ЮРАК

ЮРАК

Эдгар Аллан ПО 

Рост, мен жаҳлдор одамман. Ўлгудек асабим чатоқ. Аввалдан шунақа эдим. Тарки одат - амри маҳол. Лекин сиз мени ақлдан озганга чиқараётганингиз инсофдан эмас. Бу касаллик менинг зеҳнимни ўтмаслаштиргани нўқ, аксинча уни янаям чархлади. Хусусан, эшитиш қобилиятимни янаям оширди.

Эҳ-ҳе, ер тагидан осмон тоқигача ҳар қандай товушни илғай оламан. Ҳатто дўзахдаги нарсаларни ҳам эшитганман. Қанақасига мен жинни бўлай? Яхшиси, ҳаммасини бир бошдан айтиб берай. Сиз диққат билан эшитинг, ўзимни қандай тутишимга, нутқимга ҳам эътибор қилиб турингда.

Бу гап калламга қайдан келди - билмайман. Лекин шу нарса хаёлимни олди-ю, кечаю кундуз орому қарорим йўқолди. Очиғи, бу ишда чолнинг ҳам ҳеч бир дахли йўқ эди. Унга нисбатан адоватим ҳам бўлмаган. Яхши кўрардим уни. Уям бирон марта мени оғринтирмаган. Унинг пулига ҳам кўз олайтирганим йўқ. Менимча, гап унинг кўз қорачиқларида эди... Ҳа, шунақа. Унинг бир кўзи иккинчисидан ажралиб турарди. Худди сувдек тиниқ ва кўкимтир, худди оқиш ва шаффоф парда билан қоплангандек эди. Ана шу кўзларни жуда ёмон кўрардим. У менга қараган пайтида қоним гупуриб кетарди-ей. Хуллас, чолнинг бу совуқ кўзларини умуман кўрмаслик учун уни тинчитиш фикри менда қачон пайдо бўлгани ёдимда йўқ.

Сиз эса, мени қип-қизил жиннига чиқариб ўтирибсиз. Телбалар фикрлай олмайдилар-ку! Сиз менга синчиклаб қаранг-чи. Қаранг, мен бу ишни қилишдан аввал ҳаммасини пухта ўйлаб, режалаштириб, паст-баландини ҳам ҳисобга олиб чиққанман. Қотилликдан бир ҳафта олдин мен чолга нисбатан шунақа меҳрибон бўлиб қолган эдимки, шу пайтга қадар унга бунақа яхши муомала қилмаганман. Кечалари, ярим тунда унинг эшигини қия очиб ичкарига мўралардим. У эса, ҳеч нарсани сезмасди. Эшикни каллам сиғадиган даражада очардим-да, ичкарига ҳар томони бекитилган сирли фонарь нурини бир чизиққа йўналтирардим, кейин эса, калламни суқиб қарардим. Ўша ҳолатни сиз ҳам кўрганингизда ўзингизни тутолмай кулиб юборардингиз.

Мен чолни уйғотиб юбормаслик учун секин илгарилардим. Бошимни тўшакдаги чолни кўра оладиган даражада ичкарига суқиш учун ярим соатча вақт кетарди. Ҳеҳ, бунақа шумликлар жинни одамнинг етти ухлаб тушига кирмайди, мен сизга айтсам. Калламни ичкарига олганимдан кейин секин-аста фонарь нурини оча бошлардим. Ёруғликни унинг чақир кўзларига ғоят усталик билан тўғрилардим.

Мен антиқа машқларни роппа-роса етти кун давомида, яна тенг, қоқ ярим тунда бажарардим. Бироқ, унинг кўзлари ҳар гал юмуқ бўларди, мен эса, чолни эмас, унинг ана шу савил кўзларини ўлгудек ёмон кўрардим. Тонг отиши билан ҳеч нима бўлмагандай чолнинг ёнига кириб, у билан апоқ-чапоқ сўрашардим, унинг соғлиғи, кайфияти билан қизиқардим. Кўриб турибсизки, чол ярим оқшом қиладиган ғалати ишларим ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган.

Саккизинчи оқшом мен унинг эшигини ҳар кунгидан каттароқ очдим. Шу пайтга қадар бунчалик туйғун бўлмагандим. Ҳатто, юрагим ҳам ўзини сездириб қўймаслик учун секин ураётгандай эди. Ўйлашимча, у менинг хуфия рафторим ҳақида на ўнгида, на тушида билолмасди. Шу фикр хаёлимга келиши билан беихтиёр ҳиринглаб юборсам бўладими? Чол овозимдан уйғониб кетди чамамда, каравотидан сапчиб турди-да, қўрққанидан аланглай бошлади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бунақа

пайтда нима қилиш керак? Тўғри, мен ҳам шартта ўзимни орқага олдим. Ўзимни кўрсатмасликка тиришиб секин-аста эшикни ўзимга торта бошладим.

Кейин калламни ичкарига суқиб, фонарни тўғрига йўналтираётганимда бармоқларим парда тутқичидан сирғалиб, қаттиқ овоз чиқарди. Чол эса, жойидан бир сапчиб, бақириб юборди: «Ким бу?»

Жойимда қотиб қолдим, дамим ичимга тушиб кетди. Чол яна ўрнига ётиши учун бир соатлар чамаси қимирламасдан, жим турдим. Чол худди мен ҳар оқшом деворга қулоқ тутиб чирилдоқ қўнғизнинг овозини эшитганимдек, каравотида жим ўтириб қулоқ сола бошлади.

Шу чоқ унинг қаттиқ уҳ тортганини эшитдим ва бу ўлим олди хўрсиниғи эканини пайқадим. Чунки, оғриқдан ҳам, ғамдан ҳам бунақа чуқур оҳ тортиш мумкин эмас. Бу нола фақат қўрқув ғарқ этган юракнинг туб-тубидан чиқиши мумкин эди. Мен биламанда буни. Ҳар гал соат ўн иккига бонг урганда, менинг ҳам даҳшат тўла қалбимдан ана шундай ғайритабиий ун отилиб чиқарди. Шу боис ҳозир чолнинг аҳволини тушуниб, унга ҳатто раҳмим ҳам келди. У кўзларини юммасдан тўшакка ёнбошлаган пайтида бу қўрқув уни тарк этмаганди. У ўзини ҳеч нарса бўлмаганига ишонтиргиси келар, лекин бунинг уддасидан чиқа олмасди. У гўё шунчаки, каминь мўрконида шамол ўйнаяпти, сичқонлар у ёкдан бу ёққа югуряпти, дея ўз-ўзини чалғитишга тиришарди. Бироқ, буларнинг ҳеч бири наф бермаётгани аниқ эди. Чунки, қора зулмат чодрасига ўралиб келган ажал аллақачон ўз қурбони узра кўланкасини ташлаб улгурганди.

Мен уни узоқ кузатиб турдим, ҳеч нарса эшитилмасди. Шунда фонарни ёқиб жудаям кичкина нур толасини эҳтиёткорлик билан унинг қўшниникига ўхшаш кўзларига тўғриладим.

У мудҳиш кўкимтир кўзларини катта-катта очиб ўргимчак тўридек ингичка нур толасига тикиларкан, қорачиқларида ғазабга ўхшаш аломат кўрдим. Унинг асабимга мислсиз азоб берадиган нигоҳларига кўзим тушиши билан миямнинг суякларига қадар музлаб кетдим: айни пайтда мен чолни ҳам, унинг даҳшатга беланган юзини ҳам кўролмас, чунки, шуълани фақат унинг малъун кўзларига ўнглаб турардим.

Шу чоқ қулоғимга алланечук тушуниксиз, худди пахтага ўралган соатнинг чиқиллашига ўхшаган товуш ўқтин-ўқтин чалина бошлади. Бу оҳанг ҳам таниш эди. Чолнинг юраги шундай тепарди. Бу овоз аскарни уруш ноғораси жунбишга келтиргани каби менинг ҳам жазавамни қўзғади.

Бироқ, мен ўзимни тутганча яшириниб турдим. Ҳатто, деярли нафас ҳам олмасдим ва қандай қилиб бўлмасин нурни чолнинг кўзидан силжитмасликка ҳаракат қилардим. Бу пайтда эса унинг лаънати юраги борган сари қаттиқроқ ура бошлади. Қария бемисл ваҳима измида эди. Юрагим эса борган сари тез урарди. Айтдим-ку сизга, асабим жуда чатоқ. Сокин туннинг ўлик сукунатини тилкалаётган бу ёввойи сас мени қанчалик ноқулай аҳволга солиб қўйганини тасаввур қила оласизми? Шундай бўлса-да, бир неча дақиқа мен ўзимни ҳаракатсиз тутиб туришга куч топа олдим. Юрак талотуми кучаяверди. Унинг юраги ортиқча бардош беролмайди, деб ўйловдим.

Шу чоқ яна бир ўткир ўй миямни тилиб ўтди: қўшни эшитса-я? Чолнинг куни битганди. Қулоқни қоматга келтириб қичқирганча, фонарни бор бўйича очиб, хонага отилиб кирдим. Чол эса, бир марта, фақат бир мартагина инграй олди, холос. Мен уни судраб пол устидаги қалин тўшак устига олиб келиб ётқиздим. Ўзимча, мамнун илжайиб қўйдим. Ҳаммаси рисоладагидек кетаётганди. Дақиқалар ортидан дақиқалар ўтиб борар, унинг юраги заифгина уриб турарди. Бу овоз энди деворнинг нариги томонига эшитилмасди. Ниҳоят тўхтади. Чол ўлди. Мен унинг устидаги кўрпани очиб жасадни кўздан кечирдим: чол ҳақиқатан ҳам ўлиб ётарди. Қўлимни узоқ вақт кўксига қўйиб турдим - юрак урмасди. Унинг манфур кўзлари энди мени ҳеч қачон безовта қилмайди.

Агар сиз мени ҳалиям жинни деб ўйлаётган бўлсангиз, ўликни қандай қилиб саранжомлаганимни эшитсангиз, бу фикрингиздан тамоман воз кечасиз. Тун ярмидан оққанди, мен эса, фурсатни бой бермай, эҳтиёткорона ишга киришдим. Аввалига танани бўлаклаб чиқдим. Калласи ва қўл-оёқларни кесиб олдим.

Кейин унинг хонасидаги уч дона пол тахтасини кўчириб олдим-да, ҳаммасини полнинг тагига жойладим. Кейин эса, яна аввалгидек тахталарни жойжойига михлаб қўйдим. Ҳеч ким оддий кўз билан ҳеч нарсани пайқай олмасди. Ҳеч нарсани ювишнинг ҳам ҳожати йўқ эди. Чунки, мен бу ишни катта тоғорада усталик билан амалга оширган, бирор ерга бир томчи ҳам қон сачрамаган эди.

Соат тонгги тўртга яқинлашиб қолган бўлса-да, ҳали кечасига ўхшарди. Қўнғироқ тўртинчи бор жом чалганида, кўча эшиги тақиллади. Ҳеч нарса бўлмагандек, бориб эшикни очдим, нимадан қўрқаман. Уч нафар полиция ходими ўзини таништириб ичкари кирди. Қўшним ярим кечаси бизнинг хонамиздан аллатовур қичқириқни эшитиб, қандайдир нохушлик юз берганлигини гумон қилган ва полиция нозирига хабар берган экан.

