Янгиликлар

Янгиликлар

Uzpharmagency

2019 йил 13-14 сентябрь кунлари Наманган вилоятида яна бир йирик анжуман – “ХХ1 асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишда инвестиция ва инновациянинг роли” мавзуига бағишланган Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми ўтказилади.

Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган форумда жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлатидан 150 нафар хорижий компаниялар вакиллари ва тиббиёт соҳасининг етук олимлари қатнашиши кутилмоқда.

Форумнинг тантанали очилиш маросими Тўрақўрғон туманидаги “Ширинлик” маданият саройида бўлиб ўтади. Унда қатор давлатларнинг таниқли олимлари, сармоядорлари ва мутахассислари маърузалар билан чиқадилар. Куннинг иккинчи ярмида бешта йўналиш - эндокринология, кардиология, жарроҳлик, оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда фармацевтика бўйича секция йиғилишлари ўтказилади.Анжуман доирасида хорижий тадбиркорлар билан фармацевтикага оид меморандумлар имзолаш тадбирлари ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, 14 сентябрь куни эрталабдан тиббиёт соҳасининг таниқли намояндалари иштирокида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят перинатал марказида ва вилоят кардиология маркази ҳамда “Анамед” ва “Ойдин шифо” хусусий клиникаларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

Шунингдек, Россия Федерацияси Урал давлат тиббиёт университетининг Наманган давлат университетида ташкил этилган қўшма тиббиёт факультетининг очилиш маросимини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

- Форумдан кутилаётган асосий мақсад ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳадаги истиқболли бизнес режалар бўйича вилоятимизга инвестиция киритиш, янгидан-янги инновацияларни амалиётга татбиқ этиш, тиббиётда замонавий технологияларни қўллаш, фармацевтика саноатини тараққий эттиришдир, - дейди Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

(“Халқ сўзи”)

Report Page