Ёмғирлатиб суғориш тизимини ишлатиш 

Ёмғирлатиб суғориш тизимини ишлатиш 

Томчи канал

Ёмғирлатиб суғориш тизимини ишлатиш


Ҳар қандай экин даласида қурилган ёмғирлатиб суғориш тизимини тўлиқ ишга туширишдан олдин унинг ишлаши синаб-текшириб кўрилади.


Синаб-текшириб кўриш тизимнинг насос қурилмасини ҳар хил режимларда ишлатиб кўриш, ёмғирлатиб суғориш тизими қувурларини ювиш, тизим қувурларида етарли босим юзага келтирилаётганлигини аниқлаш, ёмғирлатгичларнинг сув сепиши ва ёмғир экин майдонини тўлиқ қамраётганлигини текшириб кўришдан иборат.


Синов-текширув даврида тизим қувурларининг уланган жойларидан сув чиқмаётганлигига ва ёмғирлатгичларнинг сувни тўғри сепаётганлигига алоҳида эътибор қаратилади. Агар сув чиқаётган жойлар аниқланса уларни бартараф қилиш чораси кўрилади. Ёмғирлатгичнинг нотўғри ишлаётганлиги аниқланганда эса уни тозалаб қайта ўрнатиш, шунда ҳам бўлмаса уни алмаштириш чораси кўрилади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ёмғирлатгичларнинг ишлаши барча суғоришлар давомида доимий кузатиб турилади.


Ёмғирлатиб суғориш тизимини ишга тушириш насос қурилмасини ишга туширишдан бошланади. Насос ёрдамида тизимга етказиб берилаётган сув тизимнинг барча ёмғирлатгичларидан бир хилда сепилаётганда тизим тўғри ишлаётган саналади.

Ёмғирлатиб суғориш вақтида даланинг тупроғида етиштирилаётган экинни нормал ривожланиши учун зарур бўладиган намликни ҳосил қилиш суғоришни ўтказишнинг асосий мезони сифатида қабул қилиниши лозим.


Ёмғирлатиб суғоришда бериладиган сувнинг миқдори бошқа суғориш усулларидаги каби дала тупроғининг суғоришдан олдинги намлигини аниқлаш асосида белгиланади. Суғоришнинг давомийлиги эса насос қурилмасининг сув етказиб бериш қуввати, яъни ҳисоблаб чиқилган суғориш меъёрини қанча муддатда етказиб берилиш мумкинлиги асосида белгиланади.


Аксарият ёмғирлатиб суғориш тизимларида бир гектар экин майдонини суғориш учун бир соат давомида одатда 50-70 м3 миқдорда сув сарфланади. Суғоришнинг ҳисоблаб чиқилган талаб қилинадиган меъёри (нетто) эса одатда 500-1000 м3 оралиғида бўлишини ҳисобга олинса, бир марта ёмғирлатиб суғоришни ўтказиш учун тизимни 10-15 соат муддатда ишлаши лозим бўлади.

Қуйида келтирилган расмда ёмғирлатиб суғориш тизимини ишлаши натижасида дала тупроғи намлигининг визуал ўзгаришлари кўрсатилган.


Report Page