ЁВВОЙИ АТИРГУЛ

ЁВВОЙИ АТИРГУЛ

Хазонрезги

ЁВВОЙИ АТИРГУЛ

(ҳикоя)


   - Уфф, - сочини биттама- битта юлгудек бўлди Нозима ,- лаънати ?! Қаерга қарама шу Ёввойи Атиргул! Жонимга тегди палакат! Яна янги ҳикоя ёзибди . Одамларга ҳайронман. Ёввойи Атиргул деганлари ярим сатр нарса ёзсаям улар икки , уч варақ раҳматнома ёзишади. Нима эмиш , ўша мадамнинг ёзганлари ҳаётий эмиш ?! Нима эмиш Ёввойи Атиргул Содиқ Ўктамдан сўнг адабиёт саҳнасида порлаётган ёруғ юлдузмиш?! Уни "Содиқ Ўктамнинг аёл варианти" деб жар солганлар қанча ? Содиқ Ўктам қаерда- ю, бу жинқарча қаерда ?!

   Нозима алам билан лаб тишлади:

   - Энсам... , - ўртанганча ўйида давом этди Нозима,- ўзи мухлис зотидек бевафоси бўлмайди-да ! Шулар эмасмиди яқиндагина мени кўкларга кўтариб мақтаётган ?

    Нозима Ёввойи Атиргул яқинда ўз телеграмм каналига жойлаган ҳикоянинг кўришлар сонига қаради. Ҳикояни ярим соатда икки мингга яқин инсон ўқибди. Улашишлар сони ҳалитдан ўттиз саккизта ...

   У энди кеча кечга томон ўз каналига жойлаган қаламига мансуб "Музаффар" номли ҳикоясини кўздан кечирди. Кўришлар сони уч минг етти юз. Улашишлар сони йигирма учта.

   - Ярим кундаги натижа бу !? - алам билан шивирлади Нозима , - бу кетишда охири яхши бўлмайди.

   Нозима ўзини босиб олиш ва чалғиш мақсадида Музайяна Вориснинг шахсийсига кириб ёза бошлади:

   - Ассалому алайкум , қадрли опажоним . Бу яна мен. Сизни ўзига ғойибона шогирд санаб олган синглингиз Нозима Дилёр.

  Опажон , биламан вақтингиз жуда зиқ. Аммо бу ёзганларимга ўша қимматли вақтингиздан ажратиб ўқишингизга ва менга тўғри йўл кўрсатишингизга ишонаман. Айтинг-чи...

  Нозима мана икки ярим ойки Музайяна Ворисга кунда, кунора хат ёзади. Аслида бу таниқли адабиётшунос олима, ўша машҳур марҳум ёзувчи Содиқ Ўктамнинг жуфти - ҳалоли бўлмиш аёлнинг шахсийсини топиш унга осон бўлмаганди. Нозиманинг Нозима Дилёр бўлиб танилишида бу аёлнинг ҳиссаси катта эди. У Нозиманинг телеграмм орқали йўллаган саволларига эринмай жавоб ёзар, кенг мушоҳадали аёл сифатида адабиётнинг , ҳикоянависликнинг сир- синоатларидан баҳраманд этар эди.

    Аслини олганда Нозима Музайяна Ворис номидан ўзини танилишида муносиб фойдаланар эди. Нозима ўзининг "Мунис сатрлар" номли муаллифлик каналида "Музайяна опам менинг ёзувчиликдаги қадрли устозим" дея бот- бот такрорлаб , урғу бериб кўз- кўз қилишни хуш кўрарди.

   Кунлардан бир кун Нозима Музайяна Ворисова билан онлайн суҳбат жараёнида гап орасида ўзига асосий рақиб ҳисоблаган Ёввойи Атиргул тахаллусли аёл ижоди ҳақида фикр сўради :

   - Опажон , анови Ёввойи Атиргул деганларини танийсизми? Ёзганларини ўқиганмисиз ?

   - Ҳаа бир , икки ўқиганим бор,- жавоб келди тармоқдан узилиб , узилиб

   - Шу қизнинг ёзганлари ҳақида нима дейсиз ?

  - Қиз дейсизми ? Сиз уни танийсизми ? Мен уни ёшини каттароқ деб ўйлабман.

   - Эээ қаёқда ? Ёзганларидан кўриниб турибди- ю? Жуда қиз бола бўлмасаям дунёқараши ўттиз ёшдаги аёлларникидек. Ҳар ҳолда мен шундай деб ўйлайман, сабаби ҳикоялари жуда содда тилда ёзилади. Айниқса муҳаббат ҳақидагилари. Тўғри баъзида канвойилардек ақллилик қилиб туради- ю, аммо барибир ҳам мен унга ўттиздан , нари борса ўттиз бешдан ошиқ ёш бермайман.

  - Нозима синглим , аслида  гап инсоннинг неча ёшда эканлигида эмас , унинг дунёқараши қанчалар қамровли эканлигида. Яна бир гап . Бундай олиб қараганда матнни содда қилиб ёзиш уни мураккаб баён қилишдан анча қийин. Бундай асарлар эса ўқимишли бўлади.

   - Шундайку- я , аммо шу қиз ўзини таништирмаслиги ёмонда,-  куюнган бўлди Нозима , Қанақадир каландимоғми-ей ? Нима тармоққа суратини жойласа , ёшини , асл исмини ёзса осмон узилиб ерга тушиб қолармиди? Тўғрисини айтсам буям пиарнинг бир тури.

  - Йўғей? Шундай деб ўйлайсизми ? Мен бўлсам ҳар инсоннинг таъби ўз ҳолича деб ўйлабман. Қолаверса шахсий ҳаёт ўз номи билан шахсийда .

