“ЮЛДУЗЛИ ТУНЛАР” ОДДИЙ КИТОБ ЭМАС...
Тавсия
“ЮЛДУЗЛИ ТУНЛАР” ОДДИЙ КИТОБ ЭМАС...
Жуда кўп китоб ўқиганман. Севимли адибларим сон-саноқсиз. Лекин улар орасида Пиримқул Қодиров алоҳида ўрин тутади. Унинг “Уч тилак” “Эрк”, “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони”, “Қора кўзлар” каби асарлари ўқувчилар қалбида ўчмас из қолдирган. Шу асарлар ичида мен учун энг севимлиси “Юлдузли тунлар”дир.
Бу асарни илк бор ўқиганимда юрагимда ғалати бир ҳис уйғонди - гўё мен ҳам ўша Бобур яшаган даврда, ўша юлдузли осмон остида, ўша юраклар титраган тунларда яшагандек бўлдим. Ҳар бир саҳифа, ҳар бир сўз мени ўзига тортди. Бобурнинг орзуси, армони, муҳаббати ва юрагидаги соғинчи мен учун оддий воқеа эмас, балки ҳаёт сабоғига айланди. Асарни яна бир бор қайта ўқиганимда –янги тасаввурлар пайдо бўлди. Асар менинг қалбимга кириб, гўёки у билан сўзлашаётгандек бўлдим. Бу асарни ўқишга тавсия қилган онамдан чексиз миннатдор бўлдим.
Асар марказида буюк сиймо Заҳриддин Муҳаммад Бобур туради. У шоҳ бўлиши билан бирга, нозик қалбли шоир, садоқатли фарзанд ва ватанпарвар йигит эди. Пиримқул Қодиров қаҳрамонни шундай самимий ва юракдан тасвирлаганки, ўқувчи Бобурнинг қувончи, ғами, соғинчи билан яшайди ва унга шерик инсондек ҳис этади ўзини.
Бобур ватанни севиш, илмга интилиш ва сабр билан яшашнинг тимсолидир. У дунё кезиб, тахт ва салтанат ортидан юрган бўлса ҳам юрагининг тубида битта орзу яшаган - Она ватанига қайтиш.
Биз бугун тинч, озод, эркин юртда яшаяпмиз, аммо бу тинчлик, бу озодлик орзуси Бобурдай зотларнинг юрагида туғилган эди.
“Юлдузли тунларда” Бобурнинг шеърий олами сизни лол қилмасдан қолмайди. У шохлик шон-шуҳратидан кўра қалбидаги туйғуларни ифодалашни хўш кўрган. Унинг қуйидаги сатрларида инсонийлик, муҳаббат ва садоқатнинг бутун оҳанги мужассам:
Ҳар кимки ёрни севмас, ҳаётини йўқ деб бил,
Муҳаббатсиз кўнгил - гулсиз саҳро, сувсиз чўл.”
Бу мисраларда Бобур қалбининг нозиклиги, инсоний туйғуларнинг чексизлиги сезилади.
Асарда Бобурнинг муҳаббати ҳам алоҳида ўрин тутади. Унинг муҳаббатидаги поклик, садоқат ҳар бир сатрда сезилиб туради:
“Муҳаббат олови юрагимни куйдирар, aммо бу дардни мен неъмат диб билдим”.
Асарнинг маънавий сабоқлари шундаки, у бизга Ватан энг азиз неъмат, уни соғиниш, уни севиш инсонийлик белгиси эканлиги, садоқат инсоннинг энг гўзал фазилати, орзудан воз кечмай, унга меҳнат билан етишиш кераклиги, билим ва адолат ҳар қандай тахтдан ҳам устунлигини эслатиб туради.
Баъзан кечаси осмонга қарайман. Юлдузлар чарақлаб туради ва мен ўйлайман:”Балки Бобур ҳам шундай осмон остида ўтириб ўз юрти ҳақида ўйлагандир. Балки у ҳам шундай юлдузли тунда “Андижон, сени соғиндим” деб нола қилгандир”.
Асарни ўқиб якунлаганимда шуни тушундимки, “Юлдузли тунлар” – бу тарих эмас, бу руҳият. Бу юракдан чиққан миллат фахрини ифодалаган асар. Бобур образи орқали мен ҳаётда қатъийликни, садоқатни, муҳаббатни ва энг аввало Ватан муҳаббатини ҳис этдим. Ҳар бир юлдуз орзудек порлайди. Мен учун эса ўша юлдузнинг энг ёруғи- Бобурнинг юлдузи. Шу боис, “Юлдузли тунлар” мен учун шунчаки китоб эмас, балки ҳаёт йўлимни ёритган абадий юлдуздир! Агар сизда ҳам ушбу китобни ўқиш фикри туғилган бўлса, кутубхонамизга марҳамат. Уни ўқиб чиқишни бажонидил тавсия қиламиз.
Наргиза РАЙИМОВА, туман Ахборот-кутубхона маркази мутахассиси.