“ЁШ ТАДБИРКОРГА КЎМАКДОШМИЗ” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА ИШБИЛАРМОН АЁЛЛАР БИЛАН ДЎСТОНА МУЛОҚОТ ҚИЛИНДИ
Бугун “Ёшлар маркази”да Навоий шаҳридаги Ўзбекистон Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан “Ёш тадбиркорга кўмакдошмиз” лойиҳаси доирасида тадбиркор аёллар ва ёшлар билан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир қабулхонасининг Навоий вилоятидаги Тадбиркорларнинг жамоатчилик Кенгаши раиси Сардор Ғаффоров иштирок этиб, тадбиркорликка энди кириб келган ва истагида бўлган ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг бизнес борасидаги кўникмаларини ошириш борасида уларга ўзининг бой тажрибаларини ўртоқлашди.
— “Курашга тушган киши енгилиши мумкин, курашмаган киши эса енгилиб бўлган”, деган эди донишмандлардан бири. Бу ҳикматли сўзнинг айтилганига неча-неча асрлар бўлгани шубҳасиз. Аммо унинг долзарблиги йил сайин ошса-ошмоқдаки, камайгани йўқ. Бунинг исботини биз теварак-атрофга боқиб ҳар жабҳада, ҳар куни кўришимиз мумкин, — дейди Сардор Ғаффоров ўзининг бизнес соҳасидаги фаолиятига тўхталар экан. — Аввало, тадбиркорлик катта меҳнат ва маҳорат талаб қилади. Учрашувда тадбиркорларимизга бу борада ҳам йўналишлар бердик. Уларнинг муаммоларини тегишли банклар ва масъул ҳамкор ташкилот вакиллари билан бирга жойида кўриб чиқдик.
Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган учрашув давомида иштирокчилар томонидан таклиф, мулоҳазалар билан бир қаторда, 50 тага яқин турли йўналишдаги мурожаатлар ўртага ташланиб, уларнинг 24 таси жойида ҳал этилди. 12 тасига қонуний тушунтириш берилиб, 13 таси муддат талаб қилганлиги боис, ўрганиб чиқиш учун назоратга олинди.
Энг муҳими, бу каби учрашувлардан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, улар билан дўстона мулоқот қилишга қаратилган.
Мулоқот сўнггида бу каби учрашувлар доимий ўтказиб турилишига келишиб олинди.
https://t.me/SardorAbduqodirovich