Ёш истеъдод эгаси Акмал Муҳиддинов Бухорода қадимий қоғоз ишлаб чиқариш ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга бел боғлаган

Ёш истеъдод эгаси Акмал Муҳиддинов Бухорода қадимий қоғоз ишлаб чиқариш ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга бел боғлаган

Buxoro.uz

Юртимизда мустабид тузум барҳам топганидан сўнг халқ амалий санъатининг қирққа яқин турлари, жумладан, ҳунармандчилик ва мусаввирлик, тасвир санъат уйғунлашган каштачилик, сўзаначилик, зардўзлик, патдўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, мисгарлик, пичоқчилик равнақ топа бошлади. Ҳар бир йўналишда уста ҳунармандлар санъат даражасида маҳсулот яратиш баробарида ўнлаб шогирд етиштириб, улар кўмагида сайқал берган ўз шахсий коллекциялари, бетакрор буюмларини нафақат юртимизда, балки чет элларда ҳам мухлису мутахассислар эътиборига ҳавола қилиб, катта қизиқиш ва эътирофга сазовор бўлмоқдалар.

Халқ ҳунармандлари ҳамда мусаввирларининг “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари сони бугун 20 минг нафарга етгани, албатта улар ортидан юзлаб шогирдлар етишиб чиқаётгани бу фикримизга далил. Ана шу ҳунар турлари қаторида бугун кўҳна ва ҳамиша Бухорода ўзига хос қўлбола қоғоз ишлаб чиқариш саноати азалдан шакллангани ҳозир баъзилар учун янгилик бўлса, ажабмас. Бадиий миниатюра санъатига ошуфта мусаввирларимиз азалдан ўз асарларини ёки ҳаттотларимиз нодир қўлёзмалар, китобат санъатини ана шундай пишиқ ипак, увада ёки қамиш қоғозларга битиб, улар умрибоқийлигини таъминлаганлар. Зеро, қоғоз тарихий ёзма манбаларнинг бизгача етиб келишида беқиёс аҳамиятга эга, инсоният маданий-моддий меросининг бебаҳо бойлиги сифатида қадрли.

Қадимда қоғознинг ўнлаб турлари ихтиро қилингани баробарида улар санъат даражасида тайёрланган. Китобат санъатида қоғознинг ўрни ва аҳамияти нечоғли юқори бўлса, саҳифалари сатҳида сиёҳ ва бўёқни яхши сақлаши, миниатюра тасвирларини ёрқин рангларда теран ифодаланишида бежирим, нозик ва сеҳрли қоғоз сифатига алоҳида баҳо берилган. Қадимги Бухорода ёзув санъатининг ўттизга яқин тури––ҳуснихати ишлатилган бўлса, “Шарқ уйғониш даври” дея ном олган IX-XII асрларда ёзма асарлар гўзал ипак, ёғоч, пахта, қамиш, ва бошқа ашёлардан бир неча босқичда маҳорат билан тайёрланган.

1994 йилда Покистоннинг Исломобод шаҳрида ўтказилган “Ҳунармандлар иш устида” деб номланган халқаро кўргазмада маҳорат ва истеъдод соҳиблари, етук ҳаттотлар қаторида бухоролик зукко олим ва Ислом дини билимдони Абдуғаффор Раззоқов маҳаллий Бухоро қоғозига ёзилган ҳусни хат билан иштирок этиб, элликка яқин давлатдан иштирок этган хаттотлар орасида мутлоқ ғолибликни қўлга киритган. Юртга қайтганида Абдуғаффор хаттот нодир қўлёзмалар ва миниатюра санъати учун қадимий косибий қоғози етишмаслигидан жуда куюнганини билодирган эди. Мана, бугунга келиб ана шу кемтиклик ўрни қайта тикланмоқда. Самарқанд вилоятининг Конигил қишлоғида қўлбола усулда эски қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, Бухорода ҳам воҳанинг хос қоғози тайёрлана бошлади.

