Юқори ҳароратли об-ҳаво шароитида иш қандай ташкил этилади?

Юқори ҳароратли об-ҳаво шароитида иш қандай ташкил этилади?


Dusmurod Tuychiev

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кузатилаётган юқори ҳароратли об-ҳаво шароити корхоналарда ишлалаётган ходимлар ва иш берувчилардан меҳнат фаолиятини тегишли қоидаларга амал қилган ҳолда ташкил этишни талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 211-моддаси ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради.

Иш берувчи хавонинг иссиқ ҳарорати юқори даражаси вақтида биноларда миқроиқлим шароитини яхшилайдиган ускуналарнинг (кондиционер, вентиляция, ишлаб чиқариш майдонларга ўрнатилган қуруқ ҳавони намлаштириш ускуналари ва бошқалар) фаолиятини таъминлаши ва назорат қилиши, техник жихатдан бундай ускуналарни ўрнатиш ва ишлатиш имкони бўлмаган тақдирда ходимларнинг иш режимини ўзгартириш ва дам олиш вақтларини кўпайтириш ёки иш вақтини қисқартириши, ходимларни бепул тоза ичимлик (минералланган) сув билан таъминлаш чораларини кўриши лозим.

Йилнинг иссиқ даврида очиқ майдонларда бажариладиган ишлар иш категориясига (Iа-III) мувофиқ ҳаво ҳарорати 34,2°C-36,0°C дан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланиб (0141-03-сон СанҚваМ), мазкур ҳолатда иш режимини ўзгартирган ҳолда, яъни иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчирган ёки қисқартирган ҳолда ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Корхонадаги бундай ишларнинг рўйхати ва уларни бажаришда иш вақтининг муайян муддати тармоқ (тариф) келишувларида, жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб олинган ҳолда амалга оширилади.

Меҳнат кодексининг 219-моддасига мувофиқ ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриши, агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақлидир. Ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолиши бўйича талаблар белгиланган.

Усмон КАРИМОВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси

меҳнат инспекциясининг Самарқанд вилояти

бўйича меҳнат техник инспектори


Report Page