ЁШ МУСАВВИРЛАР КЎРГАЗМАСИ
Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати
Бадиий ижодкорлар уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими галереясида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти талабалари, ёш иқтидорли рассомлар Шаҳризода Бекназарова ва Севара Эргашеванинг шахсий кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазмада ёш мусаввирларнинг 30 дан ортиқ асарлари намойиш этилмоқда. Жумладан, Севара Эргашеванинг “Шижоатли тўлқин”, “Лангар қишлоғи”, “Денгиз”, “Туйғулар олами”, “Қирдаги учрашув”, Шаҳризода Бекназарованинг “Мираки”, “Меҳмонга”, “Уйга қайтиш”, “Шаршара”, “Тоғлар ён бағридаги гўзал табиат”, “Ҳисор тоғлари”, “Сокин водий” каби асарлари томошабинларда катта таассурот қолдириши шубҳасиз.

Ҳали ёш бўлишига қарамай ўз ижод намуналари билан Англия, Франция, Россия каби давлатларда ўтказилган халқаро танловларда ғолиб бўлган бу иқтидорли қизлар Қарши шаҳрида ўсиб-улғайиб, илк кўргазмаларини ҳам она шаҳарларида ўтказдилар.

"Бу бизнинг 27 октябрь -Қарши шаҳри кунига совғамиз бўлиб, иқтидорли ёшлармизда ҳавас уйғониб сафимиз кенгайишининг тарафдоримиз", - дейди Шаҳризода Бекназарова.

"Қарши давлат университетида узоқ йиллар ректор бўлиб ишлаган катта бобом Қурбон Ўлжабоев, момом Нортош Ўлжабоеваларнинг муносиб издошлари бўлиб, уларнинг руҳини шод қилсам",- дея ният билдиради Севара Эргашева.

Олимлар сулоласининг вакилалари бўлган ҳар иккала ёш рассом қизимизга ижодий парвозлар тилаган ҳолда 26-,27- октябрь кунлари ҳам давом этадиган кўргазмага барча санъат ихлосмандлари ва шаҳримиз аҳолисини таклиф этамиз.


Ораста Тошева, Қарши шаҳар ҳокимининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси