ЮҚУМЛИ “ҚАҲР”

ЮҚУМЛИ “ҚАҲР”


Абдулла Қаҳҳор мураккаб даврда яшади. Шунга яраша ўз замонининг баланд-пастидан ўтди. Лекин ҳаёт йўли сифатида танлаган соҳаси – адабиётда миллатнинг истеъдодли ёзувчиларидан бири бўлиб қолди, қола билди. Бу – жуда муҳим. Зеро, анча-мунча қаламкаш Қаҳҳор насрда кўтарилган юксакликка фақат ҳавас қилиши мумкин. Ёки ҳасад. Танлов – уники. 

Қаҳҳорнинг теша тегмаган ибораларининг ўзи – бир мактаб. Шунингдек, зиддиятли ҳаёт йўли, йўл қўйган хатолари ҳам қалб кўзи очиқ одам учун турган битгани – ибратхона. Ахир, шундай истеъдодли ёзувчи совет ҳокимияти даврида ўзини қандай тутди, ўз халқи манфаатларига, эътиқоди ва адабиётга қай даражада содиқ қола билди? Қололдими ўзи? Қолган бўлса, бунга қандай эришди, қололмаган бўлса-чи, бунинг учун қандай тўловлар тўлади? 


Нима учун у даҳрийлар империяси даврида, Москва хастахонасида ўлим тўшагида ётар экан, жасадини Ўзбекистонга олиб кетишини шогирди Шуҳратдан (Тошкентдан чақириб олиб!) илтимос қилди? Ахир, Москвадек дунё пролетариатининг бошкентида мангу қўним топиш совет граждани, совет ёзувчиси учун буюк шараф эди-ку?.. Нима учун яна Шуҳратга “мени эскича таомилга кўра, жаноза ўқитиб кўминглар!” дея васият қилди? Ахир, у суяк-суягигача атеист эмасмиди?!.. Ёки даҳрийлик – тирик қолиш учун юзга тортилган ниқоб эдими?.. Давр ниқоби.


 Саволлар, саволлар... 


Биз эса, бундай ўта муҳим саволларга жавоб топишга уринмай, ўзимизни уринтирмай, негадир энг осон йўл – унга тош отишга чоғланиб қолдик... Биз Қаҳҳор ва у сингари бошқа салафларни қоралаш, уларга тош отиш йўлидан эмас, зарурат бўлганда ҳаёт ва ижодини тўғри баҳолаш ва бундан сабоқ чиқариш йўлидан боришимиз керак, деб ўйлайман. Бу, аслида, ўзимиз учун керак, ўзимиз учун фойдали. Зеро, эртага бизни ҳам инкор қиладиган, ҳар сўзимиз ва амалимиздан қийиқ қидирадиган ва албатта топадиган авлод етишиб чиқса (кўпинча шундай бўлади ҳам), дардимизни кимга айтамиз? Гўрдан чиқиб келиб: "болам, мени тушун, мен яшаган даврда бошқача йўл тутиб бўлмасди!" деймизми? Десак, бизга қулоқ солишармикан?..(Бугун биз қулоқ соляпмизми?..) Қаҳҳорнинг ўзи ғойибдан савол бериб қолса-чи, айтайлик тушимизга кириб: "Сен менинг ўрнимда бўлганингда қандай йўл тутардинг? Ахир, қисматдошларимнинг ҳаммаси деярли мен каби йўл тутишди-ку?! Уларнинг қаери ортиқ ёки менинг қаерим кам?.. Сен-чи, сен? Наҳотки, сен ўзгача йўл тутардим, деб ўйласанг?!.. Ертўлада, зах ва совуқ ерда, оч ва чорасиз ҳолингда узоқ муддат исканжага олишса, уришса, одам боласи чидаб бўлмайдиган қийноқларга солишса, яқинларингнинг номусию ҳаёти билан қўрқитишса ва буларнинг бари сен мағлуб бўлгунингча давом этиши маълум бўлиб турса, нима қилган бўлардинг?!.. Ахир, инсоннинг руҳи таслим бўлмаса ҳам, жисми таслим бўлади-ку, дили тик турса ҳам, тили синади-ку!.. Инсон деганимиз асаб толаларидан иборат яратиқ бўлса, унинг қийноқларга чидаши ҳам маълум жойгача эканини наҳотки билмасанг?!.. У ёғига одам боласи дош беролмайди. Ёки сен одам боласи эмасмисан?!" деса, жавобимиз қандай бўлади?..

Ҳа, тинч даврда, иссиқ хонада, оғизга шоколад бўлагини солиб, қаҳвани ичганча, босқинчи жосуслар қийноққа солган ва аксарият ҳолда қийноқлардан енгилиб чиққан аждодларни қоралаш – жуда осон. Бунга, яъни қоралашга фақат бир кишигина – ўша исканжалардан соғ-омон чиқиб, ўз муродига етган одамгина ҳақли. (Тарихда эса бундай қаҳрамон деярли учрамайди). Қийноқ вақтида ўлиб қолганлар ҳисобга кирмайди.

Гарчанд Қаҳҳору Ғафур Ғуломлар қийноққа солинмаган бўлса ҳам, ўша ертўлаларга тушгани рост, бас, агар айтилган йўриққа юришмаса, тақдирлари устозлари – Фитрат, Чўлпон, Қодирийники каби фожиали якун топишини улар аниқ тасаввур қилишган, суяк-суяклари билан ҳис қилишган. Улар шундай пайтда, яъни бошларига ўлим хавф солган пайтда таслим бўлишган. Асло ўз хоҳишлари билан чопиб бориб устозларини, катта авлод – жадидларни ёвга сотишмаган. Бас, шундай экан, уларни қоралашдан олдин (қоралаш осон!), бундай вазиятга ҳеч биримизни тушириб қўймаслигини Яратгандан сўраб дуо қилмоғимиз керак. Ахир, қиёмат қойим бўлганда биров бировни танимайди, билмайди, ҳамма ўз жонини қутқариш пайига тушиб қолади, дейилмаганми?..

Ажаб, нега шундай дейилган экан? – бир ўйлаб кўрайлик. Бу илоҳий огоҳлантириш инсон табиатидан, унинг нимага қодиру нимага қодир эмаслигидан келиб чиқмаяптими сизча?!.. Бас, шундай экан, босқинчиларнинг НКВД чилари томонидан уюштирилган “қиёмат”да “ўзимни Қаҳҳордек, Ғафур Ғуломдек тутиб, авлодлар маломатига қолмайман, у ердан омон чиқаман”, дея катта гапирмаслик маъқулмикан...  


Шобот Хўжаев – Москвага А. Қаҳҳорнинг олдига борган машҳур ўзбек врачи. У киши билан камина бир неча бор учрашганман, суҳбатини олганман. “Шарқ юлдузи” ва “Звезда востока” журналларида муҳаррир бўлиб ишлаганимда Шобот ака қаламкаш неварасини олиб келган. Шундай келишларидан бирида Қаҳҳор ҳақида гап кетиб, “Қаҳҳорни йўқ қилишди” деганди. Ажаб, ҳужайра-ҳужайрасигача совет ёзувчиси дейдиганимиз Қаҳҳорни нега йўқ қилишди экан? Қайси “хизматлари” учун?.. Афтидан, у тузумга ва унинг жиловини тутганларга ёқмайдиган ишлар қилган, сўзлар айтган. Ўша машҳур сўзи – “Мен партиянинг аскари эмас, онгли аъзосиман” дейиши (гарчи шунга яқин фикрни М.Шолоховга нисбат беришади) ўша вақт учун инқилобий гап эди. (Аскар – ҳар қандай буйруқни сўзсиз бажарувчи куч. Онгли аъзо эса ўша буйруқни ўз ақли билан ўйлаб кўради. Маъқул бўлса, бажаради, йўқса, йўқ). Фақат биз амаллар ва сўзларни давр контекстидан узиб олиб, бугунги кун имконларидан туриб баҳолашга мойилмиз. Бундан тепароқ кўтарила олмаймиз. Шу учун ҳам ўзимиздан олдин ўтганларнинг тутимлари бизга кўпинча бошқача келади: уларни ё ортиқча мақтаб юборамиз ёки танқид қилиб ерга киритиб юборамиз. Ўрта йўлни билмаймиз. Қаҳҳорларни тушуниш, унинг ҳаёт ва ижод йўлини англаш учун айнан ўрта йўл керак. Ҳа, у ҳам фаришта эмасди, адиб сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам камчиликлари бор эди. Зеро, “хатосиз қул бўлмас”. Бироқ бу дегани бизга унинг бутун хизматларини бутунича суриб, супириб, ўзига эса нафрат ва қаҳр сочиш ҳуқуқини бермайди. Биргина истеъдодли ёшларни ўз қаноти остида олганининг, айтайлик, ёш А.Ориповнинг бошида қора булутлар сузиб қолганда шоирнинг “Муножот” шеъридан бир парчани ўзининг машҳур “Ўтмишдан эртаклар” қиссасига эпиграф қилиб тақиб қўйганининг ўзи ўша давр учун жасорат эди. И.Ҳаққул “Абдулла Қаҳҳор жасорати” деган китобни бежиз ёзмаган. Чиндан ҳам у ўз авлоди ичида энг жасоратлиси бўлган Қаҳҳор.


Ботир ака деган бир отахон сўзлаб берганди менга: Дўрмонда Абдулла Орипов тенг-тўшлари билан ош қилиб, озгина “анавин”дан олиб ўтирган экан. Машина тўхтабди-да, ичидан Қаҳҳор тушиб келибди. Устознинг ҳурматига ҳаммалари сўридан тушиб, сўрашадилар. Кейин устозни тўрига таклиф қилишади. Қаҳҳор таклифни рад этаркан: “Сизлар баҳузур ўтиринглар! Фақат бир гап ёдларингда бўлсин: ҳаммангни манави қозонга солиб қовурса ҳам битта Абдулла (Орипов назарда тутилади) чиқмайди. Шундай экан, уни эҳтиёт қилинглар!” дея ярим ҳазил, ярим чин қабилида сўз айтиб, йўлида давом этади... Ўша қозон эгаси, яъни ошпаз – Ботир ака бўлади. 


Биз аждодлар ва авлодлар ўртасига нифоқ солиш йўлидан бормаслигимиз керак. Бугун кеча ўтган ижодкорни “фош” қилсак, эртага издошларимиз бизни “фош” қилади, бешикда ётганлар бўлса, вақт келиб бизни “фош” қилганларнинг "миси"ни чиқаради, шундайми?.. Биз қандай анъанани бошламоқчимиз? Бу – хатарли йўл. 


Тўғри, миллат тақдири учун керакли бўлса, ўрни бўлса, тўғри бўлса, давлат раҳбарларининг сиёсат йўлини холис тадқиқ ва таҳлил қилиш, бугунги кун учун зарур жиҳатларини тафтиш қилиш мумкин, ҳатто керак. Чунки бундай инсонлар зиммасида тўғридан тўғри мамлакат ва эл тақдири ётади. Лекин, худо хайримизни берсин, қаҳҳорлар бундай одамлар эмасди-ку!.. Шундай экан, уларни ёзганларини текширайлик. У ерда миллатга, эзгуликка, келажакка қарши гап бўлса, шуни танқид қилайлик.


Майли, ёзайлик ҳам, дейлик. Унда манзарани тўлиқ акс эттиришимиз талаб этилади. Бизга чала эмас, тўлиқ ҳақиқат керак. Дейлик, Қаҳҳорнинг таназзулини кўрсатар эканмиз, юксалиш йўлларини ҳам акс эттира олайлик. Юксалмаган киши қандай қилиб пастга қулайди? Йўқса, у ўртамиёна адиб эмасди. Энг зўрларидан бири эди. Кеча ҳам, ҳозир ҳам.