Мен мийиғимда кулимсирадим. Нимага қўрқар эканман? Жентльменларни назокат билан ичкарига таклиф қилдим. Уларга кечаси ёмон туш кўрсам дод солиш одатим борлигини айтдим. Чол ҳозирча дам олиш учун қишлоққа кетганини тушунтирдим уларга. Мен меҳмонларни бутун хона бўйлаб айлантириб кўрсатдим. Мана, истаган ерингизни қаранг, кўринг, дедим. Кейин чолнинг хонасига олиб кирдим уларни. Унинг бойликларини кўрсатдим. Мана, ҳаммаси бус-бутунича турибди. Ҳатто, уларни хушмуомалалик билан стул олиб ўтиришга даъват этдим. Чарчаб кетган-да, бечоралар. Мен ўзимни мутлақо ғолиб санардим. Ўзим ўтирган стул боягина суғурилиб қайта михланган тахталар устида, полициячиларнинг рўпарасига қўйилганди.

Улар мендан мамнун эдилар. Мен ўзимни жуда бемалол ва хотиржам тутаётгандим. Уларнинг ҳар бир саволига ҳазил-ҳузул билан жавоб қайтарардим. Шунда улар ўз-ўзича гаплаша кетишди. Бироқ, кўп ўтмай рангим оқара бошлаганини, кутилмаган меҳмонларнинг тезроқ кетишини истаётганимни сездим. Бошим оғриб, қулоғим остида қандайдир овоз шанғиллай бошлади. Улар ҳали-вери турай дейишмасди. Шунда бояги товуш қулоғим тагида тобора яқинроқ, аниқроқ ва қаттиқроқ эшитила бошлади.

Бундан албатта мен бир оз ўзимни йўқотиб қўйдим, бироқ, нутқим ҳалиям равон эди. Овоз эса кучайиб келаверди, нима қилишим керак? Товуш жуда яқиндан, ўқтин-ўқтин, худди пахтага ўралган соатнинг чиқиллаши каби эшитиларди. Мен бу овоздан бўғилиб кетдим. Аммо, ҳукумат вакиллари табиийки, буни эшита олишмасди.

Мен бетоқатлана бошладим, дукурлаш овози эса шафқатсиз суръатда ўсиб борарди. Мен ўрнимдан сапчиб турдим-да, нималарнидир ўзимча ғўлдирай бошладим - овоз кучаяверди. Анавилар нега кетмаяпти? У ёкдан бу ёққа безовталаниб бориб келавердим. Меҳмонлар ҳам мени бир оз хавотирга солиб қўйганди. Овозинг ўчкур овоз эса, варанглаб бораётир. Э Худо! Нима қилишим керак? Аъзои баданимни тер босди, ўз-ўзимча сўкина бошладим. Менинг қурбоним қўним топган пол устида турган стулни асабий айлантира бошладим, олдин-кетин силжитиб, гўёки, шу билан лаънати товушни босиб кетишни истагандим - баттар авжига минди.

Баландлаб бораверди, бораверди, бораверди... Меҳмонлар эса, ҳеч гап бўлмагандек ўзларича гурунглашиб ўтиравердилар. Наҳотки, уларга эшитилмаяпти? Йўқ йўқ, о, Парвардигори олам! Улар эшитишган, билишади, шунчаки, менинг кўрқаётганимни кўриб, калака қилишяпти. Менга ўша пайт шундай туюлганди, ҳалиям шундай туюлади. Нима бўлса, бўлди - шу азобдан қутулсам бас. Уларнинг масхараомуз тиржайишига ортиқча тоқат қилолмайман. Бу кинояли табассумларга бошқа чидолмайман. Агар ҳозир қичқириб юбормасам, аниқ ўламан. Ўҳ лаънати овоз, қулоғимни тешиб юборади ҳозир.

- Ваҳшийлар, - дея бақирдим ўзимни тутолмай, - бўлди, бас, етар!!! Тан оламан, мен ўлдирдим уни, мен! Мана, тахталарни кўчириб олинг! Ҳа, худди шу ерда. Унинг юраги тинимсиз уряпти, унинг юраги мени тинч қўймаяпти!!!



Report Page