёрдам олаётган бемор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари;

– шифокорни ва даволаш-профилактика муассасасини танлаш;

– санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитда текширувдан ўтиш, даволаниш ва парвариш қилиниш;

– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаб қўйган тартибда ўз илтимосига кўра бошқа мутахассисларнинг консилиум қилиши ва улардан маслаҳатлар олиш;

– тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши;

– тиббий аралашувга ўз ихтиёри билан розилик бериш ёки уни рад этиш;

– ўз ҳуқуқ ва бурчлари хусусида ҳамда соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумот олиш, шунингдек соғлиғининг ҳолатига доир маълумотларни унинг манфаатини кўзлаган ҳолда берса бўладиган шахсларни танлаш;

– ихтиёрий тиббий суғурта доирасида тиббий ва бошқа хил хизматлардан фойдаланиш;

– тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши;

ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун ҳузурига адвокат ёки бошқа қонуний вакил қўйилиши.

Бемор ёки унинг қонуний вакили ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, бевосита даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахсига, юқори бошқарув органига ёки судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.

Шу билан бирга, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг “Оила соғлиғини сақлаш” деб номланган 18-моддасига кўра:

ҳар бир фуқаро давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида оилага тааллуқли масалалар, ўзида ижтимоий аҳамиятли касалликлар ва атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликлар бор-йўқлиги юзасидан, никоҳ ва оила муносабатларининг тиббий-руҳий жиҳатлари юзасидан бепул маслаҳатлар олиш, шунингдек тиббий-ирсий ҳамда бошқа масалалар юзасидан маслаҳатлар олиш ва текширувдан ўтиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, ҳар бир оила ўзига оилавий шифокор танлаш ҳуқуқига эга.

Болали оилалар фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасида қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Уч ёшга тўлмаган болалар, шунингдек шифокорларнинг хулосасига кўра, қўшимча қаровга муҳтож бўлган катта ёшдаги касали оғир болалар стационар шифохонада даволанаётганида уларнинг отаси ёки онасига ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига даволаш муассасасида унинг ёнида бирга бўлиши учун имконият яратилади ва меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

 

Манба: https://www.lex.uz/acts/26013

 

Report Page