    - Опажон,- Нозима ҳали бери хумордан тушадигандек эмасди,- менга энг алам қиладигани нима ? Биласизми? Мана шу Атиргулхонимнинг "Устоз Содиқ акага муносиб ворис" дейишлари жонимни бўғзимга келтириб юборди. Содиқ ака қаердалар- у , бу ойимча қаерда ?


@Xazon_Rezgi

#Ёввойи_атиргул


   Ўша куни Нозима ва Музайяна Ворисованинг суҳбати шу ерда узилиб қолганди. Нозима бир неча кун "Опага нотўғри гапириб қўймадимми?" деб ич- этини еб юрди ва бунинг аламини ҳар доимгидек ўзига рақиба санаган ижодкордан олди.

   У Ёввойи Атиргулнинг каналининг муҳокама гуруҳига кириб ҳар бир ёзган сатридан айб қидириб тирғалаверди. Нозиманинг турли рақамларга очилган шахсий профиллари сони анча эди. Шу сабаб гоҳ, у гоҳ бу профилидан Ёввойи Атиргулнинг асаби , баъзан шахсиятига тегадиган сўзларни ёзиб хуморини босмоқчи бўларди. Аммо бу Атиргул деганлари "чақилмас ёнғоқ" чиқиб қолди . Шунча гап- сўзларга бир оғиз ғиқ демаса-я ? Кўп ҳолларда эса Нозиманинг жиртакилик билан ёзганларига вазминлик билан жавоб қайтаради.

  Бора- бора Нозима янги эрмак топди. У гоҳ ўзининг, гоҳ эри , гоҳида опа- сингилларнинг рақамларидан Атиргулнинг гуруҳида "Бу дунёда мен тан олган битта адиба бор , у ҳам бўлса Нозима Дилёр" деб ёзиб яйрайдиган бўлди. Қани Ёввойи Атиргул қуюшқондан чиқиб уни блокласа-ю, Нозимага жанжал учун дастак топилса. Бироқ бундай нарсалар Атиргулни илҳомлантирармиди , кўп ўтмай ўз саҳифасида янги ҳикоя чоп этиларди. Нозиманинг ёзганлари эса янги ҳикояга аталган олқиш номалари остида йўқ бўлиб кетарди.

    Шундай кунларнинг бирида ваниҳоят Нозимага ҳам омад қучоқ очди. Унинг муаллифлигидаги ҳикоялар тўплами таниқли нашриёт томонидан чоп этиладиган бўлди . Нозима бу хушхабарни эшитиши билан терисига сиғмай суюнчи олгани Музайяна опасига ёзишга тушди. У воқеадан олимани хабардор қилар экан "Опажон, илк китобим чоп этилаётганда кириш сўзи ёзиб бера оласизми деб сўрасам ҳаддимдан ошган бўлмайманми?" дея сўради.

   Нозиманинг саволига нима учундир жавоб кечикди.

    Тонгда Нозимани бехос жиринглаган телефон қўнғироғи уйғотди :

   - Нозиии, уйғонганмидинг? - ҳовлиққанча сўради опаси Нодира,- эшитдингми бугун тунда Музайяна опанг оламдан ўтибди. Бояқиш аёл анчадан буён бедаво дард билан олишар экан-ку ? Интернетга киргин , ҳаммаёқ тўс- тўс бўлиб ётибди, катта - кичик каналларнинг барчасида опанинг сурати ...

   Нозима эшитган хабаридан карахт аҳволга тушиб қолди. Беихтиёр титроқ бармоқлари билан тармоққа уланди. Нодира опаси тўғри айтган экан. Ҳамма каналларда Музайяна опанинг улуғвор ва хушсурат чеҳраси .

    Нозима аламидан дод деб юборай деди. Бу аёлнинг ўзи учун қанчалар қадрли эканлигини энди фаҳмлагандек эди гўё...

   У куйинганча ҳар кунги одатига кўрами ёки дардига тасалли излабми Ёввойи Атиргулнинг саҳифасига кўз югуртирди. Саҳифада янги хабар йўқ эди. Шундай бўлса-да Нозима бу ерда нимадир ўзгачалигини ҳис қилди. Кўп ўтмай бу ўзгариш канал обуначиларининг дақиқа сайин ортиб бораётганда эканлигини англади. Ёввойи Атиргулнинг мухлислари бир неча ўн мингга кўтарилган эди.

   "Тавба , - ўйлади Нозима ҳамон карахт ва норози аҳволда,-бу одамларга эрталабдан бир нарса бўлганми?"

   Нозиманинг хаёлларини Нодира опасининг иккинчи қайта қилган қўнғироғи бузди:

   - Нозии! Ҳозиргина Музайяна опангни яқин дугонаси олима Марям Вафони интервьюсини кўрдим,- деди у ҳовлиққанча,- биласанми у нима деди ? У "Музайяна Ворисова Ёввойи Атиргул имзоси остида дилбар асарлар ёзарди . Музайянанинг ҳар бир севги ҳикояси раҳматли эри Содиқ Ўктам билан оташин муҳаббатидан сўзлар эди. Аллоҳ ҳар иккисини жаннати билан сийласин..." деди .

   Нозиманинг қулоқлари чиппа битди, ортиқ ҳеч нарсани эшитмади. У ҳатто ўзининг йиғлаётганини ҳам ҳис қиладиган аҳволда эмас эди...


    Муаллиф: Хазонрезги


Каналга обуна бўлиш 👇


https://t.me/joinchat/AAAAAFB59SM9yhwXJGeW_g



Report Page