Биргина мисол: ХХ асрда жадидлар янги ўзбек адабиётига асос солар эканлар, янги тур ва жанрларни барпо қиладилар. Қодирий илк ҳикояни ёзади. Чўлпон ва бошқалар давом эттиради. Лекин рисоладаги ҳикоя жанри талабларига ростмана жавоб бергич ҳикояларни Қодирий эмас, Чўлпон ҳам эмас, балки айнан Қаҳҳор ёзган. Бу ўзбек адабиётининг янгиланишига қўшилган буюк хизмат эди. Ажаб, феълдаги нуқсонлар, ҳаёт йўлида йўл қўйган хатолар туфайли инсоннинг бутун-бутун хизматлари шундоқ чиқиндига чиқариб юбориш мумкинми?.. 


Машҳур ва севимли ёзувчимиз Х.Дўстмуҳаммаднинг “Қаҳр” қиссасига келсак, мен уни қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Бироқ қониқиш билан эмас. Чунки, назаримда, давр манзараси, Қаҳҳор ва бошқа персонажлар портрети бир томонлама акс эттирилган. Қаҳҳор – ўта машҳур ёзувчи. У ҳақдаги танқидий қараш акс этган “Қаҳр” дек асар кўпчилик эътиборини тортиши табиий. Қолаверса, биз кимнингдир “фош” қилинишига ўчмиз. Шунинг учун ҳам ўқувчилар орасида ҳозиргидек тортишувлар, баҳслар бўляпти. Асарнинг аҳамияти йўқми? Бор. У, аввало, мана шундай баҳсларга сабаб бўлгани билан аҳамиятли. Бироқ баҳслардан биз тўғри хулоса билан чиқяпмизми ёки йўқ – мана бу гап муҳим! Асар “Ўтмишга қандай муносабатда бўлиш керак?” деган кўҳна саволни яна бир бор кун тартибига қўйдики, жавобини соғлом қарашларга суянган ҳолда қўлга киритмоқ талаб этилади. Ушбу битик ҳам шу мақсадда ёзилди. Асло, А.Қаҳҳорни кўкка кўтариш ёки Х.Дўстмуҳаммад асарини танқид қилиш учун эмас. (Жуда нари борса, Х.Дўстмуҳаммаднинг “Қаҳр”и Қаҳҳор ҳаёти ва ижодига битта қараш бўлса, ундан ҳам бошқа кўплаб нуқтаи назарлар бор, деган мақсадда ёзилди, деб тушунинг). Эътибор берилса, камина “Қаҳр” қиссаси тўғрисида эмас, Қаҳҳор ва, умуман, ўтмиш меросга муносабат ҳақида сўз сўзлашга ҳаракат қилдим. Чунки ижтимоий тармоқларда қисса баҳона айнан ўтмиш мероси ва унда ҳаракатланган сиймоларга бўлган муносабат кўп ўринларда соғломликдан узоқлашиб бормоқда.


Фикр юритайлик, фикр билдирайлик, лекин, муҳими, ўз қарашларимизда қораловчи курсисига ўтириб олиб, кимнингдир юзига бармоғимизни нуқиган кўйи: “сен айбдорсан!” дея қўлимизни бигиз қилмайлик. Масаланинг бир томони “Қул хатосиз бўлмас”, иккинчи томони эса – бизнинг ўзимиз “қаҳрамон”имиз ўтган йўллардан ўтканимизча, улар тушган чуқурлардан соғ-омон чиққанимизча йўқ. Бас, шундай экан, ўтмишга, ўтмишдаги қаҳҳорларга қаҳр қилмайлик. Зеро, қаҳр юқумлидир. 


Улуғбек ҲАМДАМ

Report Page