Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда 

Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда 


Жорий йилнинг 20 сентябрь куни тахминан соат 14:00 ларда Бўстонлиқ тумани, “Чинор” МФЙ, Ширмонбулоқ кўчасида жойлашган 7 та уйда ёнғин содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин фуқаро С.Саидбобоевга тегишли 38-уйда электр узатгичда юзага келган қисқа туташув оқибатида уйнинг том қисмида юз берган, кейин ёнма-ён жойлашган 30, 32, 34, 36, 40-уйларга ўтган.

Ёнғинни бартараф этиш учун ФВВ туман бўлимининг 65 нафар ходими, 9 та ўт ўчириш махсус автомашинаси, 3 та сув ташиш техникаси ҳамда туман йўл қурилиш бўлимининг 3 та сув ташиш техникаси жалб қилинди.

Шунингдек, ёнғинни ўчириш учун туман ИИБнинг 6, Миллий гвардия туман бўлимининг 10, маҳалланинг 50 нафар кўнгилли ёшлари жалб қилиниб, кўрилган тезкор чоралари натижасида соат 18:00 ларда ёнғин тўлиқ ўчирилди.

Ҳозир ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ФВВ вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилмоқда. 

Шу билан бирга, туман ҳокими бошчилигида ҳодиса жойида штаб ташкил этилиб, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, талофат кўрган ҳар бир хонадон эгалари билан суҳбат ўтказилди ва уларнинг хоҳишига кўра, вақтинчалик яшаш жой билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Фуқароларнинг уй-жойларини қайта тиклаш ва ёнғин оқибатларини бартараф этиш учун тумандаги барча коммунал ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ҳамда уларнинг техника воситалари жалб қилинди. 

  Айни пайтда тегишли амалий тадбирлар (фуқароларга психологик ёрдам кўрсатиш, худудни чиқиндилардан тозалаш ва бошқа) олиб борилиб, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Report Page