Янгиликлар
Uzpharmagency
Жорий йилнинг 15 август куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги етакчи мутахассислари Хитойнинг Shaanxi YuanZheng Investment Group CO.Ltd фармацевтика компанияси раҳбарияти ва вакиллари билан учрашдилар.

Учрашувда икки томон қатор масалалар муҳокамасини ўтказдилар. Ўзбекистон Республикасида қизилмия ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхона ташкил этиш шулар жумласидандир.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлигининг Халқаро алоқалар ва инвестициялар жалб қилиш бўлими раҳбари Раҳима Мадраимова меҳмонларни Агентликнинг асосий вазифалари билан таништириб, улар орасида мамлакатнинг фармацевтика соҳасини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболлари устувор вазифалардан эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек, меҳмонлар давлатимиз томонидан фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, иқтисодиётнинг барча жабҳалари, хусусан, фармацевтика соҳасининг сармоявий жозибадорлиги ортиб бораётгани борасида атрофлича маълумот олдилар. “Фармацевтика республиканинг стратегик аҳамиятга эга жабҳаларидандир ва саноат ишлаб чиқаришида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди”, дея урғу берди Раҳима Мадраимова.

Shaanxi YuanZheng Investment Group CO.Ltd компанияси бош директори жаноб Ма Е мезбонларга компания фаолияти ҳақида батафсил гапириб берди. “Компаниянинг асосий фаолият йўналиши йирик электр энергияси лойиҳаларини, шунингдек, кўчмас мулк ва янги энергетик материалларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини сармоялаш ва амалга оширишдан иборат. Компаниянинг Хитой бўйлаб бир нечта бўлинмалари мавжуд ва бир неча йилдирки компания мамлакат бозорида етакчиликни қўлга киритиб келмоқда. Айтиш жоиз, компания ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаб бўйича ҳам муваффақиятли фаолият олиб бормоқда”, деди жаноб Ма Е.

Ўзбекистонда қулай сармоявий муҳит мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, компания қизилмия ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш корхонасини қуриш учун дастлабки 10 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлашни режалаштирмоқда, шунингдек, бир нечта жараённи ўз ичига олувчи кластер яратишни ҳам мўлжаллаган, яъни қизилмия ўсимлигини етиштиришдан тортиб қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва чиқиндилардан иккиламчи маҳсулот ишлаб чиқариш.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўсадиган доривор ўсимликларни, жумладан қизилмияни ўрганиш бўйича Ўзбекистон-Хитой илмий-тадқиқот марказини ҳам очиш режалар қаторидан ўрин олган. Истиқболда кадрлар алмашинувини ҳам йўлга қўйиш мақсад қилинмоқда.

Учрашув якунида, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги ва Shaanxi YuanZheng Investment Group CO.Ltd компанияси ўртасида ўзаро Англашув меморандуми ва ҳамкорлик битими имзоланди.
Манба: www.uzpharmagency.uz