Янгиликлар

Янгиликлар

Uzpharmagency

Бугунги кунда дунё давлатларида табиий дори воситаларига бўлган талаб йилига 6-7 фоизга ортиб, халқаро экспертлар прогнозига кўра, 2020 йилда йиллик товар айланмаси 35 млрд доллардан ошади.

Хитой, Ҳиндистон, Канада ва АҚШ каби давлатлар ёввойи ҳолда ўсаётган доривор ва зиравор ўсимликларни сақлаш, маданий плантация усулида кўпайтириш борасида катта тажриба ва салмоққа эга.

Мисол учун, Хитойнинг доривор ўсимликлар ва дори воситалари ўртача йиллик товар айланмаси 100 млрд. долларни, экспорт ҳажми 1млрд. долларни, импорт эса 274 млн долларни ташкил этади.

Бугунги кунда дунё давлатларида 12 минг турдаги доривор ўсимликларнинг мингдан ортиғи, Ўзбекистонда эса 1,2 минг турдаги доривор ўсимликларнинг 112 таси фармацевтика саноатида ишлатилади.

Ўзбекистон доривор ўсимликлардан фойдаланиш бўйича дунё давлатлари ўртасида ўзига хос тарихий ўрни ва нуфузига эга. Бундан 11 аср аввал бобоколонимиз Абу Али Ибн Сино доривор ўсимликларни тиббиётда амалий жиҳатдан фойдаланиш самарасини исботлаган. Унинг ноёб асарларини дунё олимлари тан олиб, бугунги кунгача қўллаб келмоқдалар.

Ушбу йўналишда республикадаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида доривор ва зиравор ўсимликларни ёввойи ва маданий усулда етиштиришни тизимли йўлга қўйиш, маҳсулот ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда. 2018 йилда республика бўйича фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилот ва корхоналари тасарруфларидаги ер майдонларида 54,6 минг гектарда доривор ўсимликлар етиштирилиб, ички ва ташқи бозорга йўналтирилган. 2020-2023 йиллар давомида доривор ўсимликлар плантацияларини 103,7 минг гектарга етказиш режалаштирилмоқда.

Таълим, фан, ишлаб чиқаришни интеграциялаш, фармацевтика саноатини халқаро талабларга жавоб берадиган доривор ўсимликлар хом ашёси билан узлуксиз таъминлаш, импорт ҳажмларини камайтириш, хорижий давлатларда талаб юқори бўлган турларини плантация усулида кўпайтириш орқали экспорт хажмларини ошириш, ёввойи ҳолдаги доривор ўсимликларни сақлаш ва майдонларини кенгайтириш масалалари кун тартибидаги муҳим вазифалардир.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу семинар Қорақалпоғистон республикаси ва вилоятлардаги мутахассислар ҳамда Тошкент давлат аграр университети магистрантлари ва илмий тадқиқотчилари учун мўлжалланган. Семинар давомида иштирокчилар доривор ва зиравор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, экспортига доир дунё давлатларида ва республикамизда олиб борилаётган ишлар билан танишиш, Тошкент ботаника боғидаги коллекциядаги ва “Геробофарм” МЧЖ томонидан етиштирилаётган доривор ўсимликлар билан танишиш, тажриба алмашиш имкониятига эга бўладилар. 

Манба: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар бизнинг @Uzpharm_agency telegram-каналида

Report Page