Ётоқхонадаги тартиб бузарликлар жойида ўрганилди
Хабарингиз бор, куни кеча Олий ва ўрта махсус таълим вазири бошчилигида ўтказилган йиғилишда ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим салбий видеолар бўйича ҳолатлар 4 та олий таълим муассасаси масъуллари иштирокида муҳокама қилинди.
Ушбу ҳолат вазирнинг биринчи ўринбосари ва масъуллар иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Дастлаб, бир жойда жойлашган Тошкент давлат техника университетининг 91-сонли ва Ўзбекистон миллий университетининг 14-сонли ётоқхоналарида талабалар учун яратилган шароитлар билан танишилди.
Шундан сўнг декан, декан ўринбосарлари ва тьюторлар билан учрашув ўтказилиб, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган ҳолат бўйича масъуллардан изоҳ сўралди.
Масъулларнинг бефарқлиги, масъулиятсизлиги сабабли шу каби ҳолатлар юзага келаётганлиги, уларнинг талаба муаммоси, дарди, бўш вақтида нима билан машғул эканлигидан бехабарлиги, талабабай ишлашдаги камчиликлар танқид қилинди. Қисқа муддатларда камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.
Сўнгра талабалар билан суҳбат бўлиб ўтди. Айрим талабалар ножўя хатти-ҳаракати билан одоб-ахлоқ қоидалари нормаларига риоя этмагани, бу билан эса жамоатчилик тартибини бузишгани афсус билан тилга олинди.