“ЁЗ” ЎТМОҚДА СОЗ!

Бу йилги ёзги таътилда кўпчилик ота-оналар фарзандларини оромгоҳга юборишга иккиланган бўлишлари мумкин. Бироқ хавотирга ўрин йўқ. Чунки “Зангори олов” оромгоҳи Тошкент вилоятининг “Бўстонлиқ” туманида жойлашган. Атрофи тоғ ён бағри, зилол сув ва табиатнинг соф ҳавоси билан тўйинган.
“Ҳудудгаз Тошкент шаҳар” МЧЖ тасарруфидаги “Зангори олов” болалар оромгоҳи ёзни интиқиб, соғиниб кутган болажонларимиз учун ўз эшигини очди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Ариповнинг 2020 йил 26 май кунидаги болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингини таъминлаш топшириғи асосида мазкур оромгоҳга янги санитария-гигиеник қоидалари ва меъёрларидан келиб чиқиб, ёзги мавсумнинг биринчи бўлимига 120 нафар болалар қабул қилинди.

12 кун белгиланган дам олиш кунида 200 нафар болаларни 3 сменада қабул қилиниши режалаштирилди. Қолаверса, болалар ёзги таътилни унумли ва сермазмун ўтказишлари мақсадида, малакали ва тажрибали педагог ходимлар, тарбиячи, етакчи ва тўгарак раҳбарларининг энг муносиблари танлаб олинди. Ширин таомларни улашаётган моҳир ошпазлар эса ҳамиша бор бўлсин. Табиат қўйнида асл таомларни тановвулидан сўнг, болалар янада куч олиб, руҳий тетик бўладилар.
Карантинда оромгоҳнинг илк тантанали очилиш маросими 23 июнь куни бўлиб ўтди. Болаларнинг кулгуси ва хурсандчилигининг чеки йўқ. Тадбир майдонига ёқилган улкан олов эса оромгоҳнинг очилишидан дарак бўлди. Бу тадбирда каттаю-кичик қатнашган ҳар бир бола севган эртак ва мультфильм қаҳрамонларини ижро этди. Шунингдек, тадбирда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамда “Ҳудудгаз Тошкент шаҳар” МЧЖнинг раҳбарият ходимлари иштирок этдилар.
“Ҳудудгаз Тошкент шаҳар” МЧЖ матбуот хизмати