Ана шундай мураккаб, заҳматли иш билан шуғулланишни ўз зиммасига олаётган ёш изланувчан ҳунармандлардан бири “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, Бухоро тумани Қайрағоч қишлоғида туғилиб вояга етган Акмал Муҳиддиновдир. Бухоро қоғозини қайта тиклашга жазм этган Акмал ўз соҳаси мутахассиси сифатида 1999–2006 йилларда Ўзбекистон Бадиий Академияси қошидаги Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институтининг магистратурасини муваффақиятли тамомлаган. Ёғоч ўймакорлиги ва миллий сомон санъати билан шуғулланиб келаётган ёш иқтидор эгаси қадимий қоғоз тайёрлаш услубига қизиқиб қолиб, жиддий изланишга киришган. У ёғоч ўймакорлиги ва сомондан яратган жажжи санъат намуналари билан АҚШ, Германия, Венгрия, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Қозоғистон каби давлатларда ўтган халқаро кўргазмаларида муносиб қатнашиб, алоҳида олқишга эътирофга сазовор бўлган бўлса, юртимиздаги қатор меъморий обидаларни безашда унинг асарларидан ҳам фойдаланилган.

— “Қоғоз” сўзининг луғавий маъносига тўхталсак, “Қосиди роз” яъни, “оқ хабарчи” деган маънони билдиради, – дейди ёш ҳунарманд Акмал Муҳиддинов. — Биргина мисол, қадимий Пойкенд харобаларини археологик тадқиқ қилинганида, катта ҳунармандлар растаси фаолият юритгани, унда хумдон, рангрезлик, шишапазлик, дорупазлик каби шахобчалари бўлгани тадқиқ қилинган. Қоғозпазлик, қоғоз оқартириш, суфталаш ва ёғлаш дўконларининг бўлгани тўғрисида шаҳар харобалари бағридан маълумотлар юз кўрсатди. Қадимий шаҳар харобаларида 22 йил археологик қазув ишларини олиб борган Россия ва Ўзбекистон олимларининг изланишларида бу борада қатор маълумотлар келтирилган. Бундан келиб чиқадики, Бухоро қоғозининг тарихи ҳам жуда узоқ даврни ўз ичига олади. Ёзув тарихига назар солсак, тоштахталар, қадимий ғорлар деворларидаги сувратли ифодалар давр ўтиши билан қоғозга ўтгани сир эмас.

Баъзи тарихчиларнинг маълумотига кўра, бундан 4,5 аср муқаддам Зарафшон дарёси сувидан баҳор ойларида олтин зарралари йиғиб олинар, бу йиғманинг номи ҳам хом тилла дейилган экан. Кейин “тиллои хом”ни махсус рецепт асосида пишириб, ундан зардўзлик, пул муҳр этиш, турли тақинчоқ, билакузук тайёрлашда фойдаланилган. Худди шу жиҳат қоғоз ишлаб чиқаришда ҳам ўз аксини топган. Қоғоз сифатли бўлган, чунки таркибида фойдали маъданлар сероб бўлиб, тез сарғаймаган, яхши сақланган, тупроқ остида, ҳавоси зах жойларда тез чиримаган, турли зараркунандалар таъсири кам бўлган. Бунга қоғознинг таркибидаги ишқори асл бўлгани ҳам сабабдир.

Ёш изланувчан ҳунарманднинг сўзларига кўра, Бухоронинг Ғарб томони қуёш ботарида то Урганч шаҳригача “Минг шаҳар” карвон йўли––савдогарлар расталари, қўналғалари кўп бўлган. Бухоро, Пойкенд, Вардонзе, Зандани, Ромитан, Варахшадан ташқари, мазкур “Ҳазор шаҳар” деб ном олган гўшада қад ростлаган қалъа, қўрғон, кентда ишқор, хом ашё, қоғоз, елим, шира сероб бўлган, бунда маҳаллий гиёҳ ва ўсимликлардан ҳам кенг фойдаланилгани сабабли қоҳоз тайёрлашга эътибор кучли бўлган. Масалан, маҳаллий шароитда чор-атроф, ҳавза ва кўллар бўйида қамиш кўп бўлган. Бу ҳам қоғоз учун асосий хом ашё бўлган. Яна Қорақир, Учқулоқ, Кампирчопон, Қирққизлар, Қизилқир, Сеталак, Гужумли, Қумшаъба, Биби Кабудпўш, Қумсултон каби қадимий мавзе ва тепаликларда саксовул, юлғун, янтоқ, қорашўра, қушкўзи каби ўсимликлар кўп бўлганидан уларда қоғозпазлик шахобчалари ҳам етарлича ва гавжум бўлган.Ишлаб чиқарилган қалин қоғоздан фақат ёзув-чизувда фойдаланилган. Ўз даврида Варахша, Пойкенд, Зандана, Таровча, Тавонс, Соктаре, Ҳажвон, Бапоб, Поноб, Сакбиён, Шикаркент, Нарчоҳ, Бисбирий кентларида ҳам қоғоз ишлаб чиқариш дўконлари кенгайиб борган.

