Янгиликлар

Янгиликлар

UzPharmAgency

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш эркинлиги ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси эълон қилинди.

Қонуннинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ахборот олиш эркинлиги тамойиллари ва кафолатларига риоя этилишини таъминлаш;

ҳар бир инсоннинг ахборотни эркин ва тўсиқсиз излаш, олиш, текшириш, узатиш, тарқатиш, фойдаланиш ва сақлашда конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти тўғрисида ахборот олишини таъминлаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибини белгилаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар устидан жавобгарлигини ошириш;

шахс, жамият ва давлатнинг ахборот ва ахборот хавфсизлигини ҳимоя қилишни таъминлаш.

Ушбу қонун ахборот олиш эркинлиги, шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотларини олиш тартиби;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан аризалар, таклифлар ва шикоятларни кўриб чиқиш тартиби;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ваколатларини амалга оширишда бошқа давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ўз фаолияти тўғрисида ахборот бериш тартиби;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги тақдим этишнинг ўзига хос хусусиятлари бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган алоҳида ахборот турлари.

Ахборот олиш эркинлигининг асосий тамойиллари, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги қуйидагилардан иборат:

ахборотнинг ошкоралиги, оммавийлиги, очиқлиги ва ишончлилиги;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилаётган ахборотнинг ўз вақтида, шаффоф, тўлиқ ва ҳаққонийлиги;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг ўз шаъни ва қадр-қимматини тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этиш.

Ҳар бир фуқарога ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланади. Ахборот очиқ ва ошкора, ишончли ҳамда ҳамма фойдаланиши мумкин бўлиши керак, махфий ахборот бундан мустасно.

Давлат ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқини ҳимоя қилади. Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб ахборот олиш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасида цензурага ва ахборотни монополлаштиришга йўл қўйилмайди.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбурдирлар. Ахборот олиш унинг нашр этилиши ва (ёки) бутун дунё бўйлаб Интернет ахборот тармоғида жойлаштирилиши, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва тегишли материалларни тарқатиш орқали таъминланади.

Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади.

Оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат бирлашмаларининг, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг фуқароларнинг ахборот олишга доир ҳуқуқларини камситувчи хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, ахборот эгаси ва мулкдорининг ахборот олишни рад этиши юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек бошқа юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига қуйидагилар киради:

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда бошқа ҳужжатлар, шунингдек уларнинг ижро этилишининг бориши тўғрисидаги маълумотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва бошқа ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек ушбу ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги маълумотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурлар амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотлар;

бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан фойдаланилиши, ўтказилган танловлар (тендерлар) ва олинган товарларнинг етказиб берилиши тўғрисида, вазирликлар, идоралар, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бошқа бюджет маблағларини тақсимловчилар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан расмий веб-сайтларига жойлаштириладиган тегишли ахборотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг жисмоний ва юридик шахслар, бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги, шунингдек хорижий ҳамда халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликда иштирок этиши тўғрисидаги маълумотлар;

амалга оширилишида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар иштирок этаётган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, шунингдек уларнинг раҳбарлари ва расмий делегацияларининг расмий ташрифлари ва хизмат сафарлари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти соҳасига тааллуқли бўлган тармоқнинг (ҳудуднинг) ҳолатини ва унинг ривожланиш суръатини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар ва статистик маълумотлар ҳақидаги, шу жумладан ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ривожланиш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган (ташкил этиладиган) очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар;

экологик, метеорологик, демографик, санитария-эпидемиалогия ва фавқулодда вазиятлар, аҳолини, аҳоли пунктларини, ишлаб чиқариш объектларини ва коммуникацияларини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳолати ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар, прогноз қилинаётган ва юзага келадиган фавқулодда вазиятлар, аҳолини улардан ҳимоя қилиш усуллари ва услублари тўғрисида маълумотлар, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фуқаролар ва ташкилотлар эътиборига етказилиши лозим бўлган бошқа маълумотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари томонидан ўз ваколатлари доирасида ўтказилган текширишлар натижалари, шунингдек давлат органи ва бошқа ташкилот, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида ўтказилган текширувлар натижалари тўғрисида маълумот;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ахборот-кутубхона муассасалари, архивлар, идоравий архивлар ва давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари, бошқа юридик шахсларнинг очиқ фондларида мавжуд бўлган маълумотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида мавжуд бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва бўш иш ўринларига жойлаштириш учун номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат органлари тўғрисидаги маълумотлар;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг очиқ Ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт, мажлисларда ҳозир бўлиш тартиби.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот сирасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз фаолияти тўғрисидаги ахборот рўйхатини ушбу модда қоидаларига мувофиқ тасдиқлайди.

Давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари), уларнинг қўмиталари (доимий комиссиялари), комиссиялари очиқликни таъминлаш мақсадида ўз фаолияти тўғрисидаги ахборот, шу жумладан режалаштирилаётган мажлислар ва тадбирлар, кўриб чиқилиши мўлжалланаётган масалалар, қабул қилинган қарорлар ҳақидаги ахборот ўз вақтида эълон қилинишини (чоп этилишини) таъминлайди.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчидир.

Ахборотдан фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ахборотни тўсиқсиз излаш, олиш, ўрганиш, узатиш, тарқатиш, улардан фойдаланиш ва сақлаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисидаги ишончли ахборотни олиш ва тарқатиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган ахборотни олиш учун бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали сўров билан мурожаат этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида сўралаётган фойдаланиш чекланмаган ахборотни олиш заруратини асослаб бермаслик;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқини ҳамда уни амалга ошириш тартибини бузаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳужжатлари ва (ёки) ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқини бузган ҳолда етказилган зарарни қонунда белгиланган тартибда қоплашни талаб қилиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида ахборот олишни рад этиш;

ахборотдан фойдаланувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг ваколатларига қуйидагилар киради:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланувчиларнинг фойдаланишини таъминлашга доир фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини ташкил этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича ўтказилаётган тадбирлар мониторинг қилинишини ҳамда доимий равишда комплекс баҳоланишини ташкил этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларни белгилаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида уларнинг расмий веб-сайтларида, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги веб-саҳифаларида ва (ёки) мессенжерларда жойлаштириладиган ахборот рўйхатини тасдиқлаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисидаги фойдаланилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ чеклаб қўйилган ахборотга тааллуқли маълумотларнинг рўйхатини тасдиқлаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисидаги эълон қилиниши (чоп этилиши) лозим бўлган ахборот материалларини тасдиқлаш;

ахборотдан фойдаланувчиларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартибини белгилаш;

ахборотдан фойдаланувчиларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан монеликсиз фойдаланишини таъминлаш, ушбу Қонун 13-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида уларнинг расмий веб-сайтларида, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги веб-саҳифаларида ва (ёки) мессенжерларда жойлаштириладиган ахборотнинг ўз вақтида берилишини, тўлиқ ва ишончлилигини таъминлаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан тегишли чоралар кўриш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари қуйидагилардан иборат:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг матбуот хизматлари, шунингдек, улар ваколат берган мансабдор шахсларнинг матбуот анжуманлари, брифинглар, интервюлар ва бошқа тадбирлардаги чиқишлари ва баёнотлари;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтлари, веб-сайт саҳифалари ва (ёки) мессенжердаги материаллари;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар матбуот хизматларининг хабарлари;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг расмий нашрлари;

оммавий ахборот воситаларининг материаллари.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳам давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари бўлиши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда тарқатиш вазифаларини бажарувчи, шунингдек оммавий ахборот воситалари, журналистлар, блогерлар ва жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминловчи таркибий бўлинмаси ёхуд ушбу вазифаларни бажариш зиммасига юклатилган шахс давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг матбуот хизматидир.

Барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар таркибида матбуот хизматларининг мавжудлиги мажбурий ҳисобланади.

давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилади. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари хулосасини ҳисобга олган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ахборот хизмати оммавий тадбирларни ташкил этиш, ахборот хабарларини (пресс-релизлар, бюллетенлар ва ҳоказоларни) тарқатиш, шунингдек давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтлари, веб-сайт саҳифалари ва (ёки) мессенжерда уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ва ҳар куни янгилаб бориш йўли билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш чора-тадбирларини кўради. Матбуот хизмати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот тарқатишнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

Матбуот хизматининг фаолиятини ташкил этиш тартиби давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан белгиланади.

Ахборотдан фойдаланиш фақат қонунга мувофиқ ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, конституциявий тузум асосларини, жамиятнинг ахлоқий қадриятларини, маънавий, маданий ва илмий салоҳиятни ҳимоя қилиш, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, унинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида чекланиши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар ҳамда мансабдор шахсларда мавжуд бўлган ахборотлардан, шу жумладан уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотлар қонунда белгиланган тартибда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар турига киритилган тақдирда чекланади. Махфий ахборотнинг эгаси, ушбу маълумотларга киришнинг амалдаги чекловлари ҳақида маълумот сўраган шахсларни хабардор қилиши шарт

Манба: Kun.uz

Манзилимиз: 100084 Тошкент шаҳри, Чингиз Айтматов кўчаси, 1-А уй.

Телефон:  (998 71) 203-81-81 (998 90) 3510166

Электрон манзил: farmagentlik@minzdrav.uz

Uzpharmagency расмий саҳифалари:

Telegram | Instagram | Facebook | Youtube | Twitter

Report Page