Янгиликлар

Янгиликлар

Uzpharmagency

Шу йилнинг 10-13 сентябрь кунлари Болгария пойтахти Софияда Ўзбекистон Республикаси ва Болгария Республикаси ўртасида иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг бешинчи йиғилиши ва қўшма бизнес форум бўлиб ўтди.

Йиғилишда вазирлик ва идоралар, савдо, транспорт ва логистика, озиқ-овқат, кимё, соғлиқни сақлаш, туризм, илм-фан ва таълим соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар ва ташкилотлар раҳбарлари билан бирга Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги директори ўринбосари Алишер Темиров ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон-Болгария Ҳукуматлараро комиссиясининг бешинчи йиғилиши ва бизнес форум доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги ва “Mandjoukov” компанияси ўртасида “Бўстонлиқ-фарм” фармацевтика эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари қўшма ишлаб чиқаришини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик Битими имзоланди.

Унга кўра, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича фармацевтика корхонасини ташкил этилади, ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги қошидаги А. Султонов номидаги Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот Институти ишланмаларини ишлаб чиқаришга жорий қилинади.

Шунингдек, Болгариянинг қатор фармацевтика компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Хусусан, Радомир шаҳрида “Dahnson” компанияси ва Софияда “Sofarma” компанияси раҳбарлари билан учрашувдан сўнг компанияларга қарашли ишлаб чиқариш майдонлари иши билан яқиндан танишиб чиқилди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси иқтисодий салоҳияти ва ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Болгария томони мамлакатимиз фармацевтика саноатининг инвестицион салоҳияти ва эркин иқтисодий зоналарда яратилган қулай шароитлар борасида ҳам атрофлича маълумотга эга бўлдилар.

Учрашувлар якунида Болгария томони ҳамкорлик олиб боришга қизиқиш билдирди. Жойидаги шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида болгариялик мутахассилар Ўзбекистонга ташриф буюриши ва музокаралар олиб боришига келишиб олинди.

Манба: Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency telegram-каналида

Report Page