Ёмғир ёки қор туфайли ерга ўтирмасдан, тик турган ҳолда, олдинги сафдаги намозхонлар елкасига сажда қилиб намоз ўқиш мумкинми?

Ёмғир ёки қор туфайли ерга ўтирмасдан, тик турган ҳолда, олдинги сафдаги намозхонлар елкасига сажда қилиб намоз ўқиш мумкинми?

Andijonhanafiylari
ANDIJON HANAFIYLARI

Жавоб:

Ва алайкум ассалом. Фиқҳий манбаларимизда жамоат кўпайиб зиҳом (ўта зич тиқилинч) ҳолати бўлганда намозхон олдинги сафдаги бошқа намозхоннинг белига сажда қилиши мумкин деган масала бор. Жумладан ҳанафий мазҳабимизда мўътабар матнлардан бири “Мухтасар ал-виқоя” асарида қуйидагича баён этилади:

و على ظهر من يصلى صلوته فى الزحام

Тиқилинч чоғида унинг намозини ўқиб турган кишининг белига сажда қилиши жоиз бўлади”.

Худди шу иборага Шамсуддин Муҳаммад Хуросоний раҳимаҳуллоҳ шундай изоҳ беради:

Сажда қилинмиш киши сажда қилувчининг намозини ўқиётган бўлиши керак. (Яъни икковлари бир имомга иқтидо қилиб битта намозни адо қилаётган бўлишлари шарт. Агар бошқа-бошқа намоз қўиб туришган бўлса, ёки сажда қилинмиш киши умуман намоз ўқимаётган бўлса, унинг белига сажда қилиш жоиз бўлмайди).

Бу жоизлик қачонки сажда қилувчининг икки тиззаси ерда бўлса. (Яъни, бировнинг белига сажда қилувчи киши ўзининг тиззаларини ерга қўйган ҳолда бўлиши шарт. Агар тиззаларини ерга қўймасдан тик ткрган ҳолда бировнинг бели ё елкасига сажда қилса жоиз бўлмайди).

Баъзи ривоятларда иккинчиси ерга сажда қилиган бўлиши шарт, деб ҳам айтилган. Садр ал-қузот: “жоиз бўлаверади, агарчи икинчиси учинчисининг белига сажда қилган бўлса ҳам. Зеро “Жумъат ул-кифоя”да шундай ёзилган” деган. (Бу гапга кўра, биричнси сафдагилар ерга, уларнинг ортидагилар эса бир-бирларининг белига сажда қилиши жоиз экан).

Зиҳом деганда намозхонлар кўпайиб, жой етишмасдан бир-бирларини суриб-суриб, жой талашиш ҳолати тушунилади. (Мана шу ҳолат бошқа кишининг белига сажда қилишга арзирли узр бўла олади. Жойнамоз ё либосларнинг хўл бўлиб кетишини олдини олиш кабилар шаръий узр бўла олмайди).

(Мухтасар ал-виқоядаги матнда) қуйидагиларга ишора бор:

1-   Зиҳом чоғида одамлар озайиб, бемалол ерга сажда қилиш имкони туғилгунича намозни бироз кейинги вақтига таъхир қилиб, кутиб туриш мустаҳаб бўлади. Зеро, “Жаллобий”да шундай дейилган.

2-   Олдинги сафдаги намозхоннинг белидан бошқа аъзосига сажда қилиш жоиз бўлмайди. Лекин “Зоҳидий”да намозхон узр сабабли ўзининг сонига, ёки этагига сажда қилса бўлади, дейилган. Бу танланган мухтор қавл. Шунингдек, енги ва қўлларига ҳатто узр бўлмаган чоғда ҳам сажда қилса бўлади, дейилган.

3-   Намоз ўқимаётган одамнинг белига сажда қилиш жоиз эмас. Зеро, Ҳасан ибн Зиёд шундай деган. Лекин (имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ) “Асл”да намоз ўқимаётган одамнинг белига тиқилинчда сажда қилса бўлади, деган. Зеро, “Муҳит”да шундай келган.

4-   Агар сажда қилиш учун ерда бўш жой бўлсаю, лекин кимнингдир белига сажда қилса бу саждаси жоиз бўлмайди. Зеро, “Қодихон”да шундай дейилган.

5-   Тиқилинч пайтда сажда қиладиган жой намозхоннинг қадами турган жойдан ярим зиро (30-35 см) миқдорича баланд бўлиши жоиз. Бошқа пайтларда эса сажда жойининг ердан баланд бўлиши жоиз эмас. “Оммат ул-мутадовилот”да айтилишича, саждагоҳ ердан тик ҳолатдаги икки ғишт миқдоридан баланд бўлиши жоиз эмас. Бунда Бухоро ғиштлари назарда тутилган бўлиб, унинг тик ҳолдаки иккитаси бир зироънинг тўртдан бир қисмига тўғри келади. (Жоме ар-румуз 87 – Б).

Хулоса қилиб айтганда, намозхон олдинги сафдаги намозхоннинг белига сажда қилиши учун аввало икковлари бир имом ортида битта намозни ўқиб турган бўлишлари, жамоат жуда катта бўлиб, ерга сажда қилишнинг умуман имкони бўлмас даражада тиқилинч бўлиши, биринчи сафдагилар ерга сажда қилган бўлиши лозим. Жойнамоз ё либосларнинг хўл бўлиб кетишини олдини олиш мақсадида тик турган ҳолда олдинги қатордаги одамларнинг елкасига сажда қилиб намоз ўқишлари жоиз бўлмайди.

ЎМИнинг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби

Мирзамақсуд домла Алимов.


Report Page