ЮНЕСКО

ЮНЕСКО


ЮНЕСКО(инг. UNESCO — United Nations Educational, Scientific and Cultural Organization) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маориф, фан ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган муассасаларидан бири ҳисобланади. Ташкилот давлатлар ўртасида маориф, фан, маданият ва коммуникациялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш йўли билан тинчликка ва халқаро хавфсизликка кўмаклашиш мақсадида 1946 йилда тузилган.

Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари ялпи саводсизликка қарши кураш, маориф тизими ва кадрлар тайёрлашни ривожлантириш, миллий маданиятларни ўрганиш ва тарқатиш, атроф-муҳитни ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, океанография, геология, гидрология социология, коммуникация ва бошқа соҳаларда глобал илмий муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик қилишдан иборат.

ЮНЕСКОнинг ташкилий таркиби Бош конференция, Ижроия кенгаши ва Котибиятдан иборат. Бош конференция ЮНЕСКОнинг олий органи ҳисобланиб, унинг сессиялари 2 йилда 1 марта ўтказилади. ЮНЕСКО бюджети аъзо мамлакатлар томонидан тўланадиган маблағлар ҳисобидан ташкил топади. Ташкилот қароргоҳи Париж (Франция)да жойлашган. ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё цивилизациялари тарихини ўрганишга бағишланган “Ипак йўли мулоқот йўли” жаҳон дастури иш олиб бормоқда.

Мазкур халқаро ҳукуматлараро ташкилотга Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган. ЮНЕСКО доирасида Тошкент шаҳрининг 2000 йиллиги, Хива (1997 йил), Бухоро (1997 йил), Термиз (2002 йил) шаҳарларининг 2500 йиллиги, Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги (2002 йил), “Алпомиш” халқ достони яратилганлигининг 1000 йиллиги (1999 йил), “Авесто” китоби яратилганлигининг 2700 йиллиги (2001 йил) нишонланди.

Бундан ташқари, Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1000 , Абу Али Ибн Сино – 1000, Мирзо Улуғбек – 660, Амир Темур – 660, Аҳмад Ал-Фарғоний – 1200, Имом Бухорий – 1225 йиллик тантаналари нишонланди. ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Амир Темур ҳафталиги ўтказилиб, “Темурийлар даврида фан, маданият ва маорифнинг гуллаб яшнаши” мавзусида илмий конференция ва кўргазма ташкил этилди.

👉🏻Каналга уланиш – @uz_sfa

Report Page