ЁШЛАР ЎРТАСИДА КОМПЬЮТЕР ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА ИНТЕРНЕТДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШДАГИ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР

ЁШЛАР ЎРТАСИДА КОМПЬЮТЕР ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА ИНТЕРНЕТДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШДАГИ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР

@Oilamarkazi

Бугун, 23 январь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш” мавзусида видеоселектор тарзида илмий-амалий семинар ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган тадбир ижросини таъминлаш мақсадида Марказ томонидан “Ахборот-коммуникация технологиялари ва Интернет тармоғининг оила мустаҳкамлигига ва ривожига таъсирини ўрганиш. Оилавий турмуш тарзи қадриятларини тарғиб қилишда, оилалардаги салбий ижтимоий ҳолатларнинг профилактикаси, болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш” масалалари бўйича ўтказилган илмий-амалий тадқиқот якунлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, уларда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш ҳамда болаларнинг соғлиғи ва ахлоқига, маънан етук улғайишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш масалалари мазкур тадқиқотнинг устувор мақсадини ташкил этди.

Маълумки, Давлат раҳбари томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган беш ташаббусдан бири айнан аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишдир. Бу борадаги вазифалар ижроси ушбу соҳада ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича илмий-амалий тадқиқотларни ривожлантириш ва тегишли чоралар белгилашни талаб этади.

Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ҳар қайси мамлакат, ҳар қайси халқ ҳаётида Шахс – Оила – Жамият – Давлат деган тушунча ва қадриятлар ҳал қилувчи ўрин тутади”. Бинобарин, жамиятнинг ажралмас бўлаги, маънавий-маърифий, тарбиявий, ахлоқий, иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларга асосланган ижтимоий бирлик ҳисобланувчи оила институти қанчалик мустаҳкам бўлса, ёш авлод жисмонан ва маънан камол топса, давлат ҳам шунчалик барқарор тараққий этиши исбот талаб этмас ҳақиқатдир.

Шу маънода, ахборот-коммуникация технологияларининг жамият тараққиётида тутган ўрнининг ўзига хос аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишда, шунингдек ёш авлодда маънавий-ахлоқий, одоб қадриятларни шакллантириш, тарбиявий ва маданий-илмий салоҳиятини ошириш борасида АКТдан самарали фойдаланиш масалаларини таҳлил этиш ва натижалари бўйича тегишли илмий хулосалар ва таклифлар тайёрлашни тақозо этилиши семинарда алоҳида қайд этилди.

Ўтказилган илмий тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, мазкур соҳадаги ижтимоий-иқтисодий, техникавий ва ташкилий муносабатларни 100 дан ортиқ норматив-хуқуқий ҳужжатлар тартибга солади. Улар асосида ахборот-коммуникация технологияларининг оила мустаҳкамлиги ва ривожига таъсири, оилавий турмуш тарзи қадриятларини тарғиб қилиш, оилалардаги салбий ижтимоий ҳолатларнинг профилактикаси, болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилишга қаратилган муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Илмий-амалий тадқиқот жараёнида ўтказилган ижтимоий суровларнинг таҳлили ҳозирги глобаллашув даврида Интернет тармоғидаги болаларни ғайриижтимоий ҳаракатларга ундовчи баъзи ахборотлар ёшларнинг ижтимоий жиҳатдан фаоллиги, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатаётидан далолат берди. Ёшларнинг аксарияти интернетдан ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятга зид бўлган, жамият қадриятларга путур етказадиган ахборотларга буткул ишониб, миллий маданий анъаналарга мос бўлмаган хатти-ҳаракатларга тақлид қилиши ҳолатлари кузатилмоқда 

Ижтимоий сўровда қатнашган респондентларнинг фикрича, болаларни ва айниқса ўсмир ёшларни Интернет ва мобиль алоқа воситаларидан фойдаланиш қоидаларига ўргатиш, уларни интернет тармоқларида тарқатилаётган бузғунчи хабар ва фирибгарликлардан огоҳ этиш, хусусан, ижтимоий тармоқларда болалар руҳиятига ўта зарарли таъсир этувчи кибербуллинг (виртуал маконда болаларга шафқатсиз муносабатда бўлиш) ва буллицид (руҳий таъсир кўрсатиш орқали ўз жонига қасд этиш, ғайриқонуний ҳаракатлар содир этиш) каби услубларнинг ортида қандай мақсад яшириниб ётганини очиқ-ойдин кўрсата билиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Илмий-амалий тадқиқот натижалари бўйича болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имониятларини кенгайтириш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирлар дастури қуйидаги йўналишлар бўйича белгиланган:

1. Болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилишда АКТдан фойдаланиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий мехнизмларини такомиллаштириш, болаларни ғайриижтимоий ҳаракатларга ундовчи ахборотлардан ҳимоя қилишга қаратилган замонавий дастурий-аппарат ва техника воситаларини қўллашни фаоллаштириш.

2. Болаларда Интернет ва мобил алоқа воситаларидан хавфсиз фойдаланиш маданиятини шакллантириш, болаларни ижтимоий тармоқларида тарқатилаётган бузғунчи ва зарарли ахборотлардан огоҳ этиш.

3. Мазкур соҳада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш ва фуқаролар иштирокини таъминлаш ҳамда оммавий тарғибот ишларини амалга ошириш.

Семинарда тадқиқот якунларидан келиб чиқиб, тегишли таклифлар ҳам ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Хусусан:

– болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилиш профилактикасини марказлашган ва тизимли равишда амалга ошириш мақсадида “Болаларни интернет ва мобиль алоқа воситалари таҳдидлардан муҳофаза қилиш ижтимоий Маркази”ни ташкил этиш;

– ўсмир ёшлар учун республика ўрта таълим муассасаларида соҳа мутахассислари, педагог ва психологлар иштирокида медиа хавфсизлик дарсларини ташкил этиш, “Ижтимоий тармоқда болалар хавфсизлиги”, Интернет қурбони бўлиб қолманг!” каби мавзуларда амалий машғулотлар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, “Интернетдан мен қандай фойдаланаяпман?”, “Интернет ва мен” каби совринли викториналар ташкил этиш;

– ёшларнинг интернет ва мобиль алоқа воситаларидан хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ота-оналар учун “Болангизни ижтимоий тармоқларнинг зарарли таъсиридан асранг!” каби мавзулардаги буклет ва рисолалар тайёрлаш ва тарқатиш, телекўрсатув ва ток-шоулар ташкил этиш кабилар шулар жумласидандир.

Илмий-амалий семинар якунида “Оила” маркази, Бош прокуратура ҳамда соҳага дахлдор қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, экспертлар ўтказилган тадқиқот ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этиб, таклиф-тавсияларини билдиришди.

Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан ҳамкорликни янада кучайтириш, тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва изчил амалга ошириб боришга келишиб олинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ахборот хизмати

Telegram | Facebook | Instagram | www.oilamarkazi.uz 


Report Page