ЁШЛАР ОЙЛИГИ ДОИРАСИДАГИ МУЛОҚОТЛАРИМИЗ ДАВОМ ЭТАДИ
Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматиВилоятимизда “Ёшлар ойлиги” доирасидаги мулоқот ва учрашувлар давом этади – бугун Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокими битирувчи ёшлар билан учрашди.
Мулоқотда вилоят раҳбари битирувчи ёшларга мурожаат йўллади. Унда қайд этиланидек, бу йил вилоят миқёсида 35 минг 732 нафар ёш йигит-қиз умумтаълим мактабларини тамомлаяпти. Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежларини 16 мингдан зиёд, олий таълим даргоҳларини 3 мингдан зиёд ёшлар тамомлаб, катта ҳаётга қадам қўймоқда. Галдаги энг асосий масала уларнинг бандлигини таъминлаш. Хўш, борада вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда – вилоят раҳбари ўз сўзида ана шуларга эътибор қаратди.
Ҳисоб-китобларга қараганда, бу йил вилоятда битирувчи ёшлар учун 12 минг 274 та иш ўрни барпо этилади. Бунда давлатимиз раҳбарининг пандемия шароитида аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлашга доир қарорлари дастуриламал бўлаётир. Рустам Холматов бугунги кун ёшлари шиддат билан ўзгариб, ривожланиб бораётган давр талаблаига ҳамоҳанг равишда ўзида юксак даражадаги интеллектуал салоҳиятни мужассам қила олиши, шунга интилиши ҳақида тўхталди.
– Бугун иқтидорли ва ватанпарвар ёш кадрларга халқ хўжалигининг барча соҳаларида талаб катта. Биз сизлар учун қандай ёрдам керак бўлса, бажарисини бажо келтиришга тайёрмиз. Асосий талаб, муҳтарам юртбошимиз айтганларидек, бутун борлиғи билан Ватанпарвар, миллатпарвар бўлишдир. Мана шу йўлда барчангизга омад ва куч-қувват тилайман, – деди Рустам Холматов.
Маросимда бу йил умумтаълим мактабларини аъло баҳолар билан тамомлаётган бир гуруҳ-йигит қизларга вилоят ҳокими олтин медаль, шунингдек, фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғаларини тантанали вазиятда топширди. Маълумот ўрнида, жорий ўқув йилида умумий ўрта таълим мактаби битирувчиларининг 210 нафари олтин, 29 нафари кумуш медаллар соҳиби бўлишди.
Учрашувда, шунингдек, битирувчи ёшлар, фаоллар вилоят раҳбарига ўзларини қизиқтирган масала ва муаммолар юзасидан мурожаат қилишди.
Жумладан, Ўрта Чирчиқ туманининг 72-сонли умумтаълим мактабини олтин медаллар билан тамомлаган Саидакбар Саидлуқмонов вилоятимизнинг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрида замонавий кутубхона, IT парк ташкил этиш таклифини билдирди. Вилоят ҳокими “Ақлли шаҳар” лойиҳаси доирасида бу ўта муҳим объектларни қуриш ишлари бошлаб юборилгани, лойиҳалар ижросининг бугунги кундаги аҳволи ҳақида сўзлаб берди.
Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университети магистратура босқичини тамолаган Ҳабибулло Турсунов эндиликда олийгоҳда ишга қолиб, илмий иш билан шуғулланиш истагида. Аммо, у ва у сингари кўплаб ёш олимлар уй-жой масаласида қийинчиликка дуч келаяпти. Шундан келиб чиқиб Ҳабибулла Чирчиқ шаҳридаги олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган ва илмий иш олиб бораётган ёш ўқитувчи ҳамда илмий тадқиқотчилар учун имтиёзли ипотека кредити асосида сотиб олиш мумкин бўлган “Зиёлилар уйи” қуриш таклифларини билдирди.
Тадбирда Бўка туманидаги 27-мактабнинг ўқувчиси, ёш бўлишига қарамай, бутун мамлакатимизга ўзиниг ажойиб шеърлари билан танилган Фазилатхон Ёқубова ҳам сўз олиб, янги ижод намуналаридан ўқиди.
Шундай қилиб вилоят ҳокимининг ёшлар билан навбатдаги учрашуви ўтди. Саволлар тингланди, мулоҳазалар эшитилди, таклифлар берилди. Ёш сардорлар кенгашига “Дамас” автомашинаси ажратиладиган бўлди. Бундан ташқари, ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, зарур мидқордаги компьютер жамланмалари, медиа хизмати учун фото ва видеога олиш асбоб-ускуналари олиб берилади. Чирчиқ шаҳрида эса тез орада “Зиёлилар уйи” қурилиши бошланади.
Вилоятимизда “Ёшлар ойлиги” доирасидаги бундай учрашув ва маънавий-маданий тадбирлар давом этмоқда...