Қадимий қоғоз тайёрлаш саноатига бўлган қизиқиши сабабли юқоридаги манбалар, ўқиб-ўрганишлари самараси ўлароқ, ёш ҳунарманд Акмал Муродов 2017 йилда “Бухоро қоғози тарихи ва қайта тикланиши” деб номланган мўъжаз китобига тартиб берди. Мазкур қўлланмада муаллиф қадим воҳанинг шаклланган қоғоз тарихи, хат-ёзуви, “Минг шаҳар” ва Варахшада қоғоз шахобчалари ва жувозлар, Ғурбун жувоз қоғози, ишқорлар ва совунпазлик саноати, гужум ва бошқа дарахтлардан қоғоз олиш усуллари, қорашўра ва қамишқоғоз, буғдой ёрмаси суртилган ақиқдазмол варақлар, талқондан тайёрланган елим, пахта чиқити––увададан тайёрланадиган қоғоздан тортиб, Бухоронинг қадимий ипак қоғозигача маълумот берган. Бунда қадимий адабиётлар ва ахборот манбаларига таянган.

Фақат шугина эмас. Шу йил 28–30 май кунлари қадим шаҳримизда юқори даражада бўлиб ўтган “Ипак ва зираворлар” фестивали доирасида Галаосиё шаҳрида “Нақшбанд” ҳунармандчилик маркази тантанали равишда очилди. Натижада миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, бу орқали халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини сақлаб қолиш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшлар ва аёлларнинг ҳунармандчилик билан шуғулланишига кенг имконият яратилди. Ёш изланувчан ҳунарманд Акмал муҳиддинов эса ана шу марказнинг раҳбари сифатида катта куч-қувват билан иш бошлади. 

— Бухоро туманининг Янги шаҳар кўчасида жойлашган 1 гектар ер майдони ҳудудида бир йил давомида олиб борилган қурилиш–бунёдкорлик ишлари натижасида шундай шинам ва сайёҳлар эътиборини тортадиган замонавий ҳунармандчилик маркази қад ростлади, – дейди уста ҳунарманд, “Нақшбанд” ҳунармандчилик марказининг раҳбари Акмал Муҳиддинов. — Марказда 30 дан ортиқ ҳунарманд иш фаолиятини олиб бораётган бўлса, уларга қирқдан зиёд ёш шогирд тушган. Келгусида хорижлик ҳамда маҳаллий сайёҳлар учун маҳорат дарслари ташкил этилади. Ҳозирда фаолияти йўлга қўйилган ҳунармандчилик йўналишларидан ташқари тош ўймакорлиги, хаттотлик, миниатюра йўналишларида ҳам ўқув курслари ташкил қилинади.

Ҳунармандчилик маркази асосий уч бинога бўлинган. Биринчи бинода тасвирий санъат музейи, ресторан ҳамда сайёҳлар учун меҳмонхона ўрин эгаллаган. Иккинчи бинода Бухоро ипак қоғози, каштачилик намуналари, сомондан тасвирий санъат асарлари тайёрланади. Учинчи бинода эса ёғоч ўймакорлиги устахонаси жoйлашган.

Хулоса қилиб айтганда, вилоятда ҳунармандчиликни ривожлантириш, қадимий қоғоз саноатини йўлга қўйиш орқали жумладан, чет эллик меҳмонлар эътиборини тортиш, туризмни ривожлантириш, ёшларни ҳунарга меҳр қўйишларида, қолаверса, “Нақшбанд” ҳунармандчилик маркази фаолиятини барқарор изга солишда Акмал Муҳиддинов сингари истеъдод эгалари, ўз ишининг усталари бор куч-ғайратини аямайди деган умиддамиз.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати   

